date

Фикр кучи орқали парвоз: Neuralink технологияси орқали самолёт бошқарилди (видео)

Фикр кучи орқали парвоз: Neuralink технологияси орқали самолёт бошқарилди (видео)

Технология дунёсида яна бир тарихий воқеа рўй берди. Америкалик Алекс Конли исмли фуқаро — орқа мия жароҳати сабаб йиллар давомида ҳаракатлана олмаган бемор — энди ўз онги ёрдамида самолёт моделини бошқаришга муваффақ бўлди. Бу тажриба илмий жамоатчиликда катта қизиқиш уйғотди, деб хабар берди The Verge.

Алекс Конли илк бор Neuralink импланти ёрдамида робот қўлни бошқарганди. Аммо энди у миясидаги чипни компьютер тизимига улаб, анча мураккаброқ вазифани — самолёт моделини бошқаришни ўрганди. Бу унинг ҳаётида янги босқични бошлади.

Neuralink компанияси маълум қилишича, бундай имплант ҳозиргача 12 нафар беморга ўрнатилган. Улар мия орқали сигналлар юбориб, компьютер ўйинларини ўйнаш, курсорни ҳаракатлантириш ёки турли электрон қурилмаларни бошқариш имкониятига эга бўлишган.

Тадқиқотчиларнинг таъкидлашича, инсон миясидаги нейрон фаолият тўғридан-тўғри рақамли тизимга уланганда, фикрларни дастурий буйруққа айлантириш мумкин бўлади. Бунинг натижасида оғир жароҳатлар ёки ногиронлик туфайли ҳаракатлана олмайдиган инсонлар яна ҳаётга қайтиш имконига эга бўлишади.

Neuralink муҳандислари бу технологияни “инсон ва техника ўртасидаги табиий кўприк” деб атайди. Улар келгусида имплант имкониятларини кенгайтириш, ҳатто фикр орқали тўлиқ протезни бошқариш ёки интернет орқали маълумот юборишни ҳам режалаштирган.

Алекс Конлининг сўзларига кўра, илк марта самолёт моделини бошқарганида у “ўз миясининг қанчалик қудратли эканини ҳис қилган”. У бу дастурни бошқаларга ҳам умид ва илҳом манбаи бўлишига ишонади.

Мутахассислар Neuralink тажрибасини тиббиёт ва технология бирлашмасининг янги босқичи сифатида баҳоламоқда. Чунки бу ютуқ келажакда фақат ногиронлар учун эмас, балки бутун инсоният учун янги имкониятлар эшигини очиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Техно » Фикр кучи орқали парвоз: Neuralink технологияси орқали самолёт бошқарилди (видео)