Black Brant XII кўп поғонали илмий изланиш ракетаси (The Virginian-Pilot)
1995 йилда Норвегияда фазога тинч мақсадларда ракета учирилади. Аммо Россиянинг Ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи тизими томонидан ушбу ҳолат мамлакатга гўё ядро ҳужуми қилинаётгани каби баҳоланади. Президент Борис Ельцин жавоб зарбасини бериш жараёнини ишга тушириш учун «ядро жомадони»нидаги қизил тугмани босади. Ҳарбий мутахассислар фикрига кўра, ушбу лаҳзада дунё глобал ядро уруши остонасига жуда яқин келиб қолганди.
1995 йил 25 январь куни Норвегиянинг Аннёйа ракета полигонидан маҳаллий ва америкалик олимлар гуруҳи томонидан кўп поғонали Black Brant XII илмий изланиш ракетаси фазога учирилади.
Қутб ёғдусини ўрганиш ускуналарига эга бўлган ракета баллистик траекторияда учиб, апогейда 1453 км баландликка кўтарилиши керак эди.
Ракета старти Россия ҳарбий кучларининг Ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи тизими томонидан зудлик билан аниқланган. Унинг парвоз йўналиши худди АҚШ сувости флотининг Trident баллистик ракетасига ўхшатилган.
Аввалроқ, Норвегия ҳукумати дипломатик каналлар орқали тинч мақсадларда ракета учирилаётгани ҳақидаги хабарни Россияга етказган. Бироқ, бу хабар номаълум сабабларга кўра РҲОТ ходимларига етиб бормаган.
Ракета учирилиши тўсатдан берилаётган ядро ҳужуми бўлиши мумкинлиги сабабли, Россиянинг стратегик қуролли кучлари жанговар ҳолатга келтирилади. Президент Борис Ельцин ғарбга жавоб зарбасини бериш жараёнини ишга тушириш мақсадида «ядро жомадони»даги «қизил тугма»ни босади.
Россиянинг Ракета ҳужумидан огоҳлантирувчи тизими (belvpo.com)
Можаро арафасида дунёдаги вазият
Ракета можароси СССР парчаланиб кетганидан қарийб 4 йил ўтгач содир бўлмоқда. Россия бу даврда жиддий иқтисодий инқирозни кечираётган, Чеченистонда ҳарбий ҳаракатларда муваффақиятсизликка учраган, НАТО билан муносабатлари ёмонлашганди.
Бундан ташқари, Шарқий Европа давлатларини НАТО аъзолигига қабул қилиш режаси Россия раҳбарияти томонидан мамлакат хавфсизлигига таҳдид сифатида баҳоланган, ҳукумат ғарбни собиқ иттифоқдош республикаларнинг иқтисодий ва сиёсий реинтеграциясига тўсқинлик қилиш мақсади борлигида айблаган эди. Жавоб чоралари сифатида 1994 йил декабрь ойида Россиянинг Стратегик ракета қуролли кучлари жанговар ҳолатга келтирилганди.
Ракета учирилиши ҳақида огоҳлантириш
Норвегия Ташқи ишлар вазирлиги Россия элчихонасига ракета учирилиши орқали илмий тажриба ўтказилиши ҳақида икки марта (21 декабр ва 16 январ кунлари) огоҳлантириш юборган. Унда ракета учириладиган жой, унинг қисмлари қулаб тушадиган ҳудуд ҳақида маълумот бўлган. Аммо ракетанинг қачон учирилиши ҳақида аниқ хабар берилмаган, чунки бу жараён об-ҳаво шароитининг қулай келишига боғлиқ бўлган. Бу огоҳлантириш хабари ўша даврдаги дипломатик қоидалар доирасида бўлган.
Аммо ушбу хабар Россия Қуролли кучларининг РҲОТ ходимларига етиб бормаган. Бунинг сабаблари номаълум.
Аннёйа полигонидан Black Brant XII ракетасининг учирилиши (Goddard Space Flight Center NASA)
Ракета учирилганининг аниқланиши
Black Brant XII ракетаси 25 январ куни Москва вақти билан соат 9:24 да фазога учирилади. Тез орада унинг парвози Россия қуролли кучларининг бир неча радарлари томонидан аниқланади. Black Brant XII ракетаси оддий илмий ракеталардан фарқ қилган ҳолда жуда юқори баландликка кўтарилади, шунингдек, ишлатилган қисмлари ажралиб кетади.
РҲОТ ходими ҳарбий навбатчиликда (Владимир Саяпин/ТАСС)
Россиянинг РҲОТ ходимлари ракета учирилган жойни бир неча ўн километр фарқ билан аниқлайди ва Норвегия денгизидаги атом сувости кемасидан ҳарбий баллистик ракета учирилганини тахмин қилишади. Дастлаб ракета деярли тикка ҳолатда учади, бу эса унинг эҳтимолий зарба нишонини аниқлаш имконини бермайди. Шу сабабли, ҳарбий тревога эълон қилинади.
Электромагнит импульсли ракета учириш эҳтимоли
Норвегия денгизи ҳавзасидан юқори баллистик траекторияга эга бир дона ракета учирилиши Россияга қарши қўлланиши мумкин бўлган ядро ҳужумининг эҳтимолий сценарийларидан бирига мос эди.
Россия қўмондонлиги АҚШ томонидан жуда кучли электр магнит импульсини юзага келтира оладиган махсус ядро заряди бўйича илмий изланишлар олиб борилаётганидан хабардор эди. Бундай заряднинг баланд масофада портлатилиши жуда катта ҳудудларда радарлар, алоқа воситалари ва бошқа электроникани ишдан чиқариш имконини берарди. Бу эса Россия ҳудуди бўйлаб кейинги ядро зарбаларини ҳеч қандай қаршиликсиз беришга замин яратарди.
Жавоб ҳаракатлари
РҲОТ ходимлари ракета таҳдиди ҳақида Қуролли кучлар Бош штабига зудлик билан хабар етказишади. Бош штаб эса таҳдид жиддий ва «Казбек» тизимини фаоллаштириш учун асос етарли деган хулосага боришади.
«Казбек» - стратегик ракета қўшинлари автоматик бошқарув тизими бўлиб, уни бошқариш терминали «ядро жомадони» номини олган. Россия қуролли кучларида 3 та «ядро жомадони» бўлиб, уларнинг бири доимий равишда президент қўл остида турган. Қолганлари Мудофаа вазири Павел Грачёв ва Бош штаб бошлиғи Михаил Колесников назоратида бўлган.
«Ядро жомадони» (Ельцин центр музейи, Wikimedia Commons)
Терминал фойдаланувчилари ўртасида телефон орқали конференц-алоқа ўрнатилади. Россия Федерациясиниг стратегик ракета қўшинлари жанговар ҳолатга келтирилади. Президент Борис Ельцин жавоб зарбасини бериш жараёнини ишга тушириш мақсадида «ядро жомадони»даги қизил тугмани босади.
Можаронинг барҳам топиши
Ракета учирилганидан бир неча дақиқа ўтгач, РҲОТ воситалари унинг траекторияси Россия ҳудудидан узоқлашаётгани ва мамлакатга хавф солмаётганини аниқлашган. Ракета парвози бошидан охиригача РҲОТ ходимлари томонидан кузатиб турилган. Ҳавога учирилганидан 24 дақиқа ўтгач у Шпицберген ороли яқинига қулаган. Шундан сўнг, Россия ракета қўшинларининг жанговар ҳолати бекор қилинган.
Можаро оқибатлари
Россия расмийлари томонидан можаро «ўта жиддий» деб баҳоланган. Ўз навбатида, РҲОТ томонидан ракета учирилишининг аниқланиши ва таҳдид йўқолгани ҳақида зудлик билан тўғри хулосага борилиши эса «аъло даражада» деб баҳоланган.
Россия президенти Борис Ельцин ва Мудофаа вазири Павел Грачёв (Игорь Михалев, Спутник)
Ўз навбатида, Ғарб сиёсатчилари ва ОАВ томонидан Россиянинг хатти-ҳаракатлари таажжуб остига олинган. Тинч мақсадда учирилган ракета ва бу ҳақда олдиндан огоҳлантирилган бўлишига қарамай, Россия томонидан «ядро жомадони» ишга туширилиши «ҳаддан ортиқ ва параноидал реакция» деб баҳоланган. Россиянинг идоралараро коммуникация алоқаси сифатига ва ҳарбийлар томонидан президентга етказилаётган маълумотлар ҳаққонийлигига шубҳа билдирилган.
АҚШ Марказий разведка бошқармасининг собиқ ходими Питер Винсент Прай Норвегия ракетаси билан боғлиқ воқеани «Кариб можароси»дан кейинги энг хавфли ҳолат» деб баҳолаган.
«Уруш таҳдиди: Россия ва АҚШ ядро уруши остонасида» номли китобида у тарихда илк марта дунёни глобал ядро урушидан «қизил тугма»ни бир марта босилиши ажратганини қайд этган.
Можаро юзага келишининг асосий сабаби сифатида у Россия идоралари ўртасидаги бюрократик тўсиқларни кўрсатган. Айнан шу сабабли ракета учирилиши ҳақидаги огоҳлантириш ўз манзилига етиб бормаган.
Прайнинг фикрига кўра эса, ядро урушининг олди олинишида президент Борис Ельциннинг совуққонлиги ҳам рол ўйнаган. У ҳарбий қўмондонликнинг жавоб зарбаси бериш шартлиги ҳақидаги қистовига қарамай, бу ҳақда буйруқ беришдан тийилган.
Воронеждаги РҲОТ радиолокация воситалари (mil.ru)
Орадан 4 йил ўтгач, 1999 йилда NASA ва норвегиялик олимлар худди шундай ракета билан айнан шундай илмий тажриба ўтказишга қарор қилишади. Дипломатик протоколга асосан, бу ҳақдаги огоҳлантириш яна Россия ТИВ каналларига юборилган.
Бироқ, АҚШ давлат департаменти ва Мудофаа вазирлиги 1995 йилдаги воқеаларнинг такрорланишидан хавотирланиб, Россия Бош штаби ва ҳарбий идораларига ҳам қўшимча огоҳлантиришлар юборган. Бу сафарги илмий синов можаросиз якунланган.
Нурмуҳаммад Саид тайёрлади.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Россия армияси Купянскка киргани айтилмоқда
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас