18:02 / 19.03.2024
1 001

“Бу ўзбекистонликларни аёвсиз талаш дегани” — фаоллар электромобиллар импортига чеклов қўйилишидан норози

“Бу ўзбекистонликларни аёвсиз талаш дегани” — фаоллар электромобиллар импортига чеклов қўйилишидан норози
“Ўзавтосаноат” АЖ ва BYD Europe B.V. ҳамкорлигида тузилган BYD Uzbekistan Factory компанияси Ўзбекистон ҳукуматидан электромобилларнинг тартибсиз импортини чеклашни сўради.

18 март куни имзоланган президент қарорида 2024 йил 1 июлгача масъул вазирлик ва идораларга компания талабини бажариш юзасидан таклифлар бериш топширилган. Бу орқали автомобилларни хусусий тадбиркорлар ва бошқа норасмий дилерлар импорт қилишига чеклов ўрнатилиши мумкин.

Ижтимоий тармоқлар фаоллари импортни чеклаш рақобат йўқолишига олиб келишидан хавотир билдирмоқда.

Иқтисодчи Отабек Бакиров Telegram каналида икки йил аввалги хавотирлари реаллашгани ҳақида ёзди.

"Ёрлиғи BYD’ми ё GM — фарқи йўқ, “Ўзавтосаноат” рақобатни мутлақо истамайди. Ўзбек монополистлари, олигархлари ва чиновникларини нима бирлаштириб туради, биласизларми? Уларнинг ҳаммаси рақобатдан ҳаддан ташқари қўрқишади. Чунки рақобат уларнинг аслида ким эканини очиқ-ойдин кўрсатиб қўяди. “Ўзавтосаноат”, албатта, бу рўйхатда истисно эмас.

“Ўзавтосаноат” BYD билан электромобиль ишлаб чиқариш ҳамкорлиги бошлангандаёқ бу хавотирларни билдирган эдик. Шу маънода “маҳаллий иқлим ва йўл шароитларига мослаштирилмагани ҳамда расмий кафолатга эга бўлмагани учун тартибсиз импортни чеклаш” кўринишидаги жимжимадор формулировканинг ўзбекчаси бу BYD автомобилларининг импортини фақат “Ўзавтосаноат” ва унинг шўбалари ёки келишиб олинган олигархлар амалга оширади, дегани.

“Ўзавтосаноат” назаридаги “тартибли импорт” бу Хитойда 10 минг доллар бўлган электромобиллар импортини тўхтатиш, 15 минг долларлик электромобилни эса 30 минг доллардан бир қўлли қилиб сотиш, дегани. Яъни ўзбекистонликларни аёвсиз талаш, тинимсиз талаш, танловсиз талаш дегани. Қолгани — ЖСТ, истеъмолчиларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш деган важлар, узрку-я, 30 йиллик қуриган шимилдириқ
”, — деб ёзган иқтисодчи.

Яна бир иқтисодчи Миркомил Холбоев Ўзбекистондаги маҳаллийлаштиришни саратон касаллигига қиёслаган.

"Янги заводнинг пайдо бўлиши UzAutoMotors’нинг сотув ҳажмига салбий таъсир қилади. Бу эса, ўзи шундоқ ҳам таннархи қиммат бўлган автомобиллар нархининг янада ошишига олиб келади (ўзгармас харажатларнинг битта автомобилга тушадиган миқдори ортиши эвазига). Яъни янги заводнинг кириб келиши ҳозирги шароитда ички бозорда нархлар тушишига эмас, балки ошишига олиб келади.

Табиийки, бу моделлар ўзимизда ишлаб чиқариладиган энг қиммат моделларга рақобатчи бўлади. Қиммат моделларга талабнинг камайиши натижасида бу моделларнинг таннархи ошади. Завод эса, бу моделларнинг бозордаги рақобатбардошлигини сақлаб қолиш учун арзон (нисбатан ноэластик) моделлар нархини оширади.

Ҳозирги вазиятда автомобиль ишлаб чиқаришда ички бозорга янги ишлаб чиқарувчилар қанча кўп кириб келмасин, бу ички бозордаги вазиятни ижобий томонга ўзгартирмайди (нархга салбий таъсир қилиш эҳтимоли катта). Бундан ташқари, янги кириб келаётган ишлаб чиқарувчилар импорт божлари пасайтирилишини ортга суриш эҳтимоли юқори. Чунки янги ишлаб чиқарувчилар ишлаб чиқаришни айнан мамлакатимизда ташкил қилаётганликлари учун ҳукуматдан турли имтиёзлар сўрашининг эҳтимоли юқори (божларни юқори ушлаб туриш каби)
", —деб ёзган Миркомил Холбоев.

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев фикрича, “энди BYD ҳам Ўзбекистонда монополия ўрнатмоқчи”.

"Бундан икки йил аввал “Ўзавтосаноат” ва BYD биргаликда Ўзбекистонда электромобиль ва электробуслар ишлаб чиқариш бўйича ҳамкорлик меморандуми имзолаганди. Шу, бизда нима қилишса ҳам охири бориб монополияга айланиб қолаверади-я. UzAutoMotors’нинг халқ устидан кулишига энди BYD ҳам қўшилишини одамларимиз қандай қабул қилишаркин? Демак, олдинда бизни танловсиз ҳолда сифатсиз, баъзи деталлари йўқ электромобилларга олдиндан пул тўлаб, ярим йиллаб кутиш каби кулгили шартлар кутиб турибди", — деб ёзган Кушербаев.

Шунингдек, журналист Муҳрим Аъзамхўжаев: “Кутилганидек. Ўзбекистонда давлатнинг инсофсиз автомонополияси яқин орада тугамайди”, дея фикр билдирди.

Аввалроқ “Ўзавтосаноат” Жиззах шаҳрида Хитойнинг BYD компанияси электромобиль ва гибрид автомобилларини ишлаб чиқариш лойиҳасини амалга ошираётгани хабар қилинганди. Лойиҳа қиймати 122,6 миллион долларлик бўлиб, шундан 4 миллион доллари “Ўзавтосаноат”нинг ўз маблағлари, 17,6 миллион доллари тўғридан тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ҳисобидан қопланиши белгиланган. Лойиҳа доирасида 2023—2024 йилларда 50 минг дона BYD ишлаб чиқариш кўзда тутилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Авто » “Бу ўзбекистонликларни аёвсиз талаш дегани” — фаоллар электромобиллар импортига чеклов қўйилишидан норози