15:36 / 11.05.2022
2 201

АҚШ дипломатияси оқсоқоли Россия ва Хитой муносабатларининг истиқболини баҳолади

АҚШ дипломатияси оқсоқоли Россия ва Хитой муносабатларининг истиқболини баҳолади
Ҳенри Киссинжер Россия раҳбари Владимир Путин билан бир неча бор юзма-юз учрашган.
Фото: РИА «Новости»
Россия ҳамда Хитой иттифоқи абадий бўла олмайди, деб ҳисоблайди АҚШ собиқ давлат котиби Ҳенри Киссинжер The Financial Times нашрига берган интервьюсида.

Оқсоқол дипломат Москва ва Пекиннинг қилўтмас дўст бўлиб кетиши Ғарб манфаатларига зид эканини очиқ эътироф этган. Таъкидланишича, Оқ уйнинг икки давлатга душманларча муносабати уларни фавқулодда яқинлаштириши мумкин. Шунга кўра, Россия ва Хитойга нисбатан оқилона сиёсий ёндашув ишлаб чиқиш тавсия этилган.

Хабарингиз бор, Россия Украинага бостириб киргач, коллектив Ғарбнинг қақшатқич санкцияларига нишон бўлди, Кремль катта сиёсатдан деярли иҳоталанди. Ҳ.Киссинжерга кўра, Хитой айни пайтда Россия тушиб қолган мушкул ҳолатга рўбарў бўлмаслик устида бош қотирмоқда.

Таҳлилларга қараганда, дарҳақиқат, Хитой оғир танлов қаршисида қолган. Бир томондан, яқин иттифоқчиси саналган Россия наинки дипломатик-сиёсий далда, балки ҳарбий кўмак ҳам кутмоқда. Иккинчи томондан, халқаро майдонда деярли яккаланиб қолган иттифоқчига кўмак қўлини чўзиш иккиламчи санкциялар жорий этилишига олиб келиши мумкин.

Бир неча ой аввал Россия ва Хитой раҳбарлари Пекинда Қишки Олимпиада ўйинлари баҳонасида учрашган эди. Икки етакчи номидан эълон қилинган қўшма баёнотда «Хитой ва Россия ўртасидаги дўстлик чегара билмаслиги» эълон қилинган эди. Аммо Украинага қарши уруш бошлангач, Пекиннинг Москвага нисбатан муносабати ўзгаришга учради. Тўғри, Хитой томони расман Россияга бирдамлик изҳор этиб, мавжуд беқарорликда Ғарб мамлакатларини айбламоқда. Аммо амалда Хитой Украина масаласида ўта эҳтиёткор йўл тутмоқда. Аввало, ҳудудий яхлитлик, чегараларнинг мажбурий тартибда ўзгартирилиши Пекин манфаатларига тўғри келмайди. Чунки мамлакатнинг ўзида ҳудудий низолар етарли.

Боз устига, Хитой томони Россияга шериклик ортидан санкцияларга учрашни асло истамайди. Айни пайтда Хитой жадал тараққиёт орқали дунёнинг биринчи иқтисодиётига айланишни кўзламоқда. Ғарб санкциялари эса бу мақсадни йўққа чиқариши, дунёнинг олтидан бир аҳолиси яшаётган ўлкага ортиқча молиявий муаммолар туғдириши тайин. Шунга кўра, «осмоности мамлакати» молия институтлари ва йирик ширкатлари Ғарб молиявий жазо ҳамда чекловларига риоя этишга мажбур бўлмоқда. Масалан, яқинда Хитойнинг DJI Technology компанияси Россияда фаолият тўхтатилганини эълон қилди. Учувчисиз қурилмалар ишлаб чиқаришга ихтисослашган йирик ширкатнинг Россия бозоридан кетиши занжир реакциясига айланиши истисно этилмаётир.

Сирасини айтганда, иқтисодий омиллар Пекинни Москва билан ош-қатиқ бўлишдан тийиб турган асосий жиҳатлардан бири саналади. Хитойнинг ялпи савдо айланмасида Россиянинг улуш бор-йўғи 2 фоизни ташкил этади. АҚШ ва ЕИ улуши эса бир неча ҳадли рақамларни ташкил этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ дипломатияси оқсоқоли Россия ва Хитой муносабатларининг истиқболини баҳолади