12:11 / 16.10.2018
5 503

Имомнинг маникен қизи (15-қисм)

Имомнинг маникен қизи (15-қисм)
Мусобақадан сўнг ҳамма секин-аста уй-уйига тарқала бошлаган, қизлари ғолиб бўлганларнинг оналари бахтли, ютқизганлариники эса хафа ҳолда кетдилар. Уларнинг фикрича, бу мусобақада ғолиб бўлиш юксак мақом берадигандай гўё. Миллат ҳақиқий юксак даража нелигини аллақачон унутиб, сунъийлари билан овора эди.

Биринчи ўринни Арзу Инан, иккинчи ўринни Мерве Илдениз, учинчи ўринни Айше Мине олган эди.

Баъзи газеталар Ўзлемни учинчи ўрин соҳиби деб чоп этаётган бўлсалар ҳам бу ёлғон эди. Ҳақиқий маникенга хос хусусиятлари борлиги таърифланиб, ўша воқеадан сўнг Ўзлемнинг обрўси ошган эди. У энди айниқса чўмилиш кийимларини намойиш қиладиган маникенга айланди. Кунлар, ҳафталар, ойлар сувдай оқиб ўтди.

Баъзи газеталарда унинг бошдан оёқ расми чиқар, ўтмишдаги миш-мишларни унутиб, яна юқорироқ мавқега эришишга қарор қилган эди.

Шундай кунларнинг бирида Ўзлемнинг чўмилиш кийимида тушган сурати босилиб, тагига унинг жуда уялчанг қиз эканлиги ҳақида ёзилган эди.

Фотима бу хабарни ўқигач, устозининг сўзларини эслади: “Заррача иймони бўлган одамда уят ҳисси бўлади”. Бироқ Ўзлемни ҳеч тушуна олмас эди. Бу қизнинг диний ишончи бормиди, йўқмиди, шуни била олмай қийналар эди. Чунки у ҳам бамаъни қиз бўлиб, ҳам чўмилиш кийимларида оммага чиқар эди.

Фотима билан Ўзлем яна ўзлари ёлғиз қолишган, янги газеталарни кўздан кечира бошлашди. Ўзлем кутилмаганда бир саҳифанинг ярми ўзининг суратлари билан тўла эканлигини кўрди. Сарлавҳасини ўқиб, капалаги учиб кетди. Боши айланиб, ёзувни ўқий олмайдиган даражага тушган эди.

– Эй Аллоҳ, бундай дейишга қандай тиллари борди.

Буюкларимиз “Шухрат-офатдир” дейишган. Ўзлем машҳур бўлиб борар экан, баъзилар у ҳақда чиройли гаплар ёзса, баъзилар унинг машҳурлигидан фойдаланиб “ўзига хос” мақолалар ёзишга ҳаракат қилишар эди. Бу ишда ёлғондан бемалол фойдаланилар эди.

Гап унинг номуси ҳақида борар экан Ўзлем кўз ёшларини тута олмади:

– Мен юртимда демократия бор, деб мақтанар эдим. Демократия бошқалар ҳақида истаганини ёзиш деганими?

Ўзлем тинмай йиғлар, Фотима эса уни нима деб овутишни билмаётган эди. Бирдан Фотима қизиқиб сўради:

– Бу журналистни танийсанми?

– Ҳа, танийман. Неча кунлаб ортимдан қолмади. Мен ҳақимда мақола ёзмоқчи эканлигини айтди. Рози бўлмадим. Мен бирга овқатланган одамларгача “орасида бир гап бор”, деб бўҳтон қилишгани учун рози бўлмаган эдим. У ҳам жаҳл билан миясига келганини ёзаверибди. Балки баъзилар янаям машҳурроқ бўлиш учун ошиқ-маъшуқ бўлиб юрар, лекин менга бунақа нарсалар ёқмайди. Ундан кейин менинг дардим шуҳрат эмас, мен пул топиш ниятида бу ишни қиламан.

Фотима дугонасининг ҳолатига жуда ачинаётган эди.

– Сени қандай юпатишни ҳам билмаяпман. Қўявер. Уйдагиларинг барибир жаҳли чиқмаса керак. ... Қайтангга янаям машҳур бўлиб кетасан. Ўзингга олма, Ўзлем.

Ўзлем кўз ёшларини артиб жавоб берди:

– Йўқ, дадам жуда хафа бўладилар, ойим ҳам, бошқа оила аъзоларим ҳам. Ўзим ҳам номимнинг бунақа булғанишини истамаган эдим. Мен касбим билан ўзимни исбот қилишим керак эди.

Ўзлемнинг кўнгли ёришай демас эди. Расми тез-тез газеталарда босилар, у эса ҳар куни эртасига у ҳақда нима деб ёзишлари мумкинлигини ўйлаб сиқилар эди.

Ҳайрати тугамас эди. Инсонни қоралашнинг ҳечам чек-чегараси йўқ эди. “Бу қандай эркинлик, бу қандай инсонийлик” – дея куйиб-пишарди.

Бу мусобақага қатнашиш учун Австралиядан келдим, бундай кунлар бошимдан ўтади деб ҳечам ўйламаган эдим, - дерди.

Суҳбат уйда давом этди.

Фотима университетида ўқишини чала ташлаб келган Ўзлемга ҳайрон қоларди. Сўрамай тура олмади:

– Ўзлем, тўғриси жуда ҳайрон қолдим. Университетни қандай ташлаб келдинг? Бунинг сабаби нима? Оиланг маникен бўлишингга қарши эмас эканлар.

– Ҳа, оилам тор фикрли эмас.

Фотима бу сўзни эшитиб муздек бўлиб кетди. Отасининг гаплари ёдига тушди: “Қизим, ҳозирги пайтда исломга амал қилиб яшайдиганларни тор фикрли дейишади. Бир кун келиб сенинг оиланг ҳақида ҳам шундай деб қолишса, билгинки атайин ёшларни оиласидан узоқлаштириш учун қилинади бу ишлар”.

Ўзлемга бу ҳақда ҳеч нима демай давом этди:

– Хўш, у ерлардан қандай келиб қолдинг?

– Гапириб бер, мен дугоналаримнинг ҳаётларига жуда қизиқаман. Айниқса меникига ўхшагани бормикан деб.

– Яхши, ундай бўлса айтганим бўлсин.

– “Мен 22 мартда Истанбулда дунёга келганман. Ўн ойлигимдаёқ Австралияга кўчиб кетган эканмиз. Аввалига давлат меҳмонхонасида яшаб, кейинчалик бир турк оиласи билан бир уйда турган эканмиз.Ота-онам иккиси ҳам ишлар, отам кечаси ишласа, онам кундузи меҳнат қилар экан. Онам ишга кетганларида менга дадам қараб турар эканлар. Мен тўрт-беш ёшга кирганимда кундузи дадам билан ўйнагим келар экан-ку, лекин у жуда хорғин бўлгани учун уйқуси келар эмиш. Уни уйқусидан уйғотиб, мен билан тўп ўйнашга мажбур қилар эканман.

Бу орада икки қаватли уй қурдиришибди. Бир куни онам дастурхон тузашни унутибдилару, мен эса жуда очқолган эканман. Стол устида нок бор экан, стул устига чиқиб, нокларни олиб, чўпи билан қўшиб еб ташлабман. Мени кўрган отам йиғлаб юборибдилар. Воқеани онамга айтиб бериб, пулни деб болаларимизни қийнаб қўйдик, деб хафа бўлишибди. Кейин онам ишдан бўшабдилар. Сўнг отам тижорат билан шуғуллана бошлабдилар.

Кейинроқ эса Туркия ва Австралия ўртасида сарсон бўлдик. Баъзан онам бу ерда қолса, отам у ерда бўлар эди. Ёки аксинча. Болалигим жуда бахтсиз ўтган.

Унута олмаган жуда кўп оғир пайтларим бўлди. Айниқса Туркияда баъзи инсонлар отамнинг берган нонини еб туриб, у ҳақда ёмон гаплар гапиришди. Шунинг учун ўша одамлардан ҳам, Туркиядан ҳам нафратланиб қолганман.

Мактабга борар эдим. Туркчани билмас эдим. Шу сабабли дарсларимни дадамга қилдирар эдим. Ҳар куни кечаси йиғлар эканман. Айниқса она номли шеърлар қаттиқ таъсир қилар экан. Онамни жуда соғинар эканман.

Туркчани газета ўқиб ўрганар эдим. Жуда оғир кунлар эди. Яна Австралияга қайтадиган бўлдик. Лицейга кирадиган пайтим бўлган эди. Отам мени католик коллежига ўқишга берди. У ерда австралияликларга тақлид қилиб исмимни Рузлин дея атадим. Бундан ташқари улар Ўзлем исмини айта олишмас эди.

Ўша пайтларда дадамнинг томоғи роса оғрир эди. Бир куни ўқишдан келсам, дадам йиғлаяпти. Кўп сигарет чеккани сабабли эмиш.

“Болажоним, саратон касалига чалинибман, энди нима қиламан?” – деб йиғлар эди.

Ўша онлардаги ҳисларимни ҳечам сўз билан ифодалаб бера олмайман. Докторлар дадамга очиқдан-очиқ касалини айтишибди. У ердагилар шунақа дарров тўғридан-тўғри айтаверишади.

Отам касалхонага ётдилар. Ёдимга тушса ҳалиям юрагим эзилиб кетади. Дадамни кўришга тез-тез бора олмадим. Чунки уни у ҳолатда кўришга юрагим дов бермас эди.

Дадам касалхонадан чиққанида овози чиқмайдиган бўлиб қолди. Илк маротаба овознинг қанчалик буюк инъом эканлигини англадим. Дадамнинг овози чиқмагач, харидорлар билан мулоқот қила олмагани учун тижорат ишлари ҳам ниҳоясига етди. Инсон овознинг қанчалик муҳим эканлигини фақатгина уни йўқотганида англаб етади.

Бошимдан кўп нарса ўтди. Бир ўтиришда гапириб бериладиган нарсалар эмас.

Онам Истанбулда яшар эди. Мен ҳам орзуларга кўмилиб, ватанимни ўзгарган деб юрибман. Ватанимни соғина бошлаган эдим. Чунки орадан анча йиллар ўтган эди. Бундан ташқари чидаб бўлмас даражада қийинчилик ичида эдим. Шундай кунларнинг бирида Гунеш газетасининг гўзаллик танловини эълон қилганини ўқиб қолдим. Ҳеч бўлмаса битта енгил машина ютиб оларман, дея мусобақада қатнашишга қарор қилдим. Бу фикримни онамга айтсам, рози бўлди. Отам Австралияда, мен эса бу ерга келдим.

У ерда фалсафа, психология ва сиёсатшунослик фанларини ўрганаётган эдим. Мана келдим, сизлар билан танишдим. Расмларга тушиб, мусобақага қатнаша бошладим. Аввалига меҳмонхонада турдик. Биласиз қаерда бўлсак, газеталар биз ҳақимизда ёзар эди. Ҳар куни кечки пайт айланишга, дам олишга борар эдик. Қаерга борсак ҳам ҳурмат-эътибор кўрсатишди. Бирданига ҳаётим ўзгариб кетди. Мусобақада мен финалгача бориб, ундан юқори кўтарила олмадим. Ҳа, майли, у кунлар ҳам ўтиб кетди.

Сўнгра Флеш Форум Агентлигига ишга таклиф қилишди. Маникен бўлдим. Кейинроқ мени рекламаларда суратга тушишга таклиф қилишди. Ўзинг биласан бу ҳаётнинг шуҳрати, пули яхши бўлади, бироқ мен бу оламдан сиқилиб кетдим. Билмадим менимча яна 2-3 йил ишласам керак.”

Бу гапни гапирганидан кейин бир неча кун ўтиб, яна газетада расми чиқди. Расми босилишини билар эди-ку, бироқ нималар ёзилишини хаёлига ҳам келтирмаган эди.

Газетани олиб, Фотиманинг олдига келди-ю, исён тўла гапира бошлади.

– Мана буни ўқиб кўргин...

Фотима диққат билан ўқиб чиқиб деди:

– Нима қилибди? – деди.

– Нима қилибди эмиш, эркакларнинг юрагини ёндирган эмишман.

– Машинанинг устига чўмилиш кийимида маникен ўтказишларидан мақсад ҳам эркакларнинг юрагини ўйнатиш эмасми?

– Тушунмадим, бизнинг чўмилиш кийимини кийишимиздан мақсад эркакларга жозибали кўринишми?

– И-ее. Буни билмасмидинг?

– Мен ҳечам бундай деб ўйлаб кўрмаган эдим. Тўғрисини айтсам, жуда хафа бўлдим. Бошдан оёқ расмларим чиқди, лекин буни бу тарзда ўйламаган эдим. Мен на бунақанги шухрат, на пул хоҳлайман. Мен бу ишга санъат деб қараётган эдим.

– Ёки шундай деб уқтирилдинг. Сен эмас бошқа маникенлар ҳам эркаклар нафсига хизмат қилишини билмайди.

Ўзлем қарор қилди. Ўзини эркаклар ҳойи-ҳавасига отмас, бу ишдан кетар эди.

У чиндан ҳам сўзида туриб Австралияга қайтиши учун чиптасини ҳам тайёрлаб қўйди.

Дугоналари билан хайрлашар экан, айниқса Фотимага хат ёзишга сўз берди. Фотимага бу муносабат ёққан ва “ор-номусли бўлсанг, номусинг ўз вазифасини бажаради” – деб ўйлаб, унга оқ йўл тилади.
Давоми бор...

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Имомнинг маникен қизи (15-қисм)