
Ўзбекистонда экологияни софлаштириш ва табиий муҳитни тиклаш йўлида муҳим қадам ташланди. Чиқиндиларни бошқариш ва циркуляр иқтисодиётни ривожлантириш агентлиги маълумотларига кўра, мамлакат бўйлаб жами 47 та маиший чиқинди полигони ёпилди. Бунинг натижасида 90 гектардан зиёд ер майдони табиатга қайтарилди.
Маълумотга кўра, 2024–2025 йиллар давомида Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда Андижон, Бухоро, Қашқадарё, Наманган, Самарқанд, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида экологик тикланиш ишлари амалга оширилган. Полигонлар рекултивация қилиниб, уларнинг усти тупроқ қатламлари билан ёпилган.
2024 йилда амалга оширилган ишлар:
Қорақалпоғистон — 1 та полигон (11 га),
Андижон — 6 та (14,9 га),
Бухоро — 1 та (0,5 га),
Қашқадарё — 5 та (19,15 га),
Наманган — 3 та (5,38 га),
Самарқанд — 1 та (2,4 га),
Тошкент — 3 та (9,58 га),
Фарғона — 6 та (17,11 га),
Хоразм — 1 та (1 га).
2025 йилда эса, республика бўйича яна 18 та чиқинди полигонида рекултивация ишлари якунланди. Бу ҳудудлар умумий ҳисобда 81,68 гектарни ташкил этди.
Шу билан мамлакатдаги мавжуд 185 та чиқинди полигонининг 47 тасида қайта тиклаш ишлари амалга оширилди. Қолган ҳудудларда ҳам босқичма-босқич экологик чора-тадбирлар режалаштирилган.
Бундан ташқари, 42 та чиқинди тўплаш майдони бутунлай ёпилди. Бу эса яна 90 гектарга яқин ернинг табиий экотизимга қайтишига имкон берди. Мутасаддилар таъкидлашича, бундай ишлар нафақат атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, балки аҳолининг соғлом ҳаёт кечиришига ҳам хизмат қилади.
Ушбу ташаббус Ўзбекистон Президентининг 2024 йил 4 январдаги 5-сонли фармони асосида амалга оширилмоқда. Мазкур ҳужжат чиқиндиларни қайта ишлаш, табиий ер майдонларини тиклаш ва мамлакатда экологик хавфсизликни таъминлашга қаратилган.
Экологлар фикрича, бу ўзгаришлар нафақат табиатни асраш, балки янги яшил ҳудудлар яратишга ҳам туртки бўлади. Табиатни тозалаш — келажак авлод учун соғлом муҳит яратишнинг энг ишончли йўли экани яна бир бор исботланди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!