
Бугун давлат раҳбари иштирокида ўтказилган йиғилишда соғлиқни сақлаш тизимини янада такомиллаштиришга қаратилган муҳим ва кескин қарорлар қабул қилинди. Йиғилишда биргина туман мисолида 12 мингдан зиёд аҳолига тиббий хизмат кўрсатаётган 7 та йирик ҳамда 27 та кичик поликлиникаларнинг тубдан қайта ташкил қилиниши белгилаб берилди.
Ушбу янгиланишлар доирасида туман марказий поликлиникаси энди туман шифохонаси қошидаги замонавий маслаҳат-диагностика марказига айлантирилади. Бу ерда аҳолига тор соҳа мутахассислари – кардиолог, эндокринолог, онколог каби юқори малакали тиббий ходимлар хизмат кўрсатадиган бўлади.
Қабул қилинган қарорлар билан тиббий ходимларнинг ижтимоий-иқтисодий шароитини яхшилаш ҳамда уларнинг иш самарадорлигини ошириш кўзда тутилган. Жумладан, янгиланган поликлиникаларда иш бошлайдиган оилавий шифокорларнинг базавий ойлиги 500 доллар, ҳамшираларнинг ойлиги эса 300 доллар бўлиши белгиланди.
Шу билан бирга, тиббиёт ходимлари ўз малакаларини ошириб, тегишли сертификат оладиган бўлсалар, базавий маошига яна шунча миқдорда устама қўшилади. Бу дегани, малакали шифокорлар камида 1000 доллар, ҳамширалар эса 600 доллар базавий иш ҳақига эга бўладилар.
Президент бу борада яна бир муҳим жиҳатга алоҳида эътибор қаратди. Агар тиббиёт ходимлари ўз маҳаллаларида уйма-уй юриб, аҳолининг саломатлиги ҳолатини кузатиб боришса, сурункали касалликларга чалинганларни доимий назоратга олиб, уларга касалликни бошқариш бўйича амалий ёрдам кўрсатишса, оғир касалликларнинг эрта босқичда аниқланишини таъминлаб, фавқулодда вазиятларнинг олдини олишса, уларга қўшимча моддий рағбат бериш чоралари кўрилади.
Масалан, инфаркт, инсульт, онкология ва диабет каби хавфли касалликларни ўз вақтида аниқлаб, аҳолининг тез тиббий ёрдам ва стационарларга мурожаатини сезиларли даражада камайтиришга эришган шифокорларга яна 500 доллар, ҳамшираларга эса яна 300 доллар қўшимча бонус тўланадиган бўлди.
Натижада, юқори малакали ва самарали ишлаган оилавий шифокорларнинг ойлиги 1500 долларгача, ҳамшираларнинг ойлиги эса 600-800 долларгача етади.
Президент бу ислоҳотларнинг асосий мақсади шифокорлар ва ҳамшираларнинг нафақат ойлигини ошириш, балки умуман инсон қадрини юксалтириш эканлигини алоҳида таъкидлади.
Эндиликда маҳаллаларда аҳолининг саломатлиги билан боғлиқ ҳар қандай оғир ҳолат – инфаркт, инсульт, оналар ва болаларнинг эрта ўлими, сурункали касалликлар оқибатида келиб чиққан ногиронлик фавқулодда ҳолат сифатида қабул қилинади.
Бу каби ўзгаришлар аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш ва тиббиёт хизматлари сифатини янги босқичга олиб чиқишда тарихий аҳамият касб этиши кутилмоқда. Тиббиёт соҳасидаги бу ўзгаришлар халқимиз учун узоқ кутилган ижобий янгиликдир.
Соғлиқни СақлашТиббиёт ИслоҳотлариШифокорларнинг ОйлигиАҳоли СаломатлигиПоликлиникалар ЯнгиланишИжтимоий-Иқтисодий Шароит Янгиликлар
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар