Фото: Алексей Никольский/РФ президенти матбуот хизмати/ТАСС
Россия президенти Хавфсизлик кенгаши аъзоларидан ДХР ва ЛХРни мустақил деб тан олиш масаласида фикр сўради. Уларнинг барчаси бу фикрни қўллаб-қувватлади. Путин қарор қабул қилиб бўлган.
Украина атрофидаги воқеалар кескинлашиб бораётган бир вақтда Россия Хавфсизлик кенгашининг навбатдаги ташқари йиғилиши ўтказилди. Одатда бундай кенгашлар режалаштирилмаган учрашув ўтказса, қандайдир жиддий масалани муҳокама қилди. Бу гал ҳам шундай бўлди. Россия сиёсатининг асосий фигуралари Украинанинг эндиликда собиқ вилоятлари бўлмиш Донецк ва Луганскни мустақил деб тан олиш кераклигини таъкидлашди.
«ДХР ва ЛХРни Россия таркибига қўшиб олиш ҳақида ўйламаяпмиз»
Россия президенти Хавфсизлик кенгашининг навбатдан ташқари йиғилиши Донецк халқ республикаси ва Луганск халқ республикаси раҳбарларининг ҳудудларни мустақил деб тан олиш борасида сўровини муҳокама қилиш учун ўтказилаётгани сўзи бошида айтиб ўтди. Сўзи аввалида Путин АҚШ ҳар қандай ўзи имзолаган келишувдан ҳам истаган вақтда чиқиб кетиши мумкинлигини, Киев эса Минск келишувини имзоламоқчи ҳам эмаслигини айтди. Путин йиғилишдан асосий мақсад Хавфсизлик кенгаши аъзоларининг фикрларини билиш эканини айтди.
Лавров: «Ғарб талабларимизни бажармоқчи эмас»
Сўзга биринчи бўлиб чиққан Россия ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Ғарб Россия қўйган талабларни бажармоқчи эмаслигини таъкидлади.
«Ғарб Россиянинг НАТО кенгаймаслиги бўйича талабини бажаришга тайёр эмас. Ҳамкасблар [муҳокамалар давомида] Россиянинг хавфсизлик бўйича асосий талабларини эътиборсиз қолдиришмоқда. Аҳамиятсиз даражада бўлса-да, олдинга силжиш бор. Россиянинг таклифи АҚШ томонини «нуқтаган» кўринади улар аввал рад этган жиҳатлар бўйича ишлай бошлашди», деди Лавров.
Росси ташқи ишлар вазирининг сўзларига кўра, НАТО кенгаймаслиги ва альянснинг Европада ҳаракатлари бўйича конкрет жавоблар бўлса, мулоқотни давом эттириш мумкин. Лавров 24 феврал куни америкалик ҳамкасби Энтони Блинкен билан учрашишини ҳам айтди.
«Кечаси соат 02:00 да Макрон билан гаплашдим»
Лавров Америка позициясида олдинги силжиш бор деганидан кейин Путин ҳам бу ҳақда гапирди: «Франция президенти Эммануэль Макрон билан кечаси соат 02:00 да гаплашдим. У ҳам АҚШнинг позициясида олдинга силжиш борлигини айтди. Аммо бу қандай силжиш эканини тушуниш қийин».
Козак: «Украинани Донбасс қизиқтирмайди»
Россия президент администрацияси раҳбари ўринбосари Дмитрий Козак сўзга чиқар экан, Донбассдаги вазият яхшиланиши Украина ва иттифоқчиларини умуман қизиқтирмаслигини айтди.
«Украинага ҳам, иттифоқчиларига ҳам Донбасс керак эмас, ҳеч қанақа кўринишда. Улар можаро ҳал қилинишини эмас, аксинча музлатиб қўйилишини исташади. Донбассни Киевга қайтариш борасида саволга улар нима деб жавоб беришни ҳам билишмайди. Донбассда Россия ташаббуси билан иқтисодий кўрсаткичлар яхшилана борди.
Минск келишуви 2015 йилдан буён ҳеч қандай ўзгаришсиз турибди. Украина бу ҳудуд келажагини шунчаки оддий вилоят деб қарайди, Минск келишувида айтилган тил ёки бошқа ҳуқуқлар таъминланиши режалаштирилмаган. Киев раҳбарлари Минск келишувини очиқчасига сиртмоқ дейишмоқда. ДХР ва ЛХРнинг Минск келишуви борасидаги талабларини Киев инобатга олмаяпти. Келишувни бажариш бўйича таклифни Россия, Донбасс эмас, Киев бериши керак аслида», деди Козак.
Путин Козакдан «Киев Минск келишувини бажарадими?» деб сўради. Козак эса оддий ҳолатда йўқ, деб жавоб берди.
Ҳарбийлар сўзга чиқди
Хавфсизлик кенгаши йиғилишида сўзга чиққан Федерал хавфсизлик хизмати раҳбари Александр Бортниковнинг айтишича, чегарадаги тўқнашувлар вақтида бир нафар украиналик ҳарбий хизматчи асир олинган. Кейинчалик сўз олган мудофаа вазири Сергей Шойгу Украина Донецк томонга ўт очаётганини қайд этди. Бир кечанинг ўзида 40 та ўт очиш содир бўлган. Шойгуга кўра, ДХР ва ЛХРга қарши 59 мингдан ортиқ украиналик аскар турибди, 320 та танк, 820 та миномёт ва бошқа ўқотар қуроллар чегарада териб қўйилган. Шунингдек, армияга бўйсунмайдиган миллатчи батальонлар ҳам мавжудлиги таъкидланди.
«Украина президентининг мамлакатга ядровий давлат мақомини қайтариш тўғрисидаги сўзлари жуда хавфли. СССР вақтида Украинада бундай қуроллар ишлаб чиқарилган, Украина тактик ядро қуроли ишлаб чиқариши мумкин. Украинанинг ядро қуроли ишлаб чиқариш имконияти Эронникидан юқори. Украина томони Донбассни озод қилиш бўйича ёки операция ёки провокация тайёрламоқда», деди Шойгу.
Медведев
Россия собиқ президенти, Хавфсизлик кенгаши раиси ўринбосари Дмитрий Медведев ҳам Донбассдаги республикаларни тан олиш кераклигини айтди.
«ДХР ва ЛХР амалда Украинага керак эмас. Улар ҳудудни ўз ўйинларида восита сифатида фойдаланишмоқда. Республика фуқаролари Киевдан ҳеч қандай яхшилик кўрмаяпти. Ҳозирги ҳукумат Минск келишувини бажармайди, бу Зеленскийга иккинчи муддатга сайланиш имконини бермайди. 2008 йилда Жанубий Осетия ва Абхазияни тан олиш орқали юз минглаб одамларнинг ҳаётини сақлаб қолгандик. Ҳозир вазият мураккаб, ўз навбатида оддийроқ ҳам. Ўшанда биз жавоб қанақа бўлишини билмасдик, аммо ҳозир биламиз: босим максимал бўлади, аммо биз қийинчиликдан қандай чиқиб кетишни биламиз», деди у.
Медведев биргина одам учун махсус операция ўтказадиган Америка ҳукуматига ДХР ва ЛХРда 800 минг нафар Россия фуқароси истиқомат қилишини эслатди. Унинг фикрича, вазият ўзича яхшиланиб қолмайди, Россиянинг аксар фуқаролари эса ДХР ва ЛХРни мустақил деб тан олади.
Валентина Матвиенко
Россия Федерация кенгаши раиси Валентина Матвиенконинг айтишича, ДХР ва ЛХР Украина учун шунчаки ер.
«Украина учун бу шунчаки ҳудуд холос, биз учун эса бу одамларимиз яшаётган жой. АҚШ икки славян халқларини уруштирмоқчи бўлмоқда. ДХР ва ЛХР фуқаролари эса аксилрус ҳаракатлари қурбони бўлмоқда. У ердагиларнинг аҳволига ортиқ тоқат қилиб бўлмайди, Россиянинг маънавий қарзи бор. Албатта, санкциялар оғир, лекин у ерда содир бўлаётган воқеаларга чидаб бўлмай қолди», деди Матвиенко.
Николай Патрушев
Хавфсизлик кенгаши бош котиби Николай Патрушев АҚШга 2-3 кун бериш кераклиги, бундан наф бўлмаса, республикаларни тан олиш лозимлигини айтди.
«АҚШ ўз ҳарбий доктриналарида Россияни душман деб билади. НАТО ёки бошқалар билан гаплашиш бефойда, асосий музокарачи - АҚШ. Уларнинг мақсади эса Россияни яксон қилиш. Бўлаётган воқеаларни Украина эмас, АҚШ ташкил этди. Украина халқи эса юрак олдириб қўйди. ДХР ва ЛХРдагилар етарлича қийналиб бўлишди, уларга ёрдам бериш, Думадаги чиқишни қўллаш керак», деди Патрушев.
Унинг фикрича, ДХР ва ЛХРни тан олиш ҳақида АҚШни огоҳлантириш керак.
Россия бош вазири Михаил Мишустиннинг айтишича, ҳукумат ДХР ва ЛХРни тан олиш ортидан қабул қилиниши мумкин бўлган санкцияларга қарши чораларни ўйлаб қўйган. Мишустин ҳам икки ҳудудни тан олиш бўйича АҚШни огоҳлантириш кераклигини, агар улар Киевни ҳаракатга чорлашмаса, ДХР ва ЛХРни тан олиш кераклигини айтди.
Йиғилишнинг энг кулгили ҳолати Ташқи разведка хизмати директори Сергей Наришкин билан содир бўлди. У Путиннинг саволларига довдираб жавоб берар экан, ДХР ва ЛХРни Россия таркибига қўшиб олишга розилигини айтди. Путин эса мажлисда бу масала кўрилмаётганини айтиб, кулди. Кейин Россия бош ташқи разведкачиси ДХР ва ЛХР мустақиллигини қўллаш кераклиги ҳақида ғўлдиради.
Хулоса қилиб айтганда, Хавфсизлик кенгашида йиғилган барча ДХР ва ЛХРни мустақил деб тан олишни қўллади. Фақат баъзилар бу борада аввал Американинг олдидан ўтиш кераклигини таъкидлади. Путин ҳаммага миннатдорчилик билдириб, бу борада бугун қарор қабул қилишини билдирди.
Кейинроқ маълум бўлишича, Путин Германия ва Франция раҳбарлари Олаф Шольц ва Эммануэл Макрон билан телефон орқали мулоқотлар чоғида ДХР ва ЛХРни тан олиш бўйича фармонни имзолашини маълум қилган. “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Шавкат Мирзиёев Ар-Риёд шаҳрига етиб борди (фото)
Рууд ван Нистелрой ва яна уч мураббий “Манчестер Юнайтед”ни тарк этди
"Майк Тайсон - Жейк Пол" бокс оқшомининг барча иштирокчилари билан танишинг
Нима учун айнан кузда кўпроқ киви истеъмол қилиш керак?
АҚШ Регистон майдони архитектурасини сақлаб қолиш учун 500 минг доллар ажратди