Кембриж университети олимлари робот-ошпазни видеолар бўйича саккизта оддий рецептдан салат тайёрлаш учун дастурлаштирди. Робот бу вазифани муваффақиятли бажариб, тажриба якунида ўзи тўққизинчи рецептни ҳам ўйлаб топди.
Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, видеоконтент автоматлаштирилган таом тайёрлаш учун қимматли маълумотлар манбаи бўлиши мумкин. Бу, шунингдек, робот-ошпазларнинг фаолиятини йўлга қўйиш харажатларини камайтиради.
Илгари бир нечта компаниялар овқат тайёрлаш учун роботларнинг прототипларини тақдим этган, бироқ тайёр ечимлар сотувда пайдо бўлмаган, чунки улар овқат тайёрлаш кўникмаларига эга бўлиш борасида одамлардан анча орқада қолаётганди.
Илмий гуруҳ саккизта оддий салат рецептларини ишлаб чиқди ва уларнинг қандай тайёрланиши ҳақида видеоларни суратга олди. Кейин олимлар робот-ошпазга таом тайёрлашни ўргатиш учун нейротармоқдан фойдаланишди. Модель аллақачон турли хил маҳсулотларни, жумладан, саккизта рецептда ишлатиладиган мева ва сабзавотларни аниқлаш учун дастурлаштирилган.
Компьютер орқали кўриш техникасидан фойдаланган ҳолда робот видеонинг ҳар бир кадрини таҳлил қилиб, турли объектлар ва қўл ҳаракатларини аниқлай олди. Кўрилган 16 та видеодан робот 93% ҳолатда тўғри рецептни танлай олди. Шунингдек, робот видеодаги ошпазнинг ҳаракатларини 83% тўғри бажара олган.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг