13:32 / 26.02.2020
3 702

Кутилганидан ҳам самарали ташриф

Кутилганидан ҳам самарали ташриф
“Илмлари, ижодлари билан дунёга эзгулик улашган Имом Бухорий, Имом Мотуридий, Али Қушчи, Алишер Навоий каби буюкларимиз тупроқларидан салом келтирган бу инсонларнинг ташрифи биз учун жуда азиз ва қадрлидир”.

Туркия Президенти Режеп Таййип Эрдоған бу мамлакатга 19-20 февралда ташриф буюрган Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёевни шундай, ниҳоятда cамимий ва ҳароратли сўзлар билан қутлаб, кутиб олди.

Турк биродарларимиз “Ўзбекистон — бизнинг ота юртимиз” деб эътироф этишади. Туркия пойтахти — Анқаранинг гавжум кўчаларидан учтаси Ўзбекистон, 12 таси Тошкент, 8 таси Самарқанд ва 11 таси Бухоро номи билан аталиши, бу ердаги бир қатор олий таълим муассасаларида ўзбек тили ва адабиёти ўқитилаётгани, Истанбулда Абу-Райҳон Беруний номидаги университетнинг борлиги ҳам худди шундан гувоҳлик беради.

Илм муҳити асрлар давомида Тошкент билан Анқара, Самарқанд билан Конё, Бухоро билан Бурса, Хива билан Эдирнени боғлаб, ўзаро бойитган. 2020 йилда Ўзбекистонда улуғ алломалар Абдухолиқ Ғиждувоний ва Баҳоуддин Нақшбанд таваллудларига бағишланган тадбирлар ўтказилади. Маҳмудхўжа Беҳбудийнинг 145 йиллик санаси нишонланади. Шунингдек, 2020 йилда Бухоро шаҳри “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри “Туркий дунё маданияти пойтахти” деб эълон қилингани муносабати билан бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистонда Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университетида Турк тилини ўрганиш маркази очилган. Тошкент давлат шарқшунослик институтида эса турк тили ва маданияти факультетини очиш кўзда тутилган. Юртимизда турк адабиёти ва санъатига қизиқиш тобора ортиб, улар илмий ва таълим масканларида кенг ўрганиляпти. Мавлоно Жалолиддин Румий, Юнус Эмро, Аҳмад Пошо, Сайди Али Раис Котибий, Тошлижали Яҳё, Ҳамди Чалабий сингари буюк шоирлар ижодини халқимиз севиб ўқийди.

Давлатимиз раҳбари Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик Кенгаши доирасида “Туркий адабиёт хазинаси” рукнида 100 жилдлик китоблар туркумини нашр этиш ғоясини илгари сурган эди. Ана шу эзгу ташаббуснинг илк самараси бутун мусулмон ¬оламининг оташнафас шоири бўлган Юнус Эмронинг Шавкат Мирзиёевнинг сўзбошиси билан “Ўлмас кўнгул” номли янги китоби яқинда ўзбек тилида нашр этилди.

1996 йилда мамлакатларимиз ўртасида Абадий дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома, 2017 йил октябрь ойида эса Президент Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга илк давлат ташрифи чоғида мамлакатларимиз ҳамкорлигини стратегик шериклик даражасига кўтарадиган Қўшма баёнот имзоланган эди.

Натижада давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ва халқимизнинг қўллаб-қувватлаши билан Ўзбекистон — Туркия муносабатлари стратегик ҳамкорлик даражасига кўтарилди. Ушбу ташриф доирасида мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба давлатлараро муносабатларда мутлақо янги ташқи сиёсат институти — олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши ташкил этилиб, ўзаро алоқаларда унинг янги саҳифаси очилди.

Кенгаш ўз фаолиятини Ўзбекистон ва Туркия Президентлари ҳамраислигида олиб боради. Сиёсат, хавфсизлик ва мудофаа, савдо ва иқтисодиёт, инвестиция, туризм, энергетика, транспорт ва транзит, қишлоқ ва ўрмон хўжалиги, маданият, таълим, фан ва техника, инновациялар, соғлиқни сақлаш ва бошқа ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорликни ривожлантириш стратегиясини белгилайди.

Унинг биринчи йиғилишида саноат, қишлоқ хўжалиги, транспорт, фан-таълим, соғлиқни сақлаш каби кўплаб соҳаларда муштарак лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама этилди. Туркиялик ишбилармон доиралари вакилларининг якдил фикрига кўра, олий даражадаги Стратегик ҳамкорлик кенгаши мамлакатларимиз муносабатлари тарихида ҳали кузатилмаган руҳда ўтди.

Кейинги уч йилда Туркия билан ўзаро савдо айланмаси икки баробар ошиб, 2,5 миллиард АҚШ долларидан кўпроқни ташкил этди. 2020 йилда бу кўрсаткични 3 миллиард долларга етказиш кўзланган. Яқин йиллар ичида товар алмашувини 5 миллиард долларга етказиш имкониятлари мавжуд.

Ўзбек — турк қўшма ширкатлари сони қарийб мингтага кўпайди. Туркия инвестицияси иштирокида 1300 дан зиёд корхоналар фаолият юритяпти. Уларнинг 500 таси биргина ўтган йилда ташкил этилди. Турк ишбилармонлари билан ҳамкорликда 500 миллион долларлик инвестиция лойиҳалари амалга оширилмоқда.

Бугунги кунда Туркия компаниялари мамлакатимизда қурилиш, энергетика, тўқимачилик, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат саноати, туризм, хизмат кўрсатиш ва бошқа соҳаларда фаолият юритаётир. Бунда қўшма сармоявий лойиҳалар ижроси назоратга олингани, эркин иқтисодий ва кичик саноат зоналарида юқори қўшимча қийматли маҳсулотлар ишлаб чиқариш ¬рағбатлантирилаётгани муҳим омил бўляпти.

Умуман, туркиялик ишбилармонлар Ўзбекистонга иқтисодиётнинг барча тармоғида мисли кўрилмаган ўзгаришларга гувоҳ бўлганликлари, халқимизда “ислоҳотлар тафаккури” шаклланаётганини мамнуният билан қайд қилишмоқда.

Давлатимиз раҳбари Анқара шаҳрида Туркиянинг етакчи компаниялари ва банклари раҳбарлари билан учрашди. Учрашувда бир қатор йирик компаниялар вакиллари қатнашди.
Бахчешеҳир университети Васийлик кенгаши раиси Анвар Южел ушбу учрашувдан ниҳоятда мамнунлигини қуйидаги илиқ фикрлари билан билдирди.

— Ўзбекистонда дастлаб Тошкент шаҳрида болалар боғчасидан тортиб, университетгача бўлган лойиҳаларни амалга оширишни режалаштирганмиз, — деди А. Южел. — Университетимиз тиббиёт йўналишида фаолият олиб боради, унинг ёнида шифохона қурилади. Улар бир-бири билан боғлиқ бўлади, назария ва амалиёт уйғунлашади. Ушбу мажмуалар биноларини тез фурсатларда қуришга розилик олдик. Бир йил ичида ўз фаолиятимизни йўлга қўямиз.

Замонавий халқаро муносабатларда парламент дипломатиясининг ўрни ва роли тобора ўсиб бораётган ҳозирги шароитда Ўзбекистоннинг Туркий тилли давлатлар Парламент Ассамблеясига аъзо бўлиб кириш масаласи кўриб чиқилаётгани ҳам катта аҳамиятга эга.

2020 йил 23 апрелда Туркия Буюк миллат мажлиси ташкил топганининг 100 йиллиги тантанали нишонланади. Бир аср давомида Буюк миллат мажлиси Туркия сиёсий ҳаётининг энг муҳим институти сифатида мамлакат мустақиллигининг ва демократияни таъминлашнинг асосий таянчи вазифасини ўтаб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисида Туркиянинг Буюк миллат мажлиси билан ҳамкорлик қилиш бўйича Парламентлараро гуруҳ ташкил этилган. Ҳар икки давлат парламентлари ўртасидаги ҳамкорлик алоқалари тобора кенгайиб ва фаоллашиб бормоқда.

Халқаро майдонда Ўзбекистон илгари сураётган ва расмий Анқара томонидан тўла маъқулланаётган Ёшлар ҳуқуқлари конвенцияси Туркиянинг Истанбул шаҳрида БМТнинг Ёшлар марказини тузиш таклифига ҳамоҳанглиги билан ҳам эътиборлидир. Ўз навбатида, Ўзбекистон Туркиянинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида раислик қилишини қўллаб-қувватлайди.

Бу ўринда давлатимиз раҳбарининг шу йил Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномаси Анқарада турк тилида китоб шаклида нашр қилинганлиги ва ушбу расмий ташриф арафасида ижтимоий-сиёсий, ишбилармон, академик доиралар ва кенг жамоатчилик вакилларига ҳам тарқатилганлигини алоҳида таъкидлаш керак.

Туркиялик фуқаролар учун Ўзбекистонда визасиз режим жорий этилгани ва юртимизда зиёрат туризмига қулай шароитлар яратилаётгани, Самарқанд — Истанбул йўналиши бўйича қўшимча авиақатновлар йўлга қўйилганлиги сайёҳлар оқимининг кўпайишига сезиларли таъсир кўрсатди. Бугунги кунда Истанбулдан Тошкент ва Самарқандга парвозлар амалга оширилмоқда. Келгусида Бухоро шаҳрига ҳам парвозлар режалаштирилган. Ўтган йилнинг ўзида 64 минг туркиялик сайёҳ мамлакатимизга ташриф буюрди.

Ташриф дастуридан Туркия Президенти ҳузуридаги Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросими ҳам ўрин олган эди. Маърифат тўйига айланиб кетган ушбу маросимда дунёдан икки мингга яқин меҳмонлар — олимлар, ёзувчилар, таълим ва маданият намояндалари, давлат ва жамоат арбоблари ҳозир бўлди. Хорижий олий даражадаги ягона меҳмон сифатида фақат биргина Шавкат Мирзиёевнинг таклиф этилгани Ўзбекистон халқига юксак эҳтиром намунаси, давлатимиз раҳбарининг китобхонликка, маърифатга алоҳида эътиборининг ёрқин эътирофи бўлди. Туркия раҳбари Режеп Таййип Эрдоған буни алоҳида таъкидлади.

Маърифат қасрига қиёс қилинган Халқ кутубхонаси Туркия Президенти ташаббуси билан бунёд этилган. Ушбу мажмуа 125 минг квадрат метр майдонни эгаллаган. 134 тилдаги 4 миллион босма, 120 миллиондан зиёд электрон нашрлар, 550 минг электрон китоблар, 1,2 миллион ноёб аудио файлдан иборат фондга эга кутубхона дунёдаги энг улканларидан биридир. Ушбу маънавий бойлик маскани Президент қароргоҳи — Жумҳурбашканлиги саройи ёнида қурилгани ҳам унинг аҳамиятини кўрсатади.

“Жаҳоннома” залини кутубхонанинг юраги дейиш мумкин. Бу зал жаҳоннинг жуғрофий рамзи, буюк сайёҳ ва ёзувчи Челебийнинг “Жаҳоннома” асари тимсолидир. Залдаги 16 устун туркий халқлар бирлигини англатади. Кутубхонада 2 миллионта даврий матбуот ҳам бор. Ўқувчилар учун 350 мутахассис хизмат кўрсатади. Баъзи бўлимлар дам олиш кунисиз, 24 соат давомида ишлайди. Энг эътиборлиси, ушбу кутубхонада халқимиз маънавий бойликлари бўлган китоблар ҳам сақланади. Бу Ўзбекистон тарихи, маданияти, санъати ва бадиий адабиётини хорижда кенг тарғиб қилишда муҳим восита бўлади.

Тантанали маросимда Режеп Таййип Эрдоған китобни дўст, алломага қиёслади. Яъни юзта китоб — юзта аллома. Аллома эса фидойилик. Ўзбекистон бутун дунёга ана шундай фидойи, маърифатпарвар буюк алломалари — Бухорий, Термизий, Мотуридий, Нақшбандий ва бошқа жуда кўп мутафаккирлари билан машҳур.

— Дунёдаги ҳар қайси давлат, ҳар қайси миллат биринчи навбатда ўзининг интеллектуал салоҳияти, юксак маънавияти билан қудратлидир. Бундай енгилмас куч манбаи эса, аввало, инсоният тафаккурининг буюк кашфиёти — китоб ва кутубхоналарда, десак, адашмаган бўламиз, — деди давлатимиз раҳбари Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида сўзлаган нутқида. — Агар азим Анқара Туркия мамлакатининг тожи бўлса, ушбу кутубхона ана шу тожга ўрнатилган энг ёрқин, энг гўзал гавҳарлардан бири бўлибди. Бу тенги йўқ маърифат қасри барчангизга, бутун Туркия халқига муборак бўлсин.

Президентимиз тарих саҳифаларига назар солинса, халқларимизнинг маданий ҳамкорлиги олис даврлардан бошланганини ёдга солди. Рум элида туғилиб камолга етган Қозизода Румий буюк давлат арбоби ва аллома Мирзо Улуғбек расадхонасининг асосчиларидан бири бўлган. Ўз навбатида, Мирзо Улуғбекнинг садоқатли шогирди, машҳур астроном ва математик Али Қушчи ҳаётининг сўнгги йилларини Туркияда ўтказган ва бу юртда аниқ фанлар ривожига беқиёс ҳисса қўшган. Али Қушчининг набираси Мирим Чалабий ҳам бобоси сингари атоқли аллома бўлиб танилган ва унинг турк илмий-маърифий муҳитида улкан хизматлари бор.

Шавкат Мирзиёев дунёда ўта ноёб бўлган “Усмон Мусҳафи”нинг хаттотларимиз томонидан кўчирилган нусхаси, Жалолиддин Румийнинг машҳур “Маснавий” асари ҳамда Абу Бакр ар-Розийнинг “Касалликлар тарихи” асари қўлёзмаларининг факсимиле нусхалари, “Алишер Навоий асарларининг Истанбул кутубхоналаридаги тасвирий нусхалари” номли китоб-альбом, Юнус Эмро шеърларининг ўзбек тилига таржимаси жамланган “Ўлмас кўнгул” деб номланган асарларни, умуман, 350 дан зиёд турли мавзудаги китобларни кутубхонага туҳфа қилди.

Муштарак тил ва тарих, ўхшаш маданият ва анъаналар, яқин дўстлик ва қардошлик муносабатлари Ўзбекистон билан Туркияни бирлаштириб туради. Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёевнинг Туркияга ташрифи бу дўстлик ва биродарликни янги — янада юксак даражага кўтаришга хизмат қилди.

Акмал САИДОВ,
Ўзбекистон Республикаси
Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси Спикерининг
биринчи ўринбосари.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Кутилганидан ҳам самарали ташриф