Ўзбекистон U-20 ёшлар терма жамоаси ноябр ойида бўлиб ўтадиган ФИФА кунларида Хитойдаги халқаро ўртоқлик турнирида иштирок этади, деб хабар берди Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати. Бу мусобақа Равшан Ҳайдаров бошқарувидаги ёш футболчилар учун Осиё кубоги олдидан муҳим синов бўлади.
Баҳслар 12, 15 ва 18 ноябрь кунлари “Ченгду Сичуан” стадионида бўлиб ўтади. Турнир доирасида Ўзбекистон ёшлар термаси Вьетнам, Хитой ҳамда Корея Республикаси ёшлар жамоаларига қарши баҳс олиб боради.
Ўзбекистон ва Корея ўртасидаги ўйин расмий ўртоқлик баҳси эмас, балки машғулот ўйини мақомида ўтказилади. Бу қарор ҳар икки жамоа Осиё кубогида бир гуруҳдан жой олгани сабабли қабул қилинган. Шу боис беллашув асосий тайёргарлик жараёнининг муҳим қисми сифатида кўрилади.
Вьетнам ва Хитойга қарши учрашувлар эса расмий ўртоқлик баҳси сифатида ўтказилади. Мусобақа давомида мураббийлар таркибдаги янги номзодларни синовдан ўтказиш, тактик схема ва жамоавий ўйинни такомиллаштиришни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон U-20 жамоаси аввалроқ Қозоғистон U-21 термасига қарши ўртоқлик баҳси ўтказиб, ишончли ғалабага эришганди. Бу натижа ёш футболчиларнинг жамоавий ўйинда ўсиш борлигини кўрсатган эди.
Равшан Ҳайдаров таъкидлаганидек, Хитойдаги турнир ёшлар учун халқаро тажриба тўплаш ва жамоавий бирдамликни кучайтириш имконини беради. Мураббий фикрича, шогирдлар Осиё кубогигача бўлган вақтни самарали фойдаланиш ва асосий таркибни шакллантиришга қаратган ҳолда ҳаракат қилмоқда.
Шу тариқа, “оқ бўрилар” учун Хитойдаги беллашувлар катта мусобақалар олдидан жиддий синов ва тажриба майдони бўлиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!