date

Шавкат Мирзиёев: “Сунъий интеллект – янги цивилизация пойдевори”

Шавкат Мирзиёев: “Сунъий интеллект – янги цивилизация пойдевори”

Бугун, 21 октябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида сунъий интеллект технологияларини ривожлантиришга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди, деб ёзди president.uz.

Йиғилиш аввалида давлат раҳбари сунъий интеллект инсониятни янги цивилизация босқичига олиб киришини таъкидлади.

«Бугун бутун дунё сунъий интеллект асрига кирди. Бу технологиялар иқтисодиётдан тортиб таълим, тиббиёт, қишлоқ хўжалиги ва бошқарув тизимларигача чуқур кириб бормоқда. Ким изланса ва натижа берса — шу ғолиб бўлади», деди Президент.

Ҳисоб-китобларга кўра, 2030 йилга бориб дунёда сунъий интеллект бозори ҳажми 20 триллион доллардан ошиб кетиши кутилмоқда. Ўзбекистон ҳам бу соҳада изчил ҳаракат қилмоқда: соҳани ривожлантириш бўйича махсус қарор қабул қилинди, ҳуқуқий асослар яратилди.

Қисқа вақт ичида давлат хизматлари, банк ва молия, хавфсизлик ҳамда транспорт йўналишларида 30 дан зиёд пилот лойиҳалар амалга оширилди. Шу билан бирга, 2030 йилга қадар сунъий интеллектга асосланган хизматлар ҳажмини 1,5 миллиард долларга етказиш режалаштирилган эди, аммо халқаро экспертлар мамлакат салоҳиятини 10 миллиард долларга баҳоламоқда.

Президент вазирлик ва ҳокимликлар раҳбарларига ҳафтасига камида бир кунни сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга бағишлашни топширди.

«Ҳар бир раҳбар чет элда бу технологиялар қандай фойда бераётганини кўряпти. Бизда ҳам шундай тизимни жорий қилиш мумкин — фақат интилиш керак», деди Шавкат Мирзиёев.

Йиғилишда айниқса иқтисодий самарадорлик мисоллар келтирилди. Кўплаб корхоналар рақамлаштириш ҳисобига харажатларни 10 фоизгача камайтирган. Агар сунъий интеллект қўшилса, бу рақам янада ошиши таъкидланди.

Айрим соҳаларда сунъий интеллект амалда самара бермоқда: адлия ва солиқ идоралари онлайн маслаҳат тизимини йўлга қўйган, божхона хавфларни бошқариш тизимини автоматлаштирган, геология соҳасида эса видеотаҳлил орқали рудалардаги металл ҳосилдорлигини 1–2 фоизга ошириш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда.

Бу фақат геологик йўналишининг ўзида йилига 20 миллион долларлик қўшимча даромад бериши мумкинлиги қайд этилди.

Йиғилиш якунида давлат раҳбари сунъий интеллектни жорий этиш нафақат иқтисодий ўсиш, балки мамлакатнинг янги тараққиёт босқичига чиқиш гарови эканини таъкидлади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » Шавкат Мирзиёев: “Сунъий интеллект – янги цивилизация пойдевори”