
Туркия суди Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу, мудофаа вазири Исроил Кац, миллий хавфсизлик вазири Итамар Бен-Гвир, Исроил армияси бошлиғи генерал Эйол Замир ва денгиз кучлари қўмондони Давид Саламани ҳибсга олишга ордер берди. Бу ҳақда Истанбул прокуратураси баёнотига таяниб Anadolu хабар берди.
Маълумотларга кўра, жами 37 нафар шахсга қарши айблов қўйилган бўлиб, улар 2023 йилдан буён Ғазода амалга оширилган ҳарбий ҳаракатлар чоғида "тизимли равишда амалга оширилган геноцид ва инсониятга қарши жиноятлар" да айбланмоқда.
Баёнотда айтилишича, айбловларга асос бўлган ҳолатлар орасида 6 ёшли Ҳинд Ражабнинг Исроил аскарлари томонидан ўлдирилиши, 2023 йил 17 октябрда “Ал-Аҳли” баптист касалхонасига қилинган ҳужумда 500 нафар киши ҳалок бўлиши, шунингдек, 2024 йил 29 февралда тиббий ускуналарнинг атайлаб вайрон қилиниши ва 2025 йил 21 мартда Туркия–Фаластин дўстлик касалхонасининг бомбардимон қилиниши каби ҳолатлар келтирилган.
Шунингдек, прокуратура Ғазо тўлиқ тўсиб қўйилгани ва жабрланганларга гуманитар ёрдам етказилишига тўсқинлик қилинганини таъкидлаган.
Туркия расмийлари бу қарорни “инсоният шаънини ҳимоя қилиш йўлидаги ҳуқуқий қадам” сифатида баҳоламоқда. Шу билан бирга, айбловларга жавобан Исроил ҳукумати ҳозирча расмий изоҳ бермаган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!