Ўзбекистон бўйича болалар ва ўсмирлар хоккей чемпионати расман старт олди. Турнир 26 сентябр куни Humo Arena муз майдонида 14U ёш тоифасидаги жамоалар ўйинлари билан бошланди.
Дастлабки баҳсда Олмаотанинг «Рахимжан» жамоаси Тошкентнинг «Бинкор» клубига қарши майдонга тушди. Асосий вақт 2:2 ҳисобида якунланди. «Рахимжан» сафида Янис Кософиди ва Дмитрий Сухов гол урди, «Бинкор» учун эса Тўрахонов Аъзамхон ҳамда Матвей Ильясов ҳисобни тенглаштирди. Қўшимча вақтда яна Матвей Ильясов гол киритиб, дубликатга эришди ва «Бинкор»га 3:2 ҳисобида ғалаба келтирди.
Куннинг иккинчи учрашувида Олмаотанинг «Алма-Ата» жамоаси Тошкентнинг «Humo Sky» клубини 7:1 ҳисобида мағлуб этди. «Ҳумо» сафидаги ягона гол муаллифи Егор Воронин бўлди.
Чемпионатнинг қолган ўйинлари ҳам томошабоп ва қизғин ўтиши кутилмоқда. Ўйинлар тақвими ва янгиликлар Ўзбекистон хоккей федерациясининг расмий сайти ҳамда ижтимоий тармоқларида эълон қилиб борилади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!