
2 апрель куни АҚШ президенти Дональд Трамп 180 та мамлакатга 10–50 фоизли божлар жорий этди. 9 апрелдан улар расман кучга кирди. Божлар ҳар бир давлат билан Америка савдо балансига асосланган ҳолда ҳисобланган — бу эса амалда савдо уруши бошланганини англатади.
Натижада дунё молия бозорлари “ҳушини йўқотди”:
📉 доллар пасайди,
📉 криптовалюталар тушди,
📉 акциялар қулади.
Бу фақат хорижга эмас, АҚШнинг ўзининг ҳам энг бадавлат тадбиркорларига қаттиқ зарба бўлди. Улар энди Трамп сиёсатига очиқчасига танқид билан чиқмоқда.
Илон Маск: “Арзон қисмсиз Tesla йиғиб бўлмайди!”
Илон Маск охирги вақтларда Трампнинг савдо маслаҳатчиси Питер Наваррога нисбатан Х ижтимоий тармоғида ҳақоратли постлар ёзди. Наварро Маскни “автомобил йиғувчиси” деб атади ва у “арзон хорижий эҳтиёт қисмларга муҳтож” эканини айтди. Маск эса жавобан:
“Tesla — АҚШдаги энг катта маҳаллий қисм ишлатувчи автоишлаб чиқарувчи”, — дея таъкидлади.
Маск божлар сиёсатини юмшатишга ҳаракат қилган, аммо бу натижа бермаган.
Мухлислари ҳам қўлламай қўйди
Трампнинг кўп йиллик ҳомийлари ҳам божлар сиёсатига қарши чиқишмоқда:
- Home Depot асосчиси Кен Лангоун: “Бу лаънати формулани тушунмаяпман. Осиё учун божлар жуда юқори. Бу музокара учун фойдали эмас.”
- Фишер Investments раҳбари Кен Фишер: “Бу божлар — аҳмоқона, нотўғри ва жоҳил сиёсат. Мавжуд бўлмаган муаммога, нотўғри восита.”
- Скотт Бессентнинг устози, миллиардли инвестор Стенли Дракенмиллер ҳам: “Божлар 10%дан ошмаслиги керак.”
- Трампнинг собиқ савдо вазири Уилбур Росс ҳам шубҳа билан қарайди: “Формулада муаммолар бор.”
“Биз обрўйимизни йўқотяпмиз!” — Экман
Билл Экман, Трампни қўллаб-қувватлаган миллиардер, Х тармоғида Трампни танқид қилиб, тарифларга 90 кунлик мораторий эълон қилишни сўради. Унинг фикрича:
“Иқтисодий ядровий уруш бошласак, бизнес тўхтайди, истеъмолчилар сарфлашни бас қилади, АҚШ обрўси шикастланади.”
“Тарифлар — катта сиёсий хато”
Citadel хедж-фонди асосчиси, Трампнинг донори Кеннет Гриффин:
“Оиласининг йиллик даромади 50 минг доллар бўлган америкалик энди овқат, чангютгич ва машинани 20–40% қимматга сотиб олади. Бу Америкага иш ўринларини қайтармайди — қайтса ҳам бу 20 йиллик жараён.”
JPMorgan раҳбари Жейми Даймон эса акционерларига хатда ёзди:
“Божлар инфляция ва иқтисодий сустлашувга олиб келади. Шунингдек, АҚШнинг ҳарбий иттифоқларини ҳам хавф остига қўяди.”
Блогерлар ва криптоинвесторлар ҳам зарар кўрди
Криптовалюта ҳам пасайди. Блогер Эдин Росс, Трамп билан стрим қилган, Tesla Cybertruck совға қилган шахс:
“Биткоин тушяпти, Ethereum тушяпти. 10 миллион долларлик портфелим зарар кўрди. Жин урсин, бро…”
Аммо Портной Трампни ҳимоя қиляпти
Спорт блогери ва инвестор Дэйв Портной 20 миллион доллар йўқотганига қарамай:
“Мен афсусланяпманми? Йўқ. Камолага овоз бермадим, шўрим қурсин деб йиғлаяпманми? Йўқ.”
Трампнинг тарифлар сиёсати энди фақат рақибларини эмас, балки ўз тарафдорларини ҳам алам қилиб қўйди. Миллиардерлар, сармоядорлар, блогерлар — ҳаммаси йўқотишда. Савол эса битта: бу сиёсат Америкага иш ўринлари олиб келадими ёки шунчаки иқтисодий фалокатми?