14:02 / 28.01.2018
5 275

Тараққиётимизнинг "янги даври" бошланди...

Тараққиётимизнинг "янги даври" бошланди...
Ўзбекистонда ҳаёт дарёси шиддат билан оқмоқда. Бугунги кун талабларига жавоб бермайдиган, кўримсиз уйлар ва маҳаллалар ўрнида янги, ҳашаматли, осмонўпар бинолар қад кўтармоқда.

Яқин бир неча йил ичида “Tashkent City” халқаро бизнес маркази бунёд этилиши билан пойтахтимиз замонавий меъморий қиёфаси орқали ҳам жаҳоннинг энг йирик шаҳарлари қаторидан муносиб ўрин эгаллайди.

Янги замонавий уйлар ҳамда шаҳарларнинг барпо этилиши қаторида юртдошларимиз тафаккури билан боғлиқ ўзгаришлар ҳам улуғвор. Мустамлакачилик даврида мутафаккир сиймоларимизнинг катта бир қисми қатағон, иккинчи қисми қувғин қилиндики, бундай аянчли ҳол халқнинг ижтимоий, ҳуқуқий, илмий ва бадиий тафаккурига бениҳоя салбий таъсир кўрсатди. Табиийки, миллатимизнинг илмий ва бадиий тафаккури янада юксак босқичга кўтарилиши учун озодликка эришиш, янги давр ниҳоятда зарур эди.

Йигирманчи аср адоғида мустақилликнинг қўлга киритилиши шундай эзгу ва хайрли даврнинг бошланишига шарт-шароитлар яратди. ХХI асрда айтиш жоизки, Миллий Уйғониш янги куч билан иккинчи босқичини бошлаб берди. Шу муносабат билан Ўзбекистондаги ҳаёт оқими ғоят тезлашиб, жадаллашиб кетди. Халқ ҳамда мамлакат ҳаётининг барча соҳасида қисқа муддат ичида улкан ўзгаришлар содир бўлдики, ҳозир нафақат бу ўзгаришларнинг гувоҳи ва иштирокчиси бўлган бизлар, балки кузатаётган хорижий давлатлар ҳам ҳайратга тушмоқда.

Илм-фан ҳамда адабиёт оламига мансуб бўлганим боис халқ ва мамлакат ҳаётининг бу ўта муҳим соҳаларига берилаётган катта эътиборни кўриб, бошқа ҳамкасбларим сингари шу кунларда қушдек қанот ёзиб юрибман.

Инсоният тамаддуни тараққий этгани сайин илм-фаннинг янги соҳалари пайдо бўлганидек, адабиёт ва санъатда ҳам янги-янги йўналишлар вужудга келаверади. Бу тинимсиз тараққий этиб бораётган давр жамиятдан барча кучларни ишга солишни, шунга монанд илғор бўлишни, янги илмий-техник уфқлар сари интилишни тақозо қилади. Афсуски, тарихимизнинг маълум даврларида фан ҳамда маданиятга эътибор сусайди, соҳа заҳматкашлари қадрсизланди. Шунинг натижаси ўлароқ фан-техниканинг маълум соҳалари таназзул ҳолатига тушди. Адабиётимиз ва санъатимиз бундан-да юксакроқ довонга кўтарилиши мумкин эди...

Ана шундай шароитда Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва ғайрат-шижоати билан бошланган ислоҳотлар силсиласи халқ ҳамда мамлакат ҳаётининг барча соҳасини ўз қамровига тортиб, халқда янги Миллий Уйғониш даври бошланганига катта ишонч уйғотди. Бундай ишонч Президентимизнинг Олий Мажлисга Мурожаатномаси, “Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг ҳақиқий аъзоларини тасдиқлаш тўғрисида”ги Фармони, Ўзбекистон халқига Янги йил табригидаги самимий дил сўзлари билан янада мустаҳкамланди.

“Биз тараққиётимизнинг янги даври, янги босқичига қадам қўйдик”; “Халқимизнинг фидокорона меҳнати билан 2017 йилни барча соҳаларда ёруғ юз билан якунлашга эришдик”; “Эл-юртга хизмат қилиш ҳаётимиз мазмунига айланмоқда”; “Энг муҳими, давлатнинг халққа муносабати ўзгармоқда”... Президентимиз табригидаги бундай мазмундор ибораларни тинглар ва ўқир эканмиз, унинг Янги 2018 йилни “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”, деб эълон қилгани ҳамда “Биз буюк келажагимизни айнан мана шундай юксак мақсад ва ғоялар асосида барпо этамиз”, деган сўзлари замирида ҳаётий ҳақиқат борлигини кўриб қувонамиз.

“2018 йил Ўзбекистон тараққиётида ҳал қилувчи йил бўлади”, деган сўзларда сафарбарлик руҳи билан бирга қатъий ишонч туйғулари ҳам порлаб туради.

Адабиётшунослик — филология фанининг муҳим бир соҳаси. Бу соҳа ёш авлоднинг буюк инсонпарварлик ғоялари ҳамда қадриятлари асосида тарбияланишига қанчалик хизмат қилса, ёш ёзувчилар маҳоратининг ўсишига, миллий адабий анъаналарининг давом этиб, янгиланиб ва бойиб боришига ёрдам беради. Ўзбек халқ оғзаки ижоди ҳам, ўзбек адабиёти ҳам дунёдаги энг узоқ тарихга эга бўлган фольклор ва адабиётлардан биридир.

Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтининг бир гуруҳ олимлари ҳозир 100 жилдлик “Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари”нинг 5 — 10 жилдларини нашр этиш арафасида турибдилар. Бошқа бир гуруҳи эса 100 жилдлик “Ўзбек адабиёти дурдоналари” туркумининг дастлабки жилдларини нашрга тайёрламоқда. Ўзбек мумтоз адабиёти намояндаларининг 50 жилддан, замонавий ўзбек ёзувчиларининг 50 жилддан иборат бадиий дурдоналари 5 йил ичида китобхонлар қўлига бориб тегади. Бу икки туркумнинг нашр этилиши ўзбек халқи бадиий маданиятининг қадимийлиги ҳамда бойлигини намойиш этибгина қолмай, “Ўзбек мумтоз адабиётининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи”, “Замонавий ўзбек адабиётининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи”, “Ўзбек халқ оғзаки ижодининг шаклланиш ва ривожланиш тарихи” сингари фундаментал тадқиқотларнинг яратилишида бой бадиий манба бўлиб хизмат қилади. Айни пайтда “Ўзбек адабий тилининг шаклланиш ва тараққиёт тарихи”, “Ўзбек тилининг изоҳли луғати” сингари кўп жилдли асарларнинг яратилишига замин ҳозирлайди. Бу илмий ишларнинг амалга оширилиши ўзбек халқининг жаҳон бадиий маданияти ҳамда тамаддуни тараққиётига қўшган катта ҳиссасини аниқлаш ва асослаш имконини беради.

Ўзбекистон Фанлар академиясига ҳақиқий аъзо бўлиб сайланиш қанчалик фахрли ҳамда қувончли бўлмасин, бу, аввало, беҳад даражада катта масъулиятдир. Янги аъзолар учун жорий этилган “Йўл харитаси”да 2018 йилнинг ҳар бир фаслида, илмий, педагогик, ташкилий ва бошқа соҳалар бўйича бажарилиши лозим ҳисобланган ишлар рўйхати ифодаланган. Қўйилган вазифаларни виждонан бажариб, халқимиз ишончини оқлаш асосий мақсадимиздир.
Наим КАРИМОВ,
Ўзбекистон Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси.

Манба: xs.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Тараққиётимизнинг "янги даври" бошланди...