Дунё бўйлаб сигарет ва электрон тамаки воситаларидан фойдаланиш ҳали ҳам жуда юқори даражада эканлиги маълум бўлди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ)нинг 6 октябрдаги янги ҳисоботига кўра, сайёрада 100 миллиондан ортиқ одам, жумладан 15 миллион ўсмир сигарет чекиши аниқланган, деб хабар берди ЖССТ.
Ҳисоботда қайд этилишича, 13–15 ёш оралиғидаги ўсмирлар орасида электрон сигарет ва вэйпдан фойдаланувчилар сони тахминан 15 миллион нафарга етган. Бу рақамлар ота-оналар ва таълим муассасалари учун жиддий хавотир уйғотмоқда, чунки никотин истеъмоли кўпинча ёшликда бошланади ва кейинги ҳаётда тўлиқ қарамликка олиб келиши мумкин.
Шунингдек, 15 ёш ва ундан катталарнинг камида 86 миллиони электрон сигарет чекиши маълум қилинган. Бу катталар аҳолисининг 1,9 фоизини ташкил этади — эркаклар орасида бу кўрсаткич 2,3 фоиз, аёллар орасида эса 1,5 фоиз.
ЖССТнинг юқумсиз касалликлар, ногиронлик ва зўравонликнинг олдини олиш департаменти директори Этен Кругнинг таъкидлашича, электрон сигаретлар “никотинга қарамликнинг янги тўлқинини келтириб чиқармоқда”. Унинг сўзларига кўра, электрон сигаретлар чекишнинг “зарарсиз альтернативаси” сифатида реклама қилинса-да, аслида улар болаларни эрта ёшдан никотин билан таништириб, соғлом авлодни хавф остига қўймоқда.
Круг таъкидлаганидек, бу тенденция дунё бўйлаб соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш йўлидаги кўп йиллик ислоҳотларга таҳдид солмоқда. “Электрон сигаретлар ва вэйплар жамиятда тамаки истеъмолини камайтириш эмас, балки унинг янги шаклини яратиб қўйди”, — деди у.
ЖССТ маълумотларига кўра, 2000 йилда дунё бўйлаб 1,38 миллиард киши тамаки истеъмол қилган бўлса, 2024 йилда бу рақам 1,2 миллиардгача камайган. Яъни сўнгги йигирма йилда чекиш 120 миллион кишига ёки 27 фоизга қисқарган.
Аёллар орасида сигарет чекиш улуши 2010 йилдаги 11 фоиздан 2024 йилда 6,6 фоизга тушган. Эркаклар орасида эса бу кўрсаткич 41,4 фоиздан 32,5 фоизга камайган. Бу пасайишга қарамасдан, дунёдаги ҳар бешинчи катта ёшли одам ҳануз сигарет чекишни давом эттирмоқда.
ЖССТ ҳисоботи 2014–2024 йиллар оралиғида дунё аҳолисининг 75 фоизини қамраб олган 85 мамлакат маълумотларига асосланган. Шу билан бирга, 62 мамлакат ҳануз болалар ўртасида сигарет истеъмолига қарши аниқ чоралар кўрмаган, 74 мамлакатда эса чекувчи маҳсулотларни сотиб олиш учун белгиланган минимал ёш чегараси йўқ.
Муттахассислар фикрича, бу ҳолат жаҳон миқёсида никотинга боғлиқликни янада кучайтиради. Бироқ ЖССТнинг умумий хулосаси оптимистик — жаҳонда тамаки истеъмоли секин-аста камайиб бормоқда. Ташкилот мамлакатларни болалар соғлиғини ҳимоя қилиш, реклама ва савдога чекловлар қўйиш ҳамда профилактик дастурларни кучайтиришга чақирмоқда.
Шундай қилиб, рақамлар шунни кўрсатадики, инсоният никотинга қарши курашда маълум натижаларга эришган бўлса-да, бу кураш ҳали якунлангани йўқ. Никотинга боғлиқлик XXI асрнинг энг катта соғломлик синовларидан бири бўлиб қолмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!