date

Ирландия мураббийи: Ўзбекистонга қарши ўйин чинакам синов ва завқли баҳс бўлди

Ирландия мураббийи: Ўзбекистонга қарши ўйин чинакам синов ва завқли баҳс бўлди

U-17 жаҳон чемпионати гуруҳ босқичининг иккинчи турида Ўзбекистонга қарши ўтган баҳс (2:1)дан сўнг Ирландия терма жамоаси бош мураббийи Колин О’Брайен жамоаси намойиш этган ўйиндан мамнунлигини билдириб, мухлислар олдида фикрларини ўртоқлашди.

“Бу ғалаба мен учун ва йигитлар учун жуда катта аҳамиятга эга. Бугун биз чинакам футбол муҳитини ҳис қилдик. Ўзбекистон термаси Осиёда сўнгги йилларда тез суръатда ривожланаётган, Жанубий Корея ва Япония сингари кучли жамоалар қаторида. Уларнинг ўйин услуби динамик, ҳужумлари хавфли ва қарши зарбаларда жуда тезкор”, — деди О’Брайен.

Мутахассиснинг таъкидлашича, ўйиннинг айрим лаҳзасида Ирландия футболчиларига сабр-тоқат билан ҳимояланишга тўғри келган. Биринчи бўлимда гол ўтказиб юборишганига қарамай, жамоа руҳан синмаган ва режага содиқ қолган. “Бизнинг йигитлар аниқ йўналишда ҳаракат қилишди, фақат натижа эмас, ўйиндаги барқарорлик муҳим эди. Чап қанот орқали ҳужум ташкил этиш имконини кўрдик ва Градининг аниқ ҳаракати натижани тенглаштиришга ёрдам берди”, — дея қўшимча қилди у.

Иккинчи бўлимда ирландияликлар устунликни қўлга киритиб, Микаел Нунаннинг аниқ зарбаси билан ғалабани таъминлашди. “Бу ўйинда биз нафақат ғалаба, балки жамоавий иродани ҳам намоён этдик. Ўйиндаги интизом ва иштиёқни юқори баҳолайман”, — деди О’Брайен.

Бош мураббий шунингдек, мусобақа ҳали якунланмаганини ва Парагвайга қарши баҳс ҳал қилувчи аҳамият касб этишини таъкидлади: “Ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Олдинда муҳим ўйин бор. Ҳаддан ташқари хурсандчиликка берилмай, шу руҳда тайёргарликни давом эттирамиз. Бу йигитлар учун катта тажриба ва келажак учун муҳим мактаб бўлади”.

О’Брайен сўзларига кўра, Ўзбекистон термасига қарши баҳс нафақат техник, балки руҳий жиҳатдан ҳам жиддий синов бўлган. Унинг фикрича, бундай рақиблар билан тўқнашиш ёш футболчилар учун қимматли тажриба ҳисобланади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Код ноаниқ бўлса, расмни янгилаш учун устига босинг
Янгиликлар » Спорт » Ирландия мураббийи: Ўзбекистонга қарши ўйин чинакам синов ва завқли баҳс бўлди