Суякларни обдон қайнатиб, иштаҳани қитиқлайдиган ҳидга эга шўрва тайёрлаш анъанаси бундан кўп асрлар илгари пайдо бўлган. Ҳозирги кунга келиб эса суяк шўрвани “суперфуд” деб атай бошлашган.
Суяк шўрванинг фойдали хусусиятлари жуда кўп экани, у теридаги ажинларни силлиқлаши, тирноқларнинг мустаҳкам бўлишига ёрдам бериши, сочларга қувват бағишлаши, иммунитетни мустаҳкамлаб бўғимлар саломатлигига ҳам ижобий таъсир кўрсатиши ҳақида эшитгансиз, албатта. Бугунги кунга келиб уни уйда қайнатишга ҳожат ҳам қолмаган: суяк шўрвани махсус идишлар ичига солинган желе ёки сув билан аралаштириб тайёр ҳолатга келтириладиган кукун кўринишида харид қилишингиз мумкин.
Фойдали хусусиятлари ҳақида тинмай гапириладиган ушбу таомнинг саломатлик ва гўзаллик учун фойдали эканлиги ростми? Шифокорлар ва парҳезшуносларнинг бу борадаги фикри қандай?
“Фойдаси бор”: парҳезшунос фикри
Келинг, яхши янгиликлардан бошлаймиз: агар суяк шўрвани унинг озуқавий қиймати учун истеъмол қилмоқчи бўлсангиз, сизни қўллаб-қувватлаймиз. Парҳезшунос Тамара Семюелснинг фикрича, ушбу маҳсулот таркибида организм учун керакли бўлган бир нечта озуқавий моддалар мавжуд. “Суяк – нафақат оқсил, балки темир, калсий, тиамин ва бошқа бир қатор витаминларнинг ҳам ажойиб манбаи ҳисобланади”, – дейди у.
Мутахассиснинг айтишича, суяк шўрва товуқ ёки мол гўшти булонидан кўра фойдалироқдир. “Уни одатда 4 соатдан 18 соатгача бўлган вақт мобайнида қайнатишади, бу эса суяклардан озуқавий моддаларни кўпроқ ажратиб олиш, фойдали ва тўйимли таомни тайёрлашга имкон беради”, – дейди парҳезшунос.
Коллаген ҳақида икки оғиз
Коллаген инсон организми фаолиятида муҳим ўрин тутади, у суяклар ва бўғимлар саломатлиги, терининг чўзилувчанлик хусусияти учун жавоб беради. Ёш ўтиб боргани сайин организм коллагенни камроқ ишлаб чиқара бошлайди, шунинг учун ҳам таркибида коллаген мавжуд бўлган таом ёки ичимликни истеъмол қилиш саломатлик учун ҳам, гўзаллик учун фойдали бўлади.
Бироқ, кардиожарроҳ ва парҳезларнинг инсон саломатлигига таъсирини ўрганиш билан шуғулланувчи клиника раҳбари Стивен Гандри барчаси бир қарашда кўрингани каби оддий эмаслигини айтади. Гап шундаки, оқсил истеъмол қилаётганимизда организм уни аминокислоталарга ажратади, шу боисдан ҳам коллагендан қабул қилинган аминокислоталар қайтадан коллаген сифатида “бирлашиши”га ҳам ҳеч кафолат бера олмайди.
“Албатта, сизда коллаген ишлаб чиқариш учун махсус блоклар пайдо бўлади. Аммо улар таомномага таркибида пролин ёки лизин миқдори кўп бўлган исталган маҳсулотни қўшиш орқали ҳосил бўлиши мумкин”, – дейди Гандри. Бошқачароқ қилиб айтганда, суяк шўрвани фақатгина коллаген учун ичишдан фойда йўқ – организмингиз ундан коллагенни ажратиб олиши эҳтимоли жуда паст”.
Мазали суяк шўрва қандай тайёрланади?
Суяк шўрвани шунчаки ажойиб таъми учун истеъмол қилиш ҳам мумкин, тўғрими? Иссиққина шўрва куз ва қиш фаслида организмга хуш ёқади.
Дўкондан сотиб олинган кукун кўринишидаги шўрва ҳақиқийсининг ўрнини боса олмаслиги аниқ. Шунинг учун ҳам суяк шўрвани уй шароитида тайёрлашни тавсия қиламиз ва бу борада сизни профессионаллардан бир нечта маслаҳатлар билан таништирамиз.
Суяк шўрва ҳақида бутун бошли китоб ёзишга улгурган таниқли ошпаз Марко Канорнинг айтишича, одамлар суяк шўрва тайёрлашда йўл қўядиган асосий хато – суякларни тўғри танлай билмасликдир. “Яхшилаб тозаланган оппоқ кўринишдаги суякларни харид қилманг, улардан қайнатилган шўрва оқ рангли суюқлик кўринишида ва бемаза бўлади. Шўрва учун юзасидаги гўшт бўлакларини бутунлай ажратиб олиш имконсиз бўлган қисмлар, мисол учун молнинг бўйин соҳасидаги суякларни саралаб олинг”, – тавсия қилади Канор.
Ошпаз суяк шўрва тайёрлашда ҳар доим янги сабзавотлардан фойдаланиш ва қозон ичига ҳаддан ташқари кўп сув қуйиб юбормасликни маслаҳат беради. Марконинг айтишича, унинг барча тавсияларига амал қилинса, суяк шўрва иштаҳаочар ва ўта мазали бўлиб пишади. У организмга фойда келтирмаган тақдирда ҳам танангизни яйратиб юборади.
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг