Аввал бошданоқ сизни огоҳлантирамиз: “аллергия келтириб чиқармайдиган” ва “аллергияни даволовчи” маҳсулотнинг ўзи йўқ. Бирор нарса истеъмол қилганда бир зумда бурун оқиши, кўз ёшланиши ва терининг қизариши юз бериши ҳамиша кутилган ҳолатдир.
Аммо аюрведа ва натуропатияда баъзи маҳсулотлар антигистаминларнинг аналоглари ҳисобланади. Яъни аллергеннинг танага кириб боришига жавобан ажралиб чиқиб, бурун оқиши ва йўтал каби нохуш аломатларни келтириб чиқарадиган гистаминнинг фаоллигини бостирадиган дорилар.
Ушбу озиқ-овқатларнинг кўпчилигининг самарадорлиги фақат оз сонли тадқиқотлар билан тасдиқланган. Шу боис фактларга асосланган тиббиёт нуқтаи назаридан улар дори воситаларининг ўрнини боса олмайди.
Гистаминни ўз ичига олган маҳсулотларга қуйидагилар киради:
- Дудланган, тузланган ва музлатилган балиқ, айниқса, скумбрия, селд, тунес;
- Пишлоқ — пармесан, камембер, эмментал, гоуда каби турлари;
- Колбаса;
- Консервалар;
- Тузланган карам;
- Шампан ва бошқа винолар;
- Цитрус мевалари;
- Ёнғоқлар;
- Исмалоқ;
- Помидор;
- Қулупнай;
- Қора ва кўк чой.
Ушбу рўйхатни эслаб қолинг, бизга кейинроқ керак бўлади.
Аллергияни қайси озиқ-овқатлар енгиллаштиради?
C витаминига бой озиқ-овқатлар
Олимларнинг таъкидлашича, аллергик реакцияларнинг ривожланишида оксидловчи стресс асосий рол ўйнаши мумкин. C витамини тан олинган кучли антиоксидантдир. Бу шуни англатадики, у эркин радикаллар миқдорини самарали равишда камайтиради ва шу тариқа аллергиядан халос қилади. Аллергия билан оғриган беморларга аскорбин кислотага бой овқатларга таяниш тавсия этилади:
- Қизил булғор қалампири;
- Брокколи;
- Гулкарам;
- Цитрус мевалари: лимон, апелсин, грейфрут.
- Киви;
- Қулупнай;
- Қора смородина;
- Исмалоқ;
- Помидор ва помидор шарбати.
Картошка ва гулкарам шубҳа уйғотмаса ҳам, апелсин ва қулупнай аллергия кучайиши пайтида жуда шубҳали кўринади. Уларнинг ўзлари ҳужайраларнинг гистамин чиқаришига олиб келади ва “псевдо-аллергия” чақириши мумкин. Бу ҳолда C витаминининг таъсири кучлироқ бўлиши эса факт эмас.
Масалан, кичик бир тадқиқот шуни кўрсатдики, C витаминининг юқори дозаларини томир ичига юбориш аллергия аломатларини сезиларли даражада камайтиради. 100 грамм қулупнайда 60 мг витамин мавжуд. Шу тариқа бир хил миқдорни олиш учун тахминан 12,5 кг гистаминга бой резаворлар истеъмол қилиш керак. Бироқ қулупнайнинг бу миқдори ҳам етарли бўлмайди, чунки томир ичига юбориш билан препаратнинг кўп миқдори органларга киради.
Бошқа бир тадқиқот шуни кўрсатдики, кунига 2 грамм аскорбин кислотаси қабул қилиш 10 кишида қондаги гистамин даражасини 38 фоизга камайтиради. Бу атиги 3 килограмм қулупнайга тенг. Лекин бу ҳам қандайдир реал ҳолат эмас.
Учинчи гуруҳ олимлари 60 нафар аллергияга чалинган одамнинг бурнига аскорбин кислотаси сепди. Маълум бўлишича, бундай инфузиялардан сўнг тадқиқот иштирокчиларининг 74 фоизида симптомлар камайган.
Кверсетинга бой маҳсулотлар
Бу модда кўплаб ўсимлик маҳсулотларида мавжуд бўлган антиоксидантдир. C витамини сингари у ҳам оксидловчи стресс билан курашади ва шу билан аллергия аломатларини енгиллаштиради.
Сичқонларда ўтказилган тадқиқотларнинг бирида кверсетин қўшилиши аллергик астманинг нафас олиш белгиларини камайтиришга ёрдам бериши аниқланди. Аммо C витамини мисолида бўлгани каби бу модданинг одамлар учун дориларнинг самарали аналоги сифатида кўриб чиқиш учун ҳали ҳам етарли илмий ишлар мавжуд эмас.
Кверсетин қуйидаги озиқ-овқатларда мавжуд:
- Қизил олма;
- Малина;
- Смородина;
- Клюква;
- Черника;
- Қулупнай;
- Гилос ва олча;
- Қора ва кўк чой;
- Брокколи;
- Узум;
- Қизил пиёз;
- Қизил вино;
- Помидор;
- Сариқ ва яшил булғор қалампири.
Шунингдек, бу аллергиянинг кучайиши пайтида нотўғри овқатланишдир. Ахир рўйхатдаги маҳсулотларнинг кўпи гистамин чиқариши маълум.
Таркибида омега-3 ёғ кислоталари бўлган маҳсулотлар
Яллиғланишга қарши таъсири туфайли омега-3 ёғ кислоталари аллергик астма аломатларини камайтириши мумкин. Бу таъсир камида бир нечта тадқиқотларда кузатилган. Бироқ улар ҳам омега-3ни антиаллергик дори сифатида таснифлаш учун етарли эмас.
Омега-3 ёғ кислоталарининг манбаларига қуйидагилар киради:
- Ёғли ва ўртача ёғли денгиз балиқлари: лосос, скумбрия, тунес, сардиня;
- Денгиз маҳсулотлари — мидия, қисқичбақалар;
- Қизил ва қора икра;
- Ёнғоқ ва уруғлар, айниқса, ёнғоқ, чиа ва зиғир уруғлари омега-3 га бой;
- Ўсимлик мойлари: зиғир, соя, канола;
- Балиқ ёғлари;
- Исмалоқ;
- Сут маҳсулотлари ва болаларнинг қўшимча кашалари каби омега-3 билан махсус бойитилган овқатлар.
Ва яна рўйхатда аллергияни енгиллаштирмайдиган, аксинча, кучайтирадиган маҳсулотлар бор. Шу боис омега-3 аллергияга ёрдам берса ҳам, уни ёнғоқ ва икрадан эмас, балки қўшимчалардан олиш яхшироқдир.
Қайси озиқ-овқатлар ҳақиқатан ҳам аллергияни енгиллаштиради?
Аллергияни унинг кучайишга олиб келадиган аллергенларни ва организмда гистамин ишлаб чиқаришга сабаб бўладиган озиқ-овқатларни диетадан чиқариб ташлаш орқали камайтириш мумкин. Бундай овқатланиш бартараф этиш деб аталади.
Аллергия вақтида парҳез натижаларини кўрсатиши учун вақт керак. Симптомлар яхшиланмагунча одатда 4-8 ҳафта ўтади. Ушбу даврда шифокорлар озиқ-овқат кундалигини сақлашни ва унда бемор тановул қиладиган барча нарсаларни қайд этишни тавсия қиладилар.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг