Москвада бўлиб ўтган халқаро форумда “Ўзатом” агентлиги раҳбари Азим Аҳмадхўжаев мамлакатда атом электр станцияси қурилиши натижасида электр энергияси таннархи пасайиши мумкинлигини таъкидлади. Унинг фикрича, катта сармоя киритиладиган дастлабки босқичдан кейин ҳар бир киловатт/соат қувват ишлаб чиқариш харажатлари сезиларли даражада арзонлашади.
“Қувват қанча ортиқ бўлса, энергия ишлаб чиқариш шунчалик оптималлашади. Бу эса аҳоли ва иқтисодиёт учун нархларнинг ҳам пасайишига олиб келади”, — деди у.
Бироқ иқтисодчи Отабек Бакиров бу фикрга шубҳа билан муносабат билдирди. Унинг таъкидлашича, АЭС қурилиши кўпинча арзон электр энергияси ваъдаси билан асосланса-да, амалда атом энергияси газ, шамол ёки гидро манбалардан қимматроқ туриши мумкин. Шунинг учун нархларнинг тушиши ҳақидаги даъволар аниқ изоҳга эга эмас.
Маълумот ўрнида, Жиззах вилоятининг Фориш туманида кичик қувватга эга атом электр станцияси қурилиш ишлари бошланган. Лойиҳага кўра, станцияни тўлиқ ишга тушириш учун камида 7–8 йил вақт талаб этилади.
Шу тарзда, мамлакатда АЭС қурилиши энергия таъминотини диверсификация қилиш ва барқарорликка ҳисса қўшиши мумкин. Бироқ электр энергияси нархларига таъсири борасида баҳслар ҳали ҳам давом этмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!