06:00 / 02.01.2018
5 726

Президентимизнинг дадил қадамлари: буни Ғарб ҳам тан олмоқда

Президентимизнинг дадил қадамлари: буни Ғарб ҳам тан олмоқда
Агар сўнгги вақтларда маҳаллий ва хорижий матбуотни, ижтимоий тармоқларни кузатиб бораётган бўлсангиз, Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига дохил ахборот оқими тамомила ўзга бир ўзанга бурилганини кузатишингиз мумкин.

Хусусан, АҚШнинг «The New York Times» нашри Ўзбекистоннинг дунё билан интеграциялашаётгани ҳақида ёзаётган бўлса, Япониянинг жаҳонга машҳур «The Nikkei» нашри Марказий Осиё минтақасининг халқаро майдондаги нуфузи бугун Ўзбекистон раҳбари ташлаётган дадил қадамларга бевосита боғлиқлигига урғу берди.

Россиянинг "Новости" ахборот агентлиги Ўзбекистон раҳбари фаолиятининг дастлабки натижаларига бағишланган кузатувларида Президент маҳаллий ОАВдаги мамлакатнинг биринчи шахси имижига бўлган анъанавий ёндашувларни ўзгартираётгани, мамлакат ижтимоий-сиёсий жабҳада жиддий ислоҳотлар ўтказаётганини эътироф этди.

Шунингдек, Россиянинг «Независимая газета» нашри ҳам Ўзбекистоннинг Ғарб ва умуман дунё ҳамжамиятига “ўзини очаётганини” юқори баҳолади.

Президент мурожаати ва унга акс-садо ўлароқ, ўзбек матбуотида ташланган баъзи қадамларни ҳам халқаро кузатувчилар, дунё оммавий ахборот воситалари “сўнгги ўн-йигирма йилликдаги муҳим ўзгариш”, деб ҳисобламоқда.

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги сайтида эълон қилинган “Ғарб аҳлида ҳам умид уйғотган мурожаат” мақоласи атрофидаги мулоҳазалар шундан дарак беради, албатта.

“Аmerika ovozi” телерадиоси шарҳловчилари бу қадамни “Тарихда кузатилмаган ҳолат”, дея атар экан, жумладан, “Ўзбекистонда чет элдаги фуқароларга муносабат ўтган бир йил ичида анча ижобийлашди. Ҳатто хорижий ахборот воситаларида ишлайдиган ўзбек журналистларининг шарҳи бугун Ўзбекистон давлат матбуотида чоп этилмоқда, расмий эътиборда. Лекин синов даври ҳамма учун мана энди бошланмоқда” дея таъкидлади.

“BBC News” журналистлари буни “...умид уйғотаётган ишоралар”, дея эътироф этди.

“Чегара билмас журналистлар” халқаро ташкилоти ушбу чиқишларни ижобий баҳолади.

Ўзбек матбуотидаги мазкур қадам “Ҳақиқий ўзгариш” эканини АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен твитларда қайд этган.

Юртимиздаги мазкур эврилишларни бош қароргоҳи Нью-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш қўмитаси (CPJ) ҳам яқиндан кузатиб келмоқда. “Бу ҳолат Ўзбекистон матбуотидаги биринчи жиддий ўзгаришлардир”, дея таърифлаган қўмита тадқиқотчиси Гулноза Сайид: “Халқаро журналистларнинг, жумладан, “Америка овози” журналистининг Ўзбекистон расмий матбуотида чиқаётгани ёки "Би-би-си"нинг Ўзбекистонга секин-асталик билан бўлса-да қайтаётгани қувонарли ҳол.

Маҳаллий журналистлар ҳам анча жонланди. Ўзбекистонда иқтидорли журналист кадрлар анча кўп. Бундан кейин умид қиламизки, матбуот эркинлиги борасида янада жиддийроқ қадамлар қўйилади”, дея изоҳлади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президентимизнинг дадил қадамлари: буни Ғарб ҳам тан олмоқда