date

Исмоилов дурангни баҳолаб имкониятлардан фойдаланмаганини тан олди

Исмоилов дурангни баҳолаб имкониятлардан фойдаланмаганини тан олди

Суперлиганинг 11-турида ОКМК ва «Нефтчи» ўртасида кечган голсиз дурангдан кейин меҳмонлар бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этиб, учрашув таассуротлари билан ўртоқлашди. Таҗрибали мутахассис аввало жамоани қўллаб-қувватлаш учун узоқ йўл босиб келган мухлисларга миннатдорлик билдирди.

— Қийин об-ҳаво шароитига қарамай биз билан бўлган мухлисларимизга раҳмат айтаман. Ўйин оғир кечиши олдиндан аён эди. ОКМК сўнгги турларда яхши формага кириб, юқорига ҳаракатланаётган жамоа. Лекин умумий ҳисобда ўйинни назорат қила олдик. Имкониятлардан фойдаланганимизда, албатта, ғалаба қозониш мумкин эди. Бу футбол — баъзан бундай ҳолатлар ҳам бўлиб туради, — деди Исмоилов.

Мураббий биринчи бўлимда рақибнинг юқори босими жамоага муаммо туғдирганини, аммо иккинчи бўлимда тактик ўзгаришлар орқали вазиятни барқарорлаштирганини таъкидлади.

— ОКМК прессинг қилаётганда айрим зоналар бўш қолишини таҳлил қилган эдик. Улар Жамшид Искандеровни ёпишга ҳаракат қилди. Шу сабаб иккинчи бўлимда уни чуқурроқ ҳаракатлантирдик. У билан бирга ҳаракат қилган ўйинчи зонани бўшатади ва биз айнан шу имкониятдан фойдаланишга уриндик, — дея изоҳ берди у.

Исмоилов жамоада гол етишмаслиги масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг фикрича, мураббийнинг вазифаси жамоани ҳужумга чиқара олиш ва имконият яратиш бўлса, улардан самарали фойдаланиш футболчиларга боғлиқ.

— Гол ура олмадик — сабаб шунда. Машғулотларда бу устида ишлаяпмиз. Барибир айрим вазиятлардан фойдалана олмаяпмиз. Аммо шунга қарамай, жамоамиз 25 та гол урган ва ҳозир турнир жадвалида етакчилик қиляпти, — деди устоз.

Шунингдек, у жамоанинг зич тақвимдаги натижаларини ҳам ижобий баҳолади. Унинг сўзларига кўра, икки ой ичида жамоа Суперкубокни ҳисобга олганда 12 та ўйин ўтказиб, 10 тасида ғалаба қозонган.

Матбуот анжумани давомида миллий терма жамоа ҳақидаги саволга ҳам жавоб берилди. Исмоилов қайси футболчини алоҳида ажратишдан қочиб, барча ўзбек футболчилари миллий жамоада ўйнашга муносиб эканини таъкидлади.

— Ҳаммасини чақирсин, — дея ҳазиломуз жавоб қайтарди мураббий.

Қисқача айтганда, «Нефтчи» устози дурангга қарамай жамоа ўйинидан қониқиш билдирди, аммо имкониятларни голга айлантириш борасида ҳали ишлаш кераклигини тан олди.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Спорт » Исмоилов дурангни баҳолаб имкониятлардан фойдаланмаганини тан олди