"Cолоссал" йўқолган ҳайвонларни тирилтириш ўрнига тирик турларни қутқаришга ўтди

Далласдаги Cолоссал биотехнологик стартапи ўзининг илмий стратегиясини ўзгартирмоқда. Мамонтлар ва қадимий йиртқичларни "тирилтириш" лойиҳалари билан танилган компания энди мавжуд турларни сақлаб қолишга эътибор қаратади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Аввалроқ компания жунли мамонт ва тасмания йўлбарсини тиклаш лойиҳаларини бошлаган эди. Бироқ 2025 йилда тақдим этилган "бўрилар" илмий жамоатчилик томонидан танқид қилинди.
Мутахассислар буни турларни тиклаш эмас, балки янги гибрид организмларни яратиш деб баҳолади.
Апрель ойида эълон қилинган янги лойиҳа 1800 йилларда йўқолиб кетган Жанубий Африка антилопаси кенжа турини тиклашга қаратилган. Cолоссал бош директори Бен Ламмнинг таъкидлашича, ишлаб чиқилган технологиялар замонавий турларни ҳимоя қилишда қўлланилиши мумкин.
Компания репродуктив биотехнология усулларига, хусусан, ультратовуш ёрдамида тирик ҳайвонлардан тухум ҳужайраларини олиш техникасига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу усул ноёб турларни тутқунликда кўпайтириш дастурларини сезиларли даражада осонлаштириши кутилмоқда.
Шунингдек, Cолоссал ноёб ва заиф турларнинг генетик материалларини тизимли сақлаш бўйича глобал биобанкинг ташаббусини илгари сурмоқда. Бу келажак авлод биологлари учун ёввойи табиатдаги популятсиялар йўқолган тақдирда ҳам генетик хилма-хилликни сақлаб қолиш имконини беради.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!