
Смартфонлар инсон ҳаётининг деярли ҳар бир жабҳасида иштирок этаётган бугунги кунда уларнинг имкониятлари яна бир йўналишда кенгаймоқда. Саудия Арабистонидаги Қирол Абдулла номидаги Илмий-технологик университети олимлари организмнинг сув билан таъминланганлик даражасини — яъни гидратация ҳолатини оддий смартфон ёрдамида аниқлаш усулини яратди.
Олимлар замонавий смартфонларда мавжуд бўлган сиғимли сенсорлардан фойдаланиш орқали организмнинг сув баланси ҳақида маълумот олиш мумкинлигини исботлашди. Маълум бўлишича, бу сенсорлар фақатгина бармоқ зарядини аниқлаш билан чекланиб қолмай, терининг диэлектрик ўтиш қобилиятини — яъни заряд тўплаш имкониятини ҳам ўлчай олади. Бу кўрсаткич эса инсон организмдаги сув миқдори камайганда сезиларли даражада пасаяди.
Профессор Тариқ Ал-Нафури бошчилигидаги тадқиқотчилар жамоаси терининг диэлектрик хусусиятларидаги ўзгаришларга асосланган махсус машинали ўрганиш алгоритмини ишлаб чиққан. Бу алгоритм инсоннинг гидратация ҳолатини бешта асосий тоифага ажрата олади. Тажриба давомида 45 нафар инсон иштирок этди: уларнинг 35 нафари Рамазон давомида рўза тутувчи, 10 нафари эса турли интенсивликдаги машғулотлар билан шуғулланувчи спортчилар бўлди.
Тест жараёни жуда содда: иштирокчи фақат ўз бармоғини махсус сенсорга — смартфон экрани имитаторига қўяди ва ўзининг жинси ҳамда вазни ҳақида маълумот киритади. Ушбу маълумотлар асосида тизим организмдаги сув миқдори ҳақида деярли аниқ хулоса чиқаради. Тажриба натижаларига кўра, бу технология рўза тутаётганларда 87%, спортчиларда эса 92% аниқлик билан ишлаган.
Лойиҳа муаллифларидан бири — Сумиа Суиюсефнинг таъкидлашича, келгусида бу функцияни мобил иловага тўғридан-тўғри интеграция қилиш мумкин бўлади. Шу тариқа, ҳар бир фойдаланувчи ўз смартфони орқали организмдаги суюқлик мувозанатини доимий назорат қилиш имконига эга бўлади.
Бу инновацион ютуқ наfaqat спортчилар, балки соғлиғига эътибор берувчи ҳар қандай инсон учун фойдали кундалик функцияга айланиши кутилмоқда. Сувсизланиш — кўплаб саломатлик муаммоларининг илк сабабларидан бири бўлгани учун, ушбу ихтиро келажакда тиббиёт ва мобил технологиялар кесишмасида муҳим қадам бўлиши мумкин. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар