Президент Шавкат Мирзиёев набирасига мактуб йўллади: президентнинг ҳаётий сабоқлари

Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Иорданияга давлат ташрифи чоғида набираси Шавкатбекка мактуб ёзди. Унда давлат раҳбари болалик йиллари, ҳаётий тажрибаси, президентлик масъулияти ҳамда ёш авлоднинг келажаги ҳақида фикр юритди.
Мактубда Мирзиёев болалик давридаги машаққатли меҳнатни ёдга олди. Унинг ёзишича, у ёзнинг жазирамасида ғўза чопган, қишнинг совуғида эса пахта терган. Мактабда таҳсил олган 10 йилининг деярли ярми далада меҳнат қилиш билан ўтганини эслаган президент, давлат раҳбари лавозимига келгач, энг аввало, болаларни пахта далаларидан қайтариб, мактабларга юборишга эътибор қаратганини таъкидлади.
Шунингдек, у набирасига замонавий технологиялар ва сунъий интеллект имкониятларидан самарали фойдаланишни, аммо уларга қарам бўлиб қолмасликни тавсия қилди. Хорижий тилларни ўрганиш, кўпроқ китоб мутолаа қилиш, билим олиш ва муваффақиятсизликлар қаршисида тушкунликка тушмаслик ҳам мактубдаги муҳим насиҳатлардан бўлди.
Давлат раҳбари ўзига энг кўп етишмайдиган нарса вақт эканини ҳам қайд этди. Мамлакатни ривожлантиришга қаратилган ғоя ва ташаббусларни амалга ошириш учун кўп ишлашига, баъзан кам ухлашига тўғри келишини ёзди.
«Тақдир зиммамга шундай вазифа юклаганки, мен нафақат сенинг, балки сенга ўхшаган миллионлаб Ўзбекистон фарзандларининг келажаги ҳақида ҳам ўйлашим, қайғуришим керак», — дея таъкидлади Мирзиёев.
Президент хорижий сафарларининг асосий мақсадларидан бири ҳам халқ фаровонлигини ошириш, ёшларнинг сифатли таълим олиши учун янги ҳамкорлар топиш ва мамлакатга қўшимча имкониятлар яратиш эканини тушунтирди.
Мактуб якунида набирасига Ватанга садоқатли, билимли, ҳалол ва меҳнатсевар инсон бўлиб улғайишни тилади. Шунингдек, ундаги насиҳатлар фақат Шавкатбекка эмас, балки Ўзбекистоннинг барча ёшларига қаратилганини алоҳида таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 23–24 ноябрь кунлари Иордания қироли Абдулла II ибн ал-Ҳусайн таклифига биноан ушбу мамлакатда давлат ташрифи билан бўлади.
Обуна билан реклама бўлмайди
Zamin Premium — ойига 4 900 сўм
Мавзуга оид янгиликлар

































Изоҳлар0
…