date

Чимбойлик ота алимент қарзи ўрнига уйини топширди

Чимбойлик ота алимент қарзи ўрнига уйини топширди

Мажбурий ижро бюроси тизимида алимент ундириш билан боғлиқ ишлар ҳар доим долзарб мавзулардан бири ҳисобланади. Давлат ижрочилари томонидан олиб борилаётган тушунтириш ва профилактика чоралари натижасида кўп ҳолларда оталар фарзандлари манфаати йўлида алимент пули ўрнига турли мол-мулк ёки турар-жойларни ҳадя қилишни танлашмоқда.

Бу гал Чимбой туманида яшовчи ота турли вариантлардан кўра ўзи истиқомат қилаётган уйини беришни маъқул кўрди. Унинг уйи “Озғара” ОФЙ ҳудудида жойлашган бўлиб, 3 хонали турар-жой ҳисобланади.

Ҳолатни батафсил кўриб чиқадиган бўлсак, Чимбой туманлараро фуқаролик ишлари суди қарорига асосан, қарздор Ж.Б.дан унинг икки нафар фарзанди таъминоти учун ҳар ойдаги даромадининг 1/3 қисми миқдорида алимент ундирилиши белгиланган эди. Суд ҳужжати МИБ Чимбой туман бўлимига келиб тушгач, ижро жараёнлари бошланган.

Бироқ Ж.Б. белгиланган тўловларни ўз вақтида амалга оширмагани сабабли унинг қарзи 45 миллион сўмдан ошиб кетган. Шу боис ижрочилар қарз масаласини ҳал этиш бўйича қатор чораларни кўра бошлашди.

Натижада, ундирувчи томон жорий йилнинг 22 сентябрь куни МИБга ариза билан мурожаат қилди. Унда қарздор Ж.Б. номидаги уй 45 миллион сўмдан ортиқ қарз ўрнига қабул қилингани, шу сабаб фарзандларининг 18 ёшгача бўлган алимент тўловларидан воз кечишини маълум қилди. Шундан сўнг ижро ишлари расман якунланди.

Бу каби ҳолатлар давлат органлари томонидан алимент тўловлари бўйича назорат ва таъсирчан чоралар самара беришига яққол мисол сифатида қайд этилмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Чимбойлик ота алимент қарзи ўрнига уйини топширди