07:27 / 07.03.2024
373

Днестрбўйи Россиядан ёрдам сўрамоқда. Россия томонидан ёрдам бериладими?

Днестрбўйи Россиядан ёрдам сўрамоқда. Россия томонидан ёрдам бериладими?
28 феврал куни тан олинмаган Днестрбўйи республикаси ҳимоя ва иқтисодий ёрдам сўраб Россияга мурожаат қилди. Хўш, халқаро ҳуқуққа кўра Молдовага тегишли бу ҳудуд бўйича низо қачон, қай тарзда бошланган, можаронинг ҳозирги ҳолати қандай? Бу борадаги саволларга “Геосиёсат” дастурида сиёсий таҳлилчилар Жаҳонгир Акрамов ва Камолиддин Раббимов жавоб берди.

— Аввалига Днестрбўйи билан боғлиқ можаро тарихига тўхталсак.

Жаҳонгир Акрамов
: — Днестрбўйи тарихи Россиянинг Усмонли турклар билан муносабатлари тарихига бориб тақалади. Бу ерларда олдиндан бир нечта халқлар аралашиб яшаган, румин халқлари, Валахия князлиги бўлган, туркий қипчоқ ва бижанаклар бўлган. Рус-турк уруши натижасида 19-асрдан бошлаб Бессарабия князлиги Россия таркибига ўтади ва шу даврда Россия бу ҳудудда ички аҳоли таркибини руслаштириш учун Россия ичкарисидан рус ва бошқа миллатларни кўчириб ўтказади. Биринчи жаҳон урушида Россиянинг оғир аҳволидан фойдаланган Руминия Бессарабиянинг катта қисмини ўзига қўшиб олади. 1924 йилда Бессарабияда Молдова совет республикаси тузиш илгари сурилади, бундан мақсад Россия империясининг олдинги ҳудудларини қайтариш эди. 1940 йилда Ғарбий Европа уруш билан банд бўлиб турганда Россия Руминиядан Бессарабияни қайтаришни талаб қилади ва ҳудудни қайтиб олади. Бу ҳудудда Молдова совет республикаси ташкил этилади.

Молдован миллати деган тушунча нисбий, чунки улар руминлар билан деярли битта миллат. Руминлардан ажратиш сиёсати билан ёзувини кирилл ёзувига ўтказган СССР ҳукумати. 1985 йилдан кейинги қайта қуришда Молдавияда румин тилини қайта тиклаш масалалари кўтарилади ва Россия томондан, бошқа жойлардан кўчиб келган Днестрбўйи аҳолиси бундан хавотирланди, ҳуқуқларимиз поймол бўлади деб ўйлашди ва бу миллатчилик курашига олиб келди.

Камолиддин Раббимов: — Горбачёв ҳокимиятга келгач, қайта қуриш бошланди, бу эса Совет иттифоқида музлаб ётган муаммолар эришига, миллий давлатлардаги баҳсли ҳудудлар, сепаратизмга мойил ҳудудларда конфликтлар бошланишига йўл очади. Совет иттифоқидаги энг кичик республикалардан бири Молдова эди. Молдова ташкил топаётганда Украинанинг маълум бир қисми қўшиб берилган. 80 йиллар охири, 90 йиллар бошида Днестр дарёси бўйидаги ҳудудларда нега биз Молдова таркибида қолишимиз керак, деган сепаратизм тенденцияси бошланади. Дунёдаги сепаратизм асосида муҳим ўзлик туради: диний бошқача қараш, тил билан ажралиб туриш, этник ажралиб туриш каби омиллар. Лекин Днестрбўйида молдованлар, руслар ва украинлар бор, лекин сиёсий элита кўпроқ Москвага сиёсий йўналиш олган.

1992 йилдан бошлаб бу ерда каттагина уруш бўлади. Баъзи маълумотларга кўра, юзлаб-минглаб одамлар ҳалок бўлган. Молдовага қўшилмаган ўша даврдан ўзи Молдованинг аҳолиси ҳам 2,5 млндан ошиқ, кўп эмас. Майдони эса жуда кичкина, 33 минг 846 км/кв , Ўзбекистондан тахминан 15 баробар кичик. Днестрбўйи эса охирги вақтларда Молдовага, ЕИ, Руминияга ва Украинага таъсир қилиш воситаси бўлиб қолган.

— Днестрбўйи расмийларини Россиядан ёрдам сўрашга нималар мажбурламоқда ва уларнинг асосий талаблари нима? Гагаузия масаласига ҳам тўхталиб ўтсак.

Камолиддин Раббимов
: — Юқорида Днестрбўйи Россия учун Молдова ва Украинани қамалда ушлаш геосиёсий воситаси деб айтдик. 1992 йилдаги Молдовага қўшилмаслик учун рус миллатчилари қилган урушда Россиянинг қўли бўлган, шу билан бирга украин миллатчилари ҳам урушган. Лекин бугунги вазият бошқа, Россия ва Украина бир-бирига қарши.

Днестрбўйида Россиянинг ҳарбий базаси мавжуд, камида мингдан ортиқ ҳарбийлар бор. 2022 йилгача Россия ҳарбийлари Молдова ёки Украина орқали кириб чиқар эди бу базага, ҳозир эса икки давлат ҳам Россия ҳарбийларини киритмайди ўз ҳудудига. Шу сабабли ҳарбийлар оддий фуқаро кўринишида кириб чиқяпти ва ҳарбий базани сақлаб турибди, чунки бу база Днестрбўйини ушлаб туриш воситаси. Днестрбўйида жуда катта ГЭС бор, бу ГЭС Молдова электр энергияси эҳтиёжларининг 80-85 фоизини қоплаши айтилади, шу сабаб Молдова бошқа муқобил электр энергияси манбаларини излаяпти.

Молдова – демократик давлат. Олдинги ҳокимият россияпараст эди. Молдованинг демократик экани унинг Днестрбўйи борасидаги лойиҳалари кординал ўзгариб туришини англатади. Олдинги россияпараст ҳокимият даврида Путин Днестрбўйини Молдовага қўшиб беришга қарши эмасди, фақат ҳукумат россияпараст бўлиши эди талаб. Россия давлат мулозими Дмитрий Казак таклифига кўра, Молдовани федераллаштириб, бутун Молдовани Россия томонидан назорат қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилган эди. Украинада федерализация яхши амалга ошди Россия учун. Днестрбўйидаги парокандаликнинг яна бир сабаби, ташқи дунё, хусусан ЕИ бу муаммога аралашиш ниятида эмас. Молдованинг ўзи ҳам урушиш ниятида эмас, чунки Днестрбўйида катта қурол-яроғ захираси бор. Молдова имкони бўлганда босқичма-босқич қўшиб олишни кўзлаяпти.

Жаҳонгир Акрамов: — Россия томонидан таклиф этилган федераллаштиришга Молдова рози бўлмади, чунки мамлакат уч бошли организмдек бўлиб қолади дейишди. 2022 йилда Украина уруши бошланиши билан вазият умуман ўзгарди. Ҳозир Днестрбўйида ҳеч нарса бўлаётгани йўқ кескин тарзда, ҳозирги жар солишдан мақсад шуки, эътибор қаратиш орқали музокараларга қайтиш, қайсидир маънода яшаб қолиш. Чунки Молдова ҳукумати тинч интеграцияни бошлаган эди.

Украинада уруш, Днестрбўйида ишлаб чиқариладиган маҳсулотларнинг 70 фоизи ЕИга боради, ягона йўл Молдова орқали ўтиш. Илгари Молдова бу ердан божхона тўловлари олмасди, лекин алоҳида бошқарув тизимини талаб қилаётгани учун Молдова ҳам энди божхона тўлови тўлайсиз, деган талаб қўйди, энди Днестрбўйидаги бизнесга катта зарба бўляпти бу. Бундан ташқари, Молдова ЖКга сепаратизм бўйича ҳам модда киритилди, шу сабаб Днестрбўйидаги баъзи сепаратистлар ўтмаяпти ҳам Молдовага. Днестрбўйида фаол сепаратизм ҳаракатлари кузатилмаётганига сабаб географик жойлашув, геосиёсий вазият ва иқтисодий омиллар. Днестрбўйининг асосий савло ҳамкори ЕИ ва ЕИ Молдованинг демократик ҳукумати томонида.

Гагузлар рус-турк урушидан кейин 19-аср бошларида Болқондан кўчирилган халқлар ҳисобига пайдо бўлган, Россия империяси улардан Усмонли туркларга қарши курашда доимий фойдаланишга ҳаракат қилган. Қайта қуриш даврида Гагаузия давлатини тузиш, миллий ўзликни англаш ҳаракатлари бошланган, лекин Днестрбўйидаги каби фаол, қуролли даражага чиқмаган. Умуман олганда, Гагаузияда сепаратизм йўқ.

— Можаронинг халқаро ҳуқуқий баҳоси қандай?

Камолиддин Раббимов
: — Бу ўринда аввал Россиянинг нияти нима, деган саволни қўйиш керак. Ҳар бир давлатнинг ўз ресурслари бўлади, масалан, ЕИ, АҚШ кабилар иқтисодий, ҳарбий қудратли давлатлар. Ресурс нуқтаи назаридан ҳокимият амалга оширишнинг бир қанча усуллари бор: куч ишлатиш, мажбурлаш, рағбатлантириш кабилар. Россияда бундай ресурслар анча чекланган. Россиянинг постсовет ҳудудидаги давлатларга таъсири сепаратизм бўлган. Яъни сен менга бўйсунмасанг, мен ички муаммоларингни қўллаб ривожлантираман, деган позиция. Молдовада ҳам шундай бўляпти, Днестрбўйига тинчликпарвар деб ҳарбийларини киритди, энди чиқармайди, восита сифатида ушлаб туради. Россия учун Днестрбўйи каби кичик ҳудуд элитасини таъминлаш ва қўллаш муаммо эмас. Днестрбўйидаги аҳолининг камида 2 та паспорти бор: Россия ва Молдова, баъзиларида Руминия, Украина паспортлари ҳам бор.

Халқаро қонунчиликка кўра, Днестрбўйини ҳеч бир давлат тан олмайди. Чунки бу Молдова ҳудуди сифатида тан олинган, Марказий Осиё давлатлари ҳам Днестрбўйини Молдова таркибий қисми сифатида тан олади. 2 та тамойил (қадрият) бор: давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги ва халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи бу — иккаласи бир-бирини инкор қилади. Халқаро ҳуқуққа кўра, қачонки марказий ҳокимият томонидан бир миллатга, халққа нисбатан тизимли босимлар бўлса, шунда ҳудудий яхлитлик масаласи четга сурилиб, халқларнинг ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи устувор бўлади. Лекин бу вазиятда Молдова томонидан Днестрбўйига репрессия йўқ, Россиянинг ўйини бўляпти фақат. Халқаро қонунчилик Молдова томонида.

— Днестрбўйида Россиянинг потенциал таъсири қай даражада ва Москва учун стратегик аҳамияти қандай?

Жаҳонгир Акрамов
: — Совет иттифоқи парчалангач, бу ер собиқ иттифоқ давлатларини таъсирига олиш учун керак эди Россияга. Иккинчи томондан эса совуқ уруш даврида бу ҳудудларда жуда катта ҳарбий омбор ташкил этилган, шу омбор хавфсизлиги ҳақида ҳам ўйлашади, деган қарашлар бор. ЕИ ва Молдовада Украина уруши бошлангач, Россияга нисбатан муносабат кескин ўзгарган. Россиянинг таъсир воситасини йўқотиш бўйича ўзига хос концепция бор, Молдова секин-аста бу ҳудудни реинтеграция қилмоқчи. Молдова ҳудудида Днестрбўйининг машина рақамлари билан юриш тақиқланди, турли солиқлар жорий қилиняпти, бу эса Днестрбўйининг Молдовага, ЕИга интеграциялашувини тезлаштиради.

— Минтақадаги эҳтимолий содир бўладиган сиёсий ва ҳарбий жараёнлар қайси омилларга боғлиқ?

Камолиддин Раббимов
: — Менимча, икки муҳим нуқта бор. Биринчиси, Кремлдаги маълум бир геосиёсий лойиҳалар. Медведев Сочида ёшлар билан учрашувда Днестрбўйи ҳақида алоҳида гапирган, бу ҳудуд Россиянинг стратегик манфаатлари билан боғлиқ ва биз бундан воз кечмаймиз, деган маънода гапирган. Бундан келиб чиқадики, Россия Днестрбўйини муҳим восита сифатида билади ва иложи борича таъсирини кучайтиришга уринади деб ўйлаш мумкин. Лекин аниқ шундай режаси бор дейишга далилларимиз йўқ.

Россия сиёсий элитаси Молдова ва Украинага босим сифатида бу ҳудудни ва ундаги Россияга мойил сиёсий элитани назоратида ушлашга ҳаракат қилади. Қрим аннексияси пайтида Россия Украинанинг Қора денгизга чегарадош ерларини ўзига қўшиб олмоқчи эди, агар шундай бўлса бу қўшиб олиш Днестрбўйига келиб уланади ва шунга ҳаракат қиляпти Россия. Пропагандачилар томонидан ҳам биз урушда энди тўлиқ ғалабагача борамиз, қўлимиз баланд келяпти, деган гаплар айтиляпти. Россия томонидан Днестрбўйига эътибор кучаяди, Украина фронтда енгилса, Россия назоратидаги Украина ерлари ва Днестрбўйи қўшиб юборилади.

Россия постсовет ҳудудидаги давлатларнинг ҳудудий яхлитлигини ўзи учун қонуният сифатида кўрмаган. У фақат ичкаридаги зиддиятлар, чегаралардаги муаммоларни сиёсий восита сифатида билади.

Жаҳонгир Акрамов: — 2024 йилда Молдовада президентлик сайлови бўлади, 2025 йилда эса парламентга сайловлар бўлади. Россия шу сайловларда амалдаги демократик кучларнинг ютқазишига ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин, чунки Днестрбўйидагилар ҳам сайлаш ҳуқуқига эга.

Ҳозирда Исроилда яшовчи молдовалик Илан Шор деган олигарх бор, Молдова, Европада унга жиноий ишлар очилган, у ҳозир Москвага серқатнов бўлиб қолган. Шу одамнинг гуруҳи билан социалистлар етакчиси Игор Додоннинг норасмий иттифоқи тузилиши учун ҳам ҳаракатлар бўлаётган бўлиши мумкин. Шу сабабли амалдаги президент Мария Санду ЕИ билан стратегик қўшилишни референдумга қўймоқчи, бу эса президент обрўсини оширади. Лекин сайловгача ҳам реинтеграция бўйича қарорлар, ишлар ўз натижасини бериши эҳтимоли катта, яъни аҳоли сиёсий онгига таъсир қилади. Доимий тан олинмаган Республика бўлишдан, озод демократик давлат фуқароси бўлиш яхшироқ эканини англашса керак.

ЕИнинг позицияси – Молдованинг ҳудудий яхлитлигини тан олиш, иқтисодий ва бошқа жиҳатдан ёрдам бериш. 2022 йилда Молдова ЕИга киришга номзод бўлди, 2023 йилдан музокаралар бошланди. Бу узоқ жараён, лекин Мария Санду 2030 йилгача ЕИ аъзоси бўлишни стратегик мақсад қилиб қўйганини айтган. Охирги йилларда молдавияликлар Россияда ишлашдан кўра ЕИда ишлашни маъқул кўришяпти, бу ҳам ўз таъсирини кўрсатади. Яқин келажакда постсовет ҳудудидаги давлатларда ҳам ҳудудий ва бошқа низолар камайиб, очиқ, демократик, бир-бирининг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қиладиган давлатларга айланишади деб умид қиламиз.

НормуҳаммадАли Абдураҳмонов суҳбатлашди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё