date

Ўзбекистонда зилзилани олдиндан башорат қилиш тизими йўлга қўйилади

Ўзбекистонда зилзилани олдиндан башорат қилиш тизими йўлга қўйилади

Президент томонидан «Сейсмик хавфсизликни таъминлаш ҳамда сейсмология соҳасидаги ишлар самарадорлигини янада оширишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармон имзоланди.

Ҳужжат мамлакатда зилзила хавфини олдиндан башорат қилиш, хавфсиз инфратузилмани яратиш ва сунъий интеллект технологияларини амалиётга татбиқ этишни назарда тутади.

Фармоннинг асосий йўналишларидан бири – маданий мерос объектлари ҳамда йўл-транспорт иншоотларининг зилзилабардошлигини доимий мониторинг қилиш тизимини шакллантиришдир. Шунингдек, сейсмик хавфсизлик соҳасини рақамлаштириш, сунъий интеллект орқали маълумотларни таҳлил қилиш ва қурилиш майдонларида грунт мустаҳкамлигини баҳолаш каби чоралар белгиланди.

2026 йил 1 январдан бошлаб “А-373” ва “М-39” автомобиль йўллари ҳамда уларга туташ тоғли ҳудудлардаги темирйўллар орқали радиолокацион космик мониторинг тизими ишга туширилади. Бу тизим кўчки хавфини доимий равишда кузатиб боради.

Шунингдек, сейсмик фаол ҳудудларда сунъий интеллект ёрдамида кучли зилзилаларни ўрта ва узоқ муддатли прогноз қилиш тизими йўлга қўйилади.

Дастлабки босқичда бу амалиёт Тошкент шаҳрида тажриба тариқасида йўлга қўйилади. 2026 йил 1 мартдан эса бино ва иншоотларнинг зилзилабардошлиги сунъий интеллект таҳлили орқали баҳоланади.

Фармоннинг мақсади — табиий офатлар оқибатларини олдиндан башорат қилиш ва фуқаролар хавфсизлигини таъминлашни янги босқичга кўтаришдир.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Ўзбекистонда зилзилани олдиндан башорат қилиш тизими йўлга қўйилади