
2025 йил 9 июн куни мамлакатимиз ҳуқуқий тизимида муҳим қадам ташланди — қатор қонун ҳужжатларига аҳамиятли ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди. Янги қабул қилинган қонун фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини янада кафолатлашга қаратилган бўлиб, айниқса, жиноят-процессуал ва суд органларига оид нормалар янгича руҳда шакллантирилди.
Энг аввало, Жиноят-процессуал кодексида муҳим ўзгариш қайд этилди — эндиликда гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи шахс ҳар қандай босқичда сукут сақлаш ҳуқуқидан эркин фойдаланиши мумкин. Бу эса унинг ҳимояда бўлиш ҳуқуқини амалда таъминлашга хизмат қилади.
Яна бир муҳим жиҳат: шахс томонидан айбини тан олиши энди фақатгина бир далилга асосланадиган ҳолатда уни айбдор, деб топиш учун етарли асос ҳисобланмайди. Бу норма айбловчиларнинг ишончли ва бир нечта мустақил далиллар асосида ҳаракат қилиши зарурлигини белгилаб беради.
Бундан ташқари, “Судлар тўғрисида”ги қонунда ҳам туб янгиликлар бор. Эндиликда судялар фақат қонунда аниқ кўрсатилган ҳолатларда ва тартибда вазифадан четлатилиши, ваколатлари тўхтатилиши ёки бошқа лавозимга ўтказилиши мумкин. Шунингдек, судялар муайян ишлар бўйича ҳисобдор ҳисобланмайди.
Бу ўзгаришлар судья мустақиллиги ва одил судловга нисбатан жамият ишончини янада мустаҳкамлайди. Демак, суд органлари энди ташқи таъсирлардан холироқ, ҳар қандай ишга фақат қонун асосида ёндашади.
Мазкур қонун расмий эълон қилинган санадан бошлаб кучга кирди ва амалиётда ўз таъсирини кўрсатишни бошлади. Умид қиламизки, ушбу янгиликлар мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари, адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда яна бир муҳим босқичга айланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар