Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 94 ёшида вафот этган таниқли давлат ва жамоат арбоби, ирригация ва мелиорация соҳасини ривожлантиришда катта хизматлар кўрсатган Исмоил Жўрабековнинг вафоти муносабати билан ҳамдардлик изҳор этди.
2025 йил 28 сентябрь куни оламдан ўтган Исмоил Ҳакимович Жўрабеков узоқ йиллар давомида республикада сув хўжалиги тизими ва қишлоқ хўжалигидаги ислоҳотларни амалга оширишда улкан ҳисса қўшган.
1931 йил 12 сентябрда Самарқанд шаҳрида туғилган Жўрабеков Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида таҳсил олган. 1955 йилда Пастдарғом туманида муҳандис-гидротехника сифатида меҳнат фаолиятини бошлаган. Кейинчалик “Сувқурилиш” трести раҳбари, Сув хўжалиги вазирининг биринчи ўринбосари, Мелиорация ва сув хўжалиги вазири каби масъул лавозимларда ишлаган.
Шунингдек, у Ўзбекистон Вазирлар Кенгаши Раисининг биринчи ўринбосари, мустақилликдан кейин эса Бош вазирнинг биринчи ўринбосари сифатида фаолият юритди. Жўрабеков ижро ҳокимияти тизимини шакллантириш, фермерлик ҳаракатини йўлга қўйиш, қишлоқ хўжалигидаги туб ислоҳотларни амалга оширишда ташаббускорлиги ва ташкилотчилик фазилатлари билан эътибор қозонди.
Сўнгги йилларда ҳам Сув хўжалиги вазирининг маслаҳатчиси сифатида ёш кадрларни тарбиялаш, соҳани ривожлантиришда ўз билим ва тажрибасини аямай келди.
Унинг меҳнатлари юксак тақдирланиб, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” фахрий унвони, “Меҳнат шуҳрати”, “Дўстлик”, “Фидокорона хизматлари учун”, “Эл-юрт ҳурмати” ва “Буюк хизматлари учун” орденлари билан мукофотланган.
Таникли давлат арбоби ва меҳрибон устоз Исмоил Жўрабековнинг хотираси халқ қалбида доимо муҳрланиб қолиши таъкидланмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!