
Ҳаётимизнинг катта қисми иш жойида ўтади ва бу муҳитдаги руҳий ҳолат ҳамда касб хусусиятлари соғлиққа қандай таъсир кўрсатишини кўпчилик чуқур ўйлаб ҳам кўрмайди. Бироқ, Каролина институтининг энг сўнгги илмий тадқиқоти эълон қилинганидан сўнг, жамоавий мулоқот ва ҳиссий юкнинг инсон саломатлигига қандай таъсир қилиши масаласи яна бир бор доимий эътибор марказига чиқди.
Швециядаги Каролина институти олимлари 2005 йилгача 30 ёшдан 60 ёшгача бўлган, аввал қандли диабет ёки уни даволаш билан боғлиқ муаммолари бўлмаган уч миллионга яқин киши маълумотларини чуқур таҳлил қилди. Улар аниқладилар: доимий равишда одамлар билан тўғридан-тўғри мулоқот талаб этиладиган касбларда ишловчи инсонларда иккинчи тур қандли диабет ривожланиш эҳтимоли анча юқори экан. Бу хавф эркакларда ўртача 20 фоиз, аёлларда эса 24 фоизга ошади.
Мутахассислар одамлар билан мулоқот сони, мижоз ва беморлар муаммосини ҳал қилиш билан боғлиқ ҳиссий юк, иш жамоасидаги можаролар ва қўллаб-қувватлаш даражасига алоҳида эътибор қаратди. Агар қўшимча равишда мунтазам келишмовчиликлар ва низолар бўлса, қандли диабет ривожланиш хавфи эркакларда яна 15 фоизга, аёлларда эса 20 фоизга ошиши аниқланган.
Ҳиссий жиҳатдан энг кўп таъсирланадиганлар эса, албатта, тиббиёт, таълим, ижтимоий хизматлар соҳаларида ишловчи аёллар бўлиб чиқди. Бундай касб эгаларида қандли диабет билан касалланиш хавфи жамоада қўллаб-қувватлашга эга бўлган ва тенгдошлари билан ҳамжиҳат ишлайдиган аёлларга нисбатан 47 фоизга юқори эканлиги исботланди.
Тадқиқотга кўра, доимий стресс симпатик нерв тизими ва гипоталамус-гипофиз-буйрак усти безлари тизимини ҳаддан ташқари фаоллаштиради, бу эса организмда кортизол ишлаб чиқарилишини ортишига ва инсулинга резистентликка сабаб бўлади. Ушбу жараён ҳужайраларнинг инсулинга сезгирлигини пасайтиради ва, бундан ташқари, яллиғланиш билан боғлиқ бўлган цитокинлар даражасини оширади. Бундай ҳолатда сурункали стресс вақти ўтиши билан метаболик бузилишларни келтириб чиқариши мумкин.
Олимлар ушбу таҳлилларда иштирокчиларнинг турмуш тарзи, овқатланиш одатлари, жисмоний фаоллиги каби индивидуал омилларни ҳисобга олмаган бўлсалар-да, жамоадаги ижтимоий муҳит ва қўллаб-қувватлаш даражаси метаболик саломатлик билан чамбарчас боғлиқ эканлигини очиқ кўрсатиб беришди.
Тадқиқот муаллифлари эҳтиёж юқори бўлган, доимий мулоқот ва стресс билан боғлиқ касб эгалари учун қандли диабетнинг олдини олиш ва соғлом турмуш тарзини қўллаб-қувватлаш чораларини қайта кўриб чиқиш зарурлигини уқтиради. Зеро, бугунги кун иш муҳитидаги эмоционал босим фақат руҳий эмас, балки тўғридан-тўғри жисмоний саломатлик учун ҳам катта таҳдид бўлиши мумкин.
Ҳозирги замонда ўз иш фаолиятида эмоционал жиҳатдан катта юк оладиганлар ўз саломатлигига янада кўпроқ эътибор қаратиши, муаммолар ва стрессларни енгиллаштириш учун барча имкониятлардан фойдаланиши мақсадга мувофиқ. Чунки эҳтирос билан бошланган иш кунлари саломатлик учун кўзга кўринмас хавфларни яширади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар