00:02 / 03.08.2017
7 487

«Ўзбек модели»миз ўзини оқладими?

«Ўзбек модели»миз ўзини оқладими?
Таниқли иқтисодчи, молиявий эксперт Юлий Юсупов ҳам Kommersant.uz сайтида эълон қилинган ўзининг «Ўзбек иқтисодий модели: асотирлар ва ҳақиқат» мақоласида яқин ўтмишда юртимизда юритилган хато иқтисодий сиёсат ҳақида фикр юритади.

Юлий Юсупов ўз мақоласида барча яқин ўтмишда хўб мақталган, бироқ ўзини оқламаган «Ўзбек модели» ва унинг келиб чиқиш сабаблари, камчиликлари ва қайси инқтисодий модел манзурроқ эканлигига бирма-бир тўхталиб ўтади: фактларга, рақамларга мурожаат қилади. Келинг, экспертнинг мақоласидаги диққатга сазовор ўринлар билан яқиндан танишайлик.

«Биз ўзгаришлар даврида яшамоқдамиз. Ислоҳотлар, жумладан, валюта бозорининг узоқ кутилган ислоҳоти ҳам бошланди. Бу эса иқтисодий ривожланиш моделининг алмашишига сабаб бўлади, албатта. Хўш, эскиси билан нима бўлади энди?» — деб бошлаган эксперт ўз мақоласини.

«Ўзбек модели»ми ёки меркантилизм?


1996 йили ёз-куз ойларида Ўзбекистонда валюта ресурсларини чеклаш ва уни асосан инвестицион лойиҳаларга йўналтириш механизми жорий этилганига ҳам 21 йил бўлибди. Бу иқтисодий ривожланишнинг «Ўзбек модели» шаклланишининг ибтидоси эди.

Бу моделнинг хусусиятлари қуйидагилардан иборат эди:

1. Давлатнинг иқтисодий жараёнларга фаол аралашуви, жумладан, маъмурий усуллар — (кредит, хомашё, меҳнат) ресурсларни марказлашган ҳолда тақсимлаш, нархлар, фоиз ставкалар ва валюта курсини ўрнатиш воситасида, шунингдек, хусусий корхоналарнинг мулк ва маблағларини тақсимлаш, пул-кредит муносабатларида «маъмурий ресурслар»дан фаол фойдаланиш.

2. «Иқтисодиётнинг стратегик жабҳалари»га кенг миқёсли инвестициялар жалб қилишни назарда тутувчи гиперфаол инвестицион сиёсат, жумладан, қуйидагилар воситасида:

- валюта савдосини тартибга солиш (конвертацияни чеклаш, расмий курс бўйича валюта конвертациясида инвестицион лойиҳаларга имтиёз берилиши);

- кредит сиёсати (фоиз ставкаларини тушириш, имтиёзли кредитлар бериш, давлат тузилмаларининг топшириғига кўра қайтарилмас кредитлар ажратилиши);

- бюджет сиёсати (давлат инвестициялари, бирваракайига юқори солиқ юкламаси ва солиқ имтиёзларининг кенг жорий этилиши).

3. Импорт ўрнини эгаллаш моделидан фойдаланиш: халқаро меҳнат тақсимоти ва товар ва хизматларнинг чекланган доирасига ихтисослашиш ўрнига, кенг доирадаги товарлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади ва импортга боғлиқлик камайтирилади. Импорт ўрнини босишнинг асосий қуроли — протекционизм, яъни тайёр маҳсулотни импорт қилишни тариф ва нотариф тўсиқлар билан чеклаш.

Юқорида санаб ўтилган қуролларнинг барчасидан «иқтисодиётнинг стратегик жабҳалари», аввало саноат жабҳаларини ривожлантириш орқали иқтисодий ўсишни тезлаштиришда фойдаланилган.

Кичикроқ сирни очамиз: аслида ҳеч қандай «Ўзбек модели» мавжуд эмас. Бундай ёндашувлар турли даврларда турли давлатлар томонидан қўллаб кўрилган. Айниқса, бу модел 1950-70 йилларда СССР билан «дўстлик»ка асосланган ривожланаётган социалистик давлатлар ўртасида машҳур бўлган. Машҳур иқтисодчи Эрнандо де Сото бу моделни меркантилизм деб атайди ва ундан ҳозирда иқтисодиёти ривожланган давлатлар ҳам ўтмишда фойдаланганини таъкидлайди. Лекин мамлакат меркантилизмдан қанчалик тез воз кечган бўлса, кейинчалик у шунчалик тезроқ ривожланган.

1980-90-йилларда социалистик лагер қулаши, СССР томонидан бундай тажрибаларнинг молиялаштирилиши бас қилиниши туфайли меркантелистик сиёсатга қизиқиш йўқолади. Ривожланаётган давлатларнинг аксарияти халқаро меҳнат тақсимоти, бозор муносабатлари ва рақобатни ривожлантириш, экспортга йўналганликни танлай бошлайди. Албатта, уларнинг ҳаммаси ҳам ёрқин натижаларга эришолгани йўқ — меркантилизм анъаналари жуда мустаҳкам экани билиниб қолди. Лекин ким қатъий ва изчил ислоҳотлар ўтказган бўлса, ўз иқтисодиётининг муваффақиятли равнақи учун шароит ярата олди. Постсовет ҳудудида бунга яққол мисол – Эстония ва Гуржистон, постсоциалистик ҳудудда эса — Хитой, Вьетнам ва Шарқий Европанинг кўплаб давлатларини келтириш мумкин.

Импорт ўрнини босишга берилганлик ва иқтисодиётга давлат аралашувини очиқ эълон қилган давлатлар деярли қолмаган эди. Лекин 1996 йилда Ўзбекистон де-факто ана шундай ягона мамлакат бўлиб қолди.

Қиёсий таҳлил
«Ўзбек модели»нинг 21 йил мобайнида амалда бўлишининг натижаси қандай? (Қайд этиш жоиз, 2003–2008 йилларда иқтисодиётимизда жорий операциялар бўйича чекловли бўлса-да, конвертация жорий этилиб, бизнесни юритиш учун кўп тўсиқлар олиб ташланиб ўзига хос «илиқ» давр кузатилган эди).

Ҳаммаси қиёсда билинади. Хўш, меркантил сиёсат (де Сотонинг терминидан фойдаланаверсак бўлар энди) бошқа социалистик давлатлар билан солиштирилганда Ўзбекистонга бирор устунлик тақдим этдими?

Агар иқтисодий ўсиш суръатларининг (ялпи ички маҳсулот ошиши) расмий кўрсаткичларига эътибор берсак, иқтисодиётимиз етакчилар сафида бўлади: тўпланган иқтисодий ўсиш қийматлари бўйича 1995 йилдан кейин собиқ социалистик давлатлар ўртасида Ўзбекистон Хитой, углеводородларга бой Озарбойжон ва Туркманистондан кейинги ўринда.

Гўёки барчаси бинойидек. Лекин бизнинг расмий кўрсаткичларимиз реалистик бўлмагани сабабли унга ишониш қийин.

Унда «Ўзбек модели» ўзини оқлаганини қандай текшириб кўрса бўлади? Бунинг учун ишончлилиги шубҳа остида бўлган кўрсаткичларни бир четга йиғиштириб, очиқ миллий ва халқаро статистикага таянамиз.

У ёки бу иқтисодий моделнинг муваффақиятлилиги ёки барбод бўлишининг асосий мезони — у мамлакат аҳолиси турмуш даражасини нечоғлик яхшилашга хизмат қилгандир. Турмуш даражаси кўрсаткичининг кенг фойдаланиладиган кўрсаткичларидан бири — аҳоли жон бошига тўғри келадиган ялпи миллий даромад (ЯМД). Бутунжаҳон банки мамлакатларни даромади бўйича табақалаштиришда айнан шу кўрсаткичдан фойдаланади.

Қуйида собиқ СССР ва Осиёнинг социалистик давлатларида аҳоли жон бошига тўғри келувчи ЯМД ҳақидаги маълумотлар келтирилган:

2015 йил учун аҳоли жон бошига ЯМД (ялпи миллий даромад), АҚШ долларида

Қайд этиш жоиз, ЯМД Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг расмий айрибошлаш курсига нисбатан шакллантирилган. Агар у (ҳаққоний) бозор курси бўйича ҳисобланса ЯМДни деярли 2 га бўлишга тўғри келади.

Муаллифлари (расмий ва бозор курси орасида фарқ бўлган мамлакатларда) айнан бозор курси бўйича ўртача ойлик иш ҳақини ҳисоблаб чиққан, қуйида берилаётган сурат ҳам шундай манзарани акс эттиради.

Афтидан, тезкор саноатлаштириш сиёсати бизнинг давлатимизга тезда бойиш имконини бермаганга ўхшайди. Аксинча, қаралаётган давлатлар ичида бизнинг ўртача даромадларимиз энг пастларидан бири бўлиб турибди. Бироқ, «Ўзбек модели» бўлмаганида балким даромадлар янада пастроқ бўлармиди?

Афсуски, қуйида келтирилаётган жадвал 2000 йилдан буён аҳоли жон бошига ЯМДнинг ўсиши қаралаётган давлатлар ичра энг пасти бўлганини намойиш этиб турибди.

2000 йилдан бошлаб аҳоли жон бошига ЯМДнинг ўсиши, АҚШ долларида

Муваффақиятсизлик сабаблари
1990-йилларда мамлакатимиз олдида бирйўла икки масалани ҳал қилиш вазифаси турган эди:

- бозор институтлари ва механизмларини шакллантириб, хусусий тадбиркорлик ва бозор рақобатини ривожлантириб бозор иқтисодиётига ўтиш (чунки бунгача Ўзбекистонда маъмурий-буйруқбозлик (режали) иқтисодиёт ҳукмрон эди);

- истиқболда ривожланиш ва аҳоли турмуш фаровонлиги бўйича ривожланган давлатларни етиб олишга имкон берувчи барқарор иқтисодий ўсишни таъминлаш;

Бироқ иқтисодиётга маъмурий аралашув воситасида тезкор саноатлаштириш сиёсати туфайли бу вазифаларнинг бирортаси ҳал этилмади.

Бозор ислоҳотлари амалда музлатилиб қўйилди
- Иқтисодий жараёнларга давлатнинг маъмурий аралашуви бозор механизмлари ишига халақит бераётгани маълум бўлди, у бозор рақобатини йўққа чиқаради, тижорат банкларининг самарали секторини шакллантиришга имкон бермади.

- Юқори солиқ юкламасининг бир вақтнинг ўзида турли солиқ имтиёзлари билан биргаликда жорий этилиши рақобатбардош хусусий бизнес ривожланишини қийинлаштирди.

- Импорт ўрнини эгаллаш ва протекционизм бизнеснинг рақобатбардошлиги пасайиши ва рақобат йўқолигига ўз ҳиссасини қўшди.

- Бозор механизмларининг нормал ишлашига тўсқинлик қилувчи аксилбозор институтлари шакллантирилди (конвертация эркинлигига чекловлар, алоҳида қишлоқ хўжалигини маҳсулотларининг мажбурий давлат харидлари, корхоналар ишига маъмурий даражада аралашув ва бошқалар).

Пировард натижада — жуда ёмон инвестицион муҳит юртимизга тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва замонавий технологиялар кириб келишини чеклаб қўйди. Аҳоли жон бошига тўғридан-тўғри жамғарилган хорижий инвестициялар кўрсаткичи бўйича қаралаётган давлатлар ичида Ўзбекистон энг сўнгги ўринда. Ҳолбуки, муваффақиятли саноатлаштиришга хорижий капиталларни кенг жалб қилмасдан туриб эришиб бўлмайди.

Барқарор иқтисодий ўсиш учун шароитлар яратилмаган
Саноат сиёсати фаоллашган даврлар (1996–2001, 2008–2016 йиллар)да инвестицион харажатлар анча юқори бўлганига қарамасдан, инвестициялардан олинадиган (реал иқтисодий ўсиш билан кўзга ташланадиган) даромад жуда паст бўлган. Нега?

Биринчидан, меркантилистик модел доирасида инвестицион ечимларни амалдорлар, боз устига, бозор механизмлари (нарх ҳосил қилиниши ва рақобат) деформацияга учраган шароитда қабул қилишади.

Бироқ амалдорлар хусусий тадбиркорлардан фарқли ўлароқ:

а) ўзининг эмас, ўзгаларнинг пулларини тасарруф этади;

б) инвестицион лойиҳалар муваффақиятга учраганда ёки барбод бўлганда моддий жавобгарликни зиммасига олмайди.

Шу сабабли давлат инвестицион лойиҳалари, қоидага кўра, хусусий сектор лойиҳаларига нисбатан самарасиз ҳисобланади. Боз устига, давлат лойиҳаларида коррупция ва хуфиёна схемалар гуллаб яшнайди.

Иккинчидан, кўп сонли имтиёзлар ва чекловлар сабабли инвесторларнинг рағбати ўзгаради. Улар инвестицияларидан узоқ муддат даромад қилишни ўйлаш ўрнига, берилаётган имтиёзлар ва рақобатнинг чекланиши ҳисобига қисқа муддатда фойдани қўлга киритиш устида бош қотира бошлашади. Масалан, сармоядор ишлаб чиқаришга ётқизган сармоясидан эмас, имтиёзли конвертация фактининг ўзидан даромад қилиши мумкин. Натижада, харид қилинаётган ускуна ва унинг ишлатилиши «инвестор»ни сўнгги ўринда ташвишлантиради. У сохта фирмалар орқали, «абжағи чиққан», ҳеч кимга керак бўлмаган ускунани сариқ чақага сотиб олиб, ўзи ўзидан жуда катта нархга харид қилиши мумкин. Бу битимга имтиёзли конвертация олади. Бундай «инвестиция»ларнинг фойдаси паст (баъзи ҳолларда нолга тенг) бўлишининг бош сабаби шу.

Учинчидан, молия институтлари ва рақобатнинг ривожланмагани инвестицион лойиҳаларни уларнинг самарадорлиги устидан бозор назорати ўрнатилишидан маҳрум қилади. Бозор иқтисодиётида рақобат самарасиз бизнес-лойиҳаларни ғалвирдан ўтказиб, ишбилармонларни доимо ўз фаолиятини такомиллаштириб боришга мажбур қилади. Самарадорлик устидан молиявий институтлар ҳам қўшимча назорат ўрнатади: банклар ва хусусий инвесторлар ҳам фақат ўз қобилиятини намоён эта олган ва ўз лойиҳаларининг ютуқларини исботлай олган инсонларгагина молиявий ресурслар ажратади.

Бозор муносабатлари, хусусий тадбиркорлик ва рақобатнинг ривожланмаганлиги, шунингдек, хўжалик юритишнинг бозор тутумида сиёсий-ҳуқуқий тизим шаклланмагани туфайли иқтисодиётимиз инновацияларни қабул қилиши жуда қийин, бу эса рақобатбардош ишлаб чиқаришни барқарор ривожланишини таъминлашда тўсиқ бўлади.

Энди нима бўлади?
Юқорида айтилганлардан қандай хулоса чиқариш мумкин? Биз бозор иқтисодиётини танлаб, иқтисодий ривожланишнинг меркантилистик моделидан воз кечишимиз керак.

Бозор иқтисодиётининг ҳам кўплаб моделлари борлигидан, ислоҳотлар ўтказишда биз ўз самарадорлиги ва яшовчанлигини исботлаб бўлган моделлардан андоза олишимиз керак. Замонавий рақобатбардош иқтисодиётлар учта асосий хусусиятга эга:

- Бу ерда инновациялар фаол ишлаб чиқилиб, жорий этилади, боз устига, иқтисодий жараёнларнинг миллионлаб иштирокчилари — ишбилармонлар, оддий ишчилар (инженерлар, менежерлар, маркетологлар, молиячилар), амалдорлар, олимлар ва ихтирочилар ҳам инновация «юқтириб» олмоғи талаб этилади. Бунинг учун рақобат ва шахсий манфаат механизмлари яхши ишлаши керак. Шунингдек, иқтисодий сиёсат барқарор ва олдиндан айтиш мумкин бўлиши учун мулк ва бизнес ҳуқуқини ҳимоялаш ўта муҳим.

- Бу ерда юқори қўшилган қийматли товарлар ва хизматлар ишлаб чиқарилади (фойдали қазилмаларни сотиш ҳисобига фаровон турмуш кечирувчи давлатлардан мустасно, албатта). Бунинг учун миллий бизнесга хомашёни чуқурлаштирилган қайта ишлаш бўйича узун савдо-ишлаб чиқариш занжирлари яратиш учун шароит, ишлаб чиқариш миқёслари ҳисобига иқтисод ва фойда олувчи йирик ишлаб чиқариш бирлашмаларини шакллантириш керак. Бу эса ўз навбатида, бизнес муҳит ва солиқ тизими сифатига, эркин бозорлардан молиявий ресурсларни жалб қила олиш имкониятига боғлиқ.

- Барча замонавий самарали иқтисодиётлар халқаро меҳнат тақсимотида фаол иштирок этади. Чунки бир мамлакат чегарасида кўп турдаги рақобатбардош товарлар ва хизматлар ишлаб чиқариш имконсиз. Рақобатбардошлик учун ихтисослашув керак, бу эса миллий иқтисодиётларга ўзлари нисбатан устун бўлган фаолият тури билан шуғулланиш имконини беради, бинобарин, улар бу борада кам харажат билан юқори сифатга эришишлари мумкин. Халқаро меҳнат тақсимотида иштирок этиш миллий ишлаб чиқарувчиларга маҳсулотни сотиш учун кенг имкониятлар очади. Буларнинг барчаси — нафақат ишлаб чиқаришнинг рақобатбардошлигини ошириш манбаи, шунингдек, аҳоли турмуш фаровонлигини ошириш ҳам демакдир.

Замонавий, рақобатбардош иқтисодиёт яратиш учун иқтисодий ривожлантиришнинг мавжуд моделини янада салоҳиятлироғига алмаштириб берувчи комплекс бозор ислоҳотлари керак.

Хусусан, яқин ва ўрта истиқболда қуйидаги ҳаётий зарур ислоҳотлар амалга оширилмоғи керак:

- хусусий тадбиркорлик, бозор муносабатлари ва рақобатнинг ривожланишига тўсиқ бўлаётган давлат тузилмаларининг функциялари ва ваколатларини тубдан қисқартириш, давлат бошқаруви тизимининг марказлаштирилишидан воз кечиб, ҳудудлар ва туманлар даражасига функциялар ва ваколатларнинг кенг кўламини бериш, давлат хизматлари сифатини оширишга қаратилган маъмурий ислоҳот;

- Марказий банкнинг пул-кредит сиёсатининг бозор бошқарувига ўтиши, жумладан, нақд пул муомаласига маъмурий чекловларнинг бекор қилиниши;

- банк ислоҳоти, Марказий банкнинг фоиз ставкаларини маъмурий тартибга солишидан воз кечиши, молиявий соҳада рақобатни ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш;

- солиққа тортиш тизимининг ислоҳоти, жумладан, солиққа тортишнинг умумбелгиланган тизимини тубдан ислоҳ қилиш (солиқлар сонини кескин қисқартириш, солиқ юкламасини камайтириш, тушумлардан солиқни бекор қилиш), меҳнатга нисбатан солиқни қисқартириш, индивидуал солиқ имтиёзларидан сўзсиз воз кечиш, солиқ маъмурчилиги тизими ва солиқ ҳисоботларини соддалаштириш;

- ташқи савдо сиёсатини ислоҳ қилиш, жумладан, жорий операциялар ҳисоби бўйича миллий валютанинг эркин конвертациясини жорий этиш, аввало импорт акцияларидан воз кечиб божхона тўловларини қисқартириш, импорт ва экспорт олдидаги маъмурий тўсиқларни бартараф этиш;

- аграр ислоҳот (мажбурий давлат буюртмасидан воз кечиш, фермерларнинг мулк ҳуқуқини ҳимоялаш);

- иқтисодиётнинг давлат секторини ислоҳ қилиш (бошқарувнинг қайта тизимлаштирилиши ва кенг миқёсдаги хусусийлаштириш)

- суд ислоҳоти;

- ва бошқа ислоҳотлар.

Иқтисодиётнинг меркантелистик моделидан нечоғлик тез ва ақл билан иш тутиб қутула олсак ва бозор механизмлари ҳамда хусусий тадбиркорлик учун шароит яратсак, келажагимиз, фарзандларимиз ва авлодларимизнинг келажаги ҳам шунга боғлиқ бўлади.

Бизга бу йўлда омад ёр бўлсин!

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » «Ўзбек модели»миз ўзини оқладими?