Бавария ҳужум чизиғини кутилмаган трансфер билан кучайтирмоқчи

Мюнхеннинг Бавария клуби ёзги трансфер ойнасида кутилмаган юришни амалга ошириши мумкин. Таниқли инсайдер Fabrizio Romano берган хабарга кўра, Антонй Гордон трансфери амалга ошмагач, немис гранди эътиборини PSV Эиндҳовен ҳужумчиси Исмаел Саибари номзодига қаратган. Бу ҳақда Goal.com хабар беради.
Маълум қилинишича, Бавария ва Саибари ўртасида музокаралар аллақачон бошланган. Марокашлик футболчи шу ёзда Мюнхен клубига ўтишга тайёрлигини билдирган. Ҳозирда футболчи PSV раҳбарияти томонидан белгиланадиган трансфер нархини кутмоқда. Исмаел Саибари учун курашда Бавария билан бир қаторда Галатасарой ва Пари Сен-Жермен клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Голландиянинг Эиндҳовенс Дагблад нашри тасдиқлашича, PSV ўз етакчисини арзон нархга қўйиб юбормоқчи эмас. Клуб футболчи учун 60 миллион евродан ортиқ маблағ талаб қилиши кутилмоқда. Бу сумма Бавария учун тўсиқ бўлмаслиги мумкин, чунки клуб аввалроқ Антонй Гордон учун ҳам айнан шунча маблағ ажратган эди.
Шунингдек, Бавария таркибида ижарада ўйнаган Жоау Палиньи трансфери орқали қўшимча маблағ ишлаб олишни режалаштирмоқда. Хабарларга кўра, Тоттенхем ярим ҳимоячини 30 миллион еврога сотиб олиш ҳуқуқидан фойдаланмоқчи. Бу эса мюнхенликларга янги трансферлар учун бюджетни шакллантиришда ёрдам беради.
Бавария раҳбарияти келаси мавсум учун универсал ҳужумчи қидирмоқда. Клубга ҳам қанотларда, ҳам марказда Гарри Кейн ўрнини боса оладиган даражадаги футболчи керак. Исмаел Саибари айнан шундай талабларга жавоб берадиган номзод сифатида кўрилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!