Футболчиларнинг молиявий имкониятларини ҳисоб-китоб қилиш билан шуғулланувчи SPORTISO нашри барча замонлардаги энг катта даромад олган спортчиларнинг топ-25 рўйхатини тақдим этади.
"Чикаго Булз" сафида 6 бор Миллий баскетбол ассоциацияси (NBA) чемпионлигини қўлга киритган Макл Жордан рўйхатни бошқариб турибди. Унинг ишлаб топган пуллари футбол олами қироллари Роналду ва Мессиникини қўшиб ҳисоблаганда ҳам кўпроқ эканлиги ойдинлашди.
1. Майкл Жордан (баскетбол) – 2,62 млрд;
2. Тайгер Вудс (гольф) – 2,1 млрд;
3. Арнольд Палмер (гольф) – 1,5 млрд;
4. Жэк Никлаус (гольф) – 1,38 млрд;
5. Криштиану Роналду (футбол) – 1,24 млрд;
6. Флойд Мейвезер (бокс) – 1,2 млрд;
7. ЛеБрон Жэймс (баскетбол) – 1,17 млрд;
8. Лионель Месси (футбол) – 1,14 млрд;
9. Михаэль Шумахер (автопойга) – 1,13 млрд;
10. Рожер Федерер (теннис) – 1,12 млрд;
11. Фил Микельсон (гольф) – 1,08 млрд;
12. Дэвид Бекхэм (футбол) – 1,05 млрд;
13. Коби Брайант (баскетбол) – 930 млн;
14. Шакил О′Нил (баскетбол) – 870 млн;
15. Грег Норман (гольф) – 815 млн;
16. Майк Тайсон (бокс) – 775 млн;
17. Алекс Родригес (бейсбол) – 650 млн;
18. Мэнни Пакьяо (бокс) – 630 млн;
19. Кевин Дюрант (баскетбол) – 625 млн;
20. Льюис Хэмилтон (автопойга) – 620 млн;
21. Неймар (футбол) – 615 млн;
22. Жефф Гордон (автопойга) – 595 млн;
23. Оскар де ла Хойя (бокс) – 580 млн;
24. Пейтон Мэннинг (американча футбол) – 570 млн
25. Дерек Житер (бейсбол) – 555 млн.
Ушбу рўйхатда 5 та баскетбол ва шунча гольф билан шуғулланадиган спортчини учратиш мумкин. Топ-25 да гольфнинг улуши (6.875 миллиард доллар) бошқаларникидан каттароқ. Иккинчи поғонада баскетбол (6,215 миллиард доллар) бормоқда. Аслида, гольфнинг бу рўйхатга киритилгани адолатдан эмас. Уни 30, ҳатто, 40 йил давомида ўйнаш мумкин. Шу боис, гольфчида реклама роликлари, гонорарлар, соврин жамғармаси улкан бўлган мусобақаларда иштирок сони бир неча баробар кўпроқ бўлиши табиий.
Гольфдан фарқли ўлароқ, баскетболда катта ғалабаларга эришиш мураккаб. Яшил майдонда соатига жуда катта пул тўлаб ўйналадиган гольфдан кўра, кўчадаги барча учун имконият тақдим этувчи баскетболда ном қозониш қийинроқ. Асосан, ижтимоий келиб чиқиши ночор бўлган оилаларда туғилган болалар МБАда ҳаракат қилиш орзуси билан яшайди. Улар сайёрамизда бир неча 10 миллионни ташкил этиши аниқ. Улар орасидан "ёриб" чиқиб, юлдуз даражасига қадар етишиш қай даражада мураккаб эканлигини тасаввур қиляпсизми? Агар статистик маълумотларга эътибор қаратсак, МБА (NBA) барча лигалардан кўра яхшироқ маош тўлайди. Ундаги спортчилар ўртача йилига 8,25 миллион доллар ҳақ олади. Клублар нафақат суперюлдузлар, балки жамоанинг энг ёш ўйинчисига ҳам олти хонали рақамлар кўрсатилган шартномалар таклиф этади.
Майкл Жорданнинг рўйхатни бошқариб тургани бежиз эмас. У ўз капиталининг атиги 6 фоизинигина НБА клублари берган маош орқали йиққан. Қолган (94 фоиз) барчаси "Nike", "Gatorade", "Hanes", "Upper Desk" ва бошқа брендлар билан имзоланган ҳомийлик шартномалари ортидан келган пуллар.
Майкл 2003 йилда профессионал баскетболни тарк этгач, 2021 йилга қадар "Nike" билан ўртадаги шартномаси ортидан 1,35 миллиард доллар ишлаб топди. У "Nike" ишлаб чиқарадиган оёқ кийимларидан тушадиган даромаднинг бир неча фоизинигина олади, бироқ бу жуда катта сумма. Мисол учун, 2021 йилдаги савдодан келган даромад эвазига унинг банкдаги ҳисоб рақамига 150 миллион доллар тушиши тахмин қилинмоқда. Унинг капитали шартномадаги айрим бандлар сабабли ўсиб бораверади.
"Jordan Brand" унинг даромадининг катта қисмини ташкил этади. "Nike" компанияси билан ҳамкорликда очилган бренд бугунги кунда футболчилар орқали ҳам даромад қилишни бошлаб юборган. Баскетбол афсонаси ПСЖ ҳужумчиси Лионель Мессининг футболкаси сотувидан 2021/21 йилги мавсум сўнгида 10 миллион доллар соф даромад қилади. Гап шундаки, унинг яна бир компанияси "Air Jordan" Париж клубининг техник ҳамкори саналади. Жамоа учун либосларни етказиб бергани учун унда жерсилар сотувидан тушадиган пулларнинг маълум қисмига эгалик қилиш ҳуқуқи мавжуд.
Яқин бир неча йиллар давомида бу рўйхатда ҳеч ким Жорданни қувиб ўта олмайди. Агар шундай "мард" топилса, у ҳам бошқа бир МБА юлдузи ЛеБрон Жэймс бўлиши мумкин. У Майклдан фарқли ўлароқ, профессионал карьерасини анча узоқ давом этиши учун қўлидан келган барча ишни амалга оширмоқда. Катта эҳтимол билан, тез орада Жэймс "Nike" билан абадий давом этиши кўзда тутилган шартномага қўл қўяди. Бу келишув ортида компания унинг ҳисоб рақамига турли бонусларни қўшиб ҳисоблаганда, 1 миллиард доллар ўтказиб бериши шарт.
Афсуски, Коби Брайант ўз бизнес империясининг гуллаётганини кўра олмайди. МБАнинг 5 карра чемпиони 2020 йилнинг январь ойида авиаҳалокат сабабли оламни эрта тарк этди. Шунга қарамай, унинг инвестициялари аллақачон катта даромадлар олиб келишни бошлаган.
2014 йилда баскетболчи энергетик ичимликлар ишлаб чиқарувчи "Body Armor"нинг 10 фоиз акциясини 6 миллион долларга сотиб олган эди. Бир неча ой аввалроқ "Body Armor" тўлиқ "Coca Cola" бренди томонидан сотиб олинди. Ортда қолган 7 йил давомида компаниянинг акциялари нархи бир неча баробар кўтарилди. SPORTISO берган маълумотларга суянадиган бўлсак, бу акцияларни бугунги кундаги нархи аллақачон 400 миллион доллардан ошиб кетган.
Шакил О'Нил Коби Брайант билан биргаликда "Лейкерс" сафида кўплаб совринларга эга чиққан. Уни баскетболчидан кўра, ТНТ каналидаги эксперт сифатидаги фаолияти ёрқинроқ чиққан, десак, адашмаган бўламиз. Унинг жуда омадли бизнесмен эканлигидан эса, кўпчиликнинг хабари йўқ.
Қаҳрамонимиз НБАдаги фаолияти ва турли рекламалардан 492 миллион доллар ишлаб олган. Бу сумма унинг бугунги кундаги капиталининг 5/1 қисмини ҳам ташкил этмайди. Гап шундаки, Шакил ўз пулларини барчасини тўғри инвестиция қилиш эвазига бугунги рўйхатимиздан ўрин эгаллаган.
Шакил кўчмас мулк биржасидаги энг фаол "ўйинчи"лардан бири. 2019 йилнинг 22 март санасида эса, "Papa John's Pizza" брендининг акцияларини сотиб олиб, директорлар кенгаши аъзосига айланди. 2021 йилда у "Sakramento Kings" баскетбол жамоасидаги кичик акцияларни 11 миллион долларга сотиб, барча пулларни "WynnBet" компаниясининг ривожланиши учун сарфлади. У турли телешоуларда иштирок этишни хуш кўради. Кучли журналистлар олдида ўзини йўқотиб қўймаслик учун Шак бир неча йиллардан бери актёрлик маҳорати ва нутқини ривожлантириш мақсадида дарс олишни тўхтатмаяпти. Доим экранларда кўриниш бергани, ўзининг кулгили ҳазиллари сабабли МБА ўйинларини трансляция қиладиган телеканаллар Шакил билан эксперт сифатида шартнома имзолаш учун бир неча миллионлик шартномалар таклиф этишда давом этмоқда. Бу эса, ўз-ўзидан унга реклама юзасидан мурожаат этувчи компанияларнинг сони кескин ортиб кетишига сабаб бўляпти. Маълумотларга қараганда, О'Нил ҳар йили рекламанинг ўзидан 60 миллион доллардан ортиқ пул ишлаб топади.
Роналду ва Мессининг бу рўйхатда пайдо бўлишини тахмин қилиш мумкин, бироқ фақат АҚШдагина улардан машҳурроқ бўлган баскетболчиларни кутганмидингиз? Тўғри, бу рўйхатда Дэвид Бекхэмни ҳам учратиш мумкин. У ҳам ўз капиталини Америка Қўшма Штатларидаги бизнеслари орқали янги даражага кўтариб олгани ҳеч кимга сир эмас. Катта эҳтимол билан, Роналду ва Месси ҳам фаолиятининг сўнгги қисмини МЛСда ўтказади. Акс холда, Кевин Дюрант ва Шакил О'Нил уларни топ-25 рўйхатида қувиб ўтиши аниқ. “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Россиялик депутат: «Олий маълумотлиларнинг курерлик қилиши — ватанпарварликка зид»
Эрон АҚШдан 1 трлн доллар компенсация талаб қилди
Айрим бошқарув сервис компаниялари шартномаларида асоссиз шартлар белгилангани аниқланди
Шольц ва Путин ўртасидаги суҳбат Киевга сигнал бўлди
20 ёшли ўзбекистонлик қизни қариндоши Туркияга сотиб юборди
Жо Байден: “Баъзан хотиним мени космосга жўнатиш билан таҳдид қилади”
Рашида Толиб Конгресс аъзоларига «аччиқ ҳақиқат»нинг суратини кўрсатди
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди