date

OpenAI янги даврни бошлади: ChatGPT Atlas — сунъий интеллектли браузер тақдим этилди

OpenAI янги даврни бошлади: ChatGPT Atlas — сунъий интеллектли браузер тақдим этилди

21 октябрь куни америкалик OpenAI компанияси навбатдаги инновациясини жамоатчиликка намойиш қилди — ChatGPT Atlas деб номланган сунъий интеллектли браузер тақдим этилди. Бу маҳсулот интернетдаги иш услубини тубдан ўзгартириши мумкин, деб ёзди chatgpt.com.

OpenAI маълумотларига кўра, янги браузернинг асосий вазифаси — фойдаланувчига вақтни тежаш ва ахборотни тезроқ таҳлил қилиш имконини бериш. Atlas ёрдамида исталган веб-сайтда чат-ботни ёниқ панел орқали чақириш мумкин бўлади. У турли вазифаларни бажаради: мақолаларни қисқача баён қилади, маҳсулотларни солиштиради ёки маълумотларни таҳлил қилади.

Шунингдек, браузер фақат саҳифаларни кўриш билан чекланмайди. Агар фойдаланувчи ҳужжат, электрон хат ёки тақвимдаги таклифномада маълум бир сўзни белгиласа, ChatGPT дарҳол ёрдамчи сифатида пайдо бўлади.

Компания таъкидлашича, браузернинг “агент режими” харидларни амалга ошириш имконини ҳам тақдим этади. Бу дегани, ChatGPT фойдаланувчи номидан онлайн дўконларда буюртма бериши ёки зарур маълумотларни автоматик тўлдириши мумкин.

Reuters хабарига кўра, Atlas браузери ҳатто ресторанларда жой банд қилиш ёки веб-сайтлардаги шаклларни тўлдириш вазифаларини ҳам мустақил бажара олади.

ChatGPT Atlas ҳозирча macOS тизимида юклаб олиш учун очиқ. Яқин вақт ичида Windows, iOS ва Android учун мос версиялар ҳам тақдим этилиши кутилмоқда.

OpenAI вакиллари бу браузерни “ахборотни фақат излаш эмас, уни тушуниш ва ундан фойдаланиш” имконини берувчи янги босқич сифатида таърифлашмоқда.

Айтиш жоизки, сунъий интеллект асосидаги браузерлар бозорида рақобат кучаймоқда. Google ўзининг Gemini чат-ботини Chrome браузерига қўшган бўлса, Perplexity компанияси Comet AI номли браузерини ишга туширган. Microsoft эса Edge браузерида Copilot сунъий интеллект режими билан ишлайди.

OpenAIнинг Atlas браузери эса бу рақобатда янги босқични белгилаши мумкин — у нафақат маълумот излашни, балки тўлиқ рақамли ёрдамчи бўлишни мақсад қилган.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Техно » OpenAI янги даврни бошлади: ChatGPT Atlas — сунъий интеллектли браузер тақдим этилди