date

Хитойлик астронавтлар коинотда қолиб кетдими?

Хитойлик астронавтлар коинотда қолиб кетдими?

Хитойнинг “Тяньгун” орбитал станциясида жойлашган “Шэньчжоу-21” экипажи режадаги муддатда Ерга қайта олмади. Бу ҳақда “China Manned Space Agency” (CMSA) маълум қилди. Сабаб сифатида қайтиш капсуласига космик чиқиндиларнинг микроскопик бўлаклари урилгани айтилади.

Маълумотларга кўра, 5 ноябрь куни уч нафар астронавтни ўз ичига олган “Шэньчжоу-21” жамоаси Ерга қайтиши керак эди. Бироқ қайтиш модулидаги зарар туфайли муҳандислар хавф таҳлилини бошлаб, миссияни номаълум муддатга узайтиришга қарор қилган. Ҳозирча аниқ саналар ва техник ҳолат ҳақида қўшимча маълумот берилмаган.

Олимлар ва мутахассислар капсулага урилган чиқиндиларнинг ўлчами жуда кичик бўлганини, лекин бу таъсир конструкциянинг хавфсизлигига жиддий таъсир кўрсатиши мумкинлигини таъкидламоқда. Агар модулни таъмирлаш имкони бўлмаса, протоколга кўра “Шэньчжоу-20” экипажи “Шэньчжоу-21” кемаси орқали Ерга қайтиши мумкин.

Оддий шароитда “Шэньчжоу” дастурининг ҳар бир миссияси ярим йиллик бўлиб, астронавтлар “Тяньгун” станциясида илмий тажрибалар ўтказади, ускуналарни хизматдан ўтказади ҳамда орбита атрофида тўпланган чиқиндиларни йўқотиш бўйича ишлар олиб боради.

Жорий йилнинг 1 ноябрида “Шэньчжоу-21” экипажи — Чжан Хонгжанг, У Фэй ва Чжан Лу муваффақиятли равишда станцияга етиб борганди. Улар Хитойнинг навбатдаги илмий миссияси доирасида фаолият бошлаган эди.

“Associated Press” ва “Reuters” маълумотларига кўра, орбитада ҳозирги миссиягача бўлган “Шэньчжоу-20” астронавтлари — командир Чен Донг, учувчи Чен Чжунжуй ва муҳандис Ван Жиэ апрель ойида “Тяньгун” станциясига жўнатилган. Улар ўз навбатдаги хизмат муддати якунига яқинлашганда мазкур техник муаммо юзага келган.

Эслатиб ўтиш жоиз, Хитойнинг “Чанчжэн-2F” ракета ташувчиси “Шэньчжоу-21” кемасини учирганида унинг бортида уч астронавт билан бирга тўртта илмий синов учун мўлжалланган сичқон ҳам бўлган.

Бу воқеа Хитойнинг инсон бошқарувидаги космик дастури тарихи учун жиддий синов бўлмоқда. Мамлакат сўнгги йилларда ўзининг мустақил орбитал станциясини барпо этди ва 2030 йилгача Ойга астронавт жўнатишни мақсад қилган. Орбитадаги бу кечиктирилган миссия эса келгуси марҳалаларда хавфсизликни янада мустаҳкамлаш зарурлигини кўрсатмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Хитойлик астронавтлар коинотда қолиб кетдими?