Фото: EPA
«Ҳизбуллоҳ»нинг якшанба кунги ҳужумини дунё қарийб бир ойдан буён кутаётганди. Гуруҳ қўмондони Фуад Шукр 31 июл куни ўлдирилгач, бунинг учун қасос олиниши ва Исроил қаттиқ жазоланишига ваъда берилганди.
Сиёсатчилар, дипломатлар ва экспертлар «Ҳизбуллоҳ»нинг жавоби қандай бўлиши мумкинлиги ва ливанликлар ҳаракати Исроилга қарши уруш очиш учун қанчалик тайёрлиги бўйича тахминларини билдиришганди.
Гуруҳ якка ҳолда ҳаракатланмасдан, Яман ва Ироқдаги Эрон билан боғлиқ гуруҳлар, шунингдек Эроннинг ўзи билан биргаликда ҳаракатланиши мумкинлиги борасида хавотирлар янграганди. Эрон ҳам июл ойи охирида Теҳронда Ҳамас сиёсий етакчиси Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавобан Исроилдан қасос олишга аҳд қилганди.
Натижада биринчи бўлиб Исроил зарба йўллади. ЦАҲАЛ якшанба куни эрталаб соат 5 атрофида ҳаракатнинг Ливандаги объектларига зарба йўллаб, уни Исроил ҳудудига зарба беришга тайёргарлик кўришда айблади. 40 дақиқа ўтиб «Ҳизбуллоҳ» Исроил шимолини ўққа тутди. 200 дан ортиқ ракета ва дронлар учирилди. Гуруҳ етакчиси Ҳасан Насруллоҳ якшанба кунги ҳужумни Шукрнинг ўлдирилишига дастлабки жавоб деб атаб, Исроилдан қасос олишнинг биринчи босқичи якунланганини айтди.
Исроилда ҳам расмийлар рақиб ҳужумининг олдини олишга қаратилган амалиёт муваффақиятли ўтказилгани, «Ҳизбуллоҳ» етказган зарар минимал даражада эканини билдирди ва бу иш ҳали якунланмаганидан огоҳлантирди.
Якшанба кунги зарбалар алмашуви шуни кўрсатдики, томонлардан ҳеч бири минтақада катта уруш бошланишини истамайди — камида ҳозирги босқичда.
«Фуад Шукрнинг ўлими учун ҳалокатли қасос олиш ҳақидаги 25 кунлик ваъдалардан кейин Ҳизбуллоҳнинг жавоби, юмшоқ қилиб айтганда, чекланган даражада бўлди», — дея изоҳлайди Вашингтондаги Яқин Шарқ институти экспери Фирас Мақсад.
«Ҳизбуллоҳ» Исроил билан сўнгги бор 2006 йилда жанг қилган. Ўшанда 34 кунли ҳарбий ҳаракатларда 160 дан ортиқ исроиллик ва 1200 дан ортиқ ливанлик ҳалок бўлганди. Можаро БМТ Хавфсизлик кенгаши қабул қилган резолюция билан якунланганди, шу билан бирга, икки томон ҳам ўз ғалабаси ҳақида эълон қилганди.
Шундан буён ливанликлар гуруҳи ҳамда Исроил ўртасида эълон қилинмаган статус-кво амал қилади, можаро чегарадаги тўқнашув ва отишмалардан нарига ўтмайди.
Ҳамаснинг 2023 йил 7 октябрида Исроилга илган ҳужумидан кейин Ғазода бошланган уруш вақтида чегарадаги тўқнашувлар кучайди, аммо томонлар охирги паллага қадар ўзаро тийиб туришга асосланган барқарор мувозанатни сақлашга ҳаракат қилмоқда.
Ва ҳозир ҳам, очиқ кескинлашувга қарамай, чегарадаги вазият назорат остида қолмоқда.
«Ҳизбуллоҳ» урушдан манфаатдор эмас. Ливан оғир инқироз ҳолатида, мамлакат яна бир урушга дош бера олмайди, ливанликларнинг кун кечириш шароитлари ёмонлашуви учун ўзини амалда Ливандаги ҳокимият эгаси деб биладиган гуруҳ айбдор қилинади.
Исроил ҳам икки фронтда уруш қилишни истамаган бўларди, исроилликлар аввалига Ғазодаги урушни якунлаб олишни афзал кўришади.
«„Ҳизбуллоҳ“ ҳамон Исроил ва Ҳамас можаросида иккинчи даражали ролни ўйнашни истамоқда, бунда гуруҳ Ҳамасга ёрдам берилади, аммо урушдаги асосий ўйинчига айланмайди», — дейди Фирас Мақсад.
Эскалация сиёсий савдолашувнинг бир қисми бўлиши мумкин, дейди эксперт. Эрон ҳам, «Ҳизбуллоҳ» ҳам Ҳамасга ёрдам бериш учун Ғазодаги сулҳ бўйича музокаралар иштирокчиларига босим қилишга уринмоқда.
Музокаралар: ютуққа эришиш мумкинми?
АҚШ, Қатар ва Миср Исроил ва Ҳамасни сулҳ ва 7 октябр кунги ҳужум вақтида гаровга олинганларни озод этиш бўйича келишувга мажбурламоқчи. Доҳа ва Қоҳирада ўтказилган музокараларнинг икки босқичида жиддий натижаларга эришилмади.
Исроил ҳам, Фаластин томони ҳам дарҳол келишувга эришиш осон бўлмаслигини билдирган. Америка маъмурияти ҳозирча оптимизм сақлаб қолмоқда, аммо музокаралар муваффақиятига ишонувчилар жуда кам.
Бир неча ой давомида Исроил уруш фақат Ҳамас ҳарбий ва сиёсий куч сифатида тугатилганидан кейин якунланиши мумкинлигини айтиб келади, Ҳамас эса вақтинча эмас, доимий сулҳнигина қабул қилишини билдирган.
Исроилнинг Ғазо ҳудудида, айниқса Миср билан чегарадаги Филаделфия йўлагида бўлиб туриши, фаластинликларнинг мазкур ҳудуд бўйлаб эркин ҳаракатланиши, шунингдек алмашув доирасида Исроил қамоқхоналаридан қайтарилиши лозим бўлган фаластинлик маҳбуслар сони ва рўйхати борасида ҳам келишмовчиликлар сақланиб қолмоқда.
Кўп нарса музокаралар натижасига боғлиқ — жумладан Эрон ўзини тийиши ва Исмоил Ҳания ўлими учун қасос олишдан воз кечиши ҳам.
Эрон Ҳамас сиёсий етакчиси Теҳронда ўлдирилганига жавобан Исроилга жавоб қайтариш билан таҳдид қилганди. 25 кун давомида ислом республикаси барибир бу ишни қилмади, сўнгги вақтларда Исроил ва Ҳамас ўртасида келишув тузилиши жавоб зарбасининг олдини олиши мумкинлигига ишора қилганди.
«Ҳизбуллоҳ» якшанба кунги баёнотида Қоҳирадаги музокараларда муваффақиятга эришилган тақдирда, Исроил билан чегара ҳудудини ўққа тутишни тўхтатишини билдирган.
Эрон ва «Ҳизбуллоҳ», афтидан, уруш қўзғашдан кўра, музокараларда Ҳамасга ёрдам беришдан манфаатдор, деб хулоса қилади Вашингтондаги Яқин Шарқ институти эксперти.
Душанба куни Теҳронга Қатар бош вазири ва ТИВ раҳбари шайх Муҳаммад ибн Абдулраҳман Ас-Соний келди. Унинг ташрифи Эроннинг парда ортидаги ролини эътироф этади ва воситачилар Қатар Эронни Ҳамасга босим ўтказишга кўндира олишига умид қилаётганини англатади. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Лос-Анжелесдаги ёнғинларни нега ўчириб бўлмаяпти?
Лос-Анжелесда кварталлар, машҳурлар ва миллионерларнинг уйлари ёниб кетди (фото)
Панама президенти Трамп устидан БМТга арз қилишини айтди
Германияда захирадаги ҳарбийлардан иборат махсус бўлинма ташкил этилади
Toyota компанияси Фужи тоғи этакларида «ақлли шаҳар» қурилишини якунлади
Трамп Гренландиядан Россияга қарши қандай фойдаланмоқчи экани маълум бўлди
Курскда икки нафар шимолий кореялик ҳарбий асирга олинди (фото)
Лос-Анжелесдаги ёнғинларнинг эҳтимолий сабабчиси қўлга олинди