17:30 / 18.01.2025
61

Тадқиқот: кунига атиги бир стакан сут ичиш саратон хавфини пасайтиради

Тадқиқот: кунига атиги бир стакан сут ичиш саратон хавфини пасайтиради
Оксфорд университети олимларининг маълумотларига кўра, кундалик сут истеъмолини ошириш саратоннинг олдини олишда оддий ва қулай усул бўлиши мумкин.

Ичак саратони дунёда энг кўп тарқалган учта онкологик касалликлардан бири ҳисобланади. Бу касалликка чалиниш ҳолатларининг ярмидан кўпини, шунчаки, соғлом турмуш тарзини юритиш орқали чеклаш мумкин. Асосий хавф омиллари қаторига тамаки чекиш, жисмоний фаоллик етишмаслиги, спиртли ичимликларни меъёридан ортиқ истеъмол қилиш, қайта ишланган гўшт маҳсулотларини истеъмол қилиш ва носоғлом овқатланиш киради.

Янги тадқиқот парҳез ва касалликнинг ривожланиш хавфи ўртасидаги алоқани ўрганишда энг йирик изланишлардан бири бўлди. У рациондаги кичик ўзгаришлар сезиларли фойда келтириши мумкинлигини кўрсатди. Масалан, кунлик бир стакан сут ичишдан ташқари, алкоголь ва қизил гўшт истеъмолини камайтириш ҳам саратоннинг олдини олишда ёрдам бериши мумкин.

Мутахассисларнинг аниқлашича, кунига қўшимча 20 грамм спиртли ичимлик истеъмол қилиш ичак саратони хавфини 15 фоизга оширади. Ҳар куни 30 граммдан ортиқ қизил ва қайта ишланган гўшт истеъмол қилиш эса хавфни 8 фоизга кўтариши маълум бўлди.

Олимлар ичак саратони хавфига сутнинг таъсирини баҳолаш учун икки босқичли ёндашувни қўллади. Аввал улар 542 мингдан ортиқ аёлнинг генетик маълумотларини таҳлил қилди. Бунда катта ёшда лактозани ҳазм қилиш қобилияти билан боғлиқ генетик вариантларга алоҳида эътибор қаратилди. Сўнгра тадқиқотчилар иштирокчиларнинг кунлик сут истеъмоли ҳақидаги маълумотларни ўрганиб чиқди.

Натижалар ажойиб: кунига қўшимча равишда 244 граммлик бир стакан сут ичиш ичак саратони хавфини 17 фоизга пасайтириши аниқланди. Бу таъсир барча турдаги — ёғли, ёғсизлантирилган ва ярим ёғли сутлар истеъмол қилинганда кузатилди.

Қизиғи шундаки, сутнинг ҳимоя таъсири бошқа омилларга — турмуш тарзи ёки овқатланиш режимига алоқадор бўлмаган.

Бундай таъсирнинг аниқ сабаблари ҳали тўлиқ ўрганилмаган бўлса-да, олимлар бир нечта фаразларни илгари сурмоқда. Биринчидан, сут таркибида кальций кўп бўлиб, у ичакдаги потенциал зарарли моддаларни ўзига боғлаши ва зарарли ҳужайраларнинг нобуд бўлишига ёрдам бериши маълум.

Иккинчидан, кўпгина сут маҳсулотлари ҳужайра ўсишини бошқарадиган ва саратонга қарши хусусиятларга эга бўлган D витаминини ўз ичига олади. Бундан ташқари, сутдаги лактоза яллиғланишга ва саратонга қарши таъсир кўрсатувчи модда — бутират ишлаб чиқарадиган фойдали бактерияларнинг кўпайишига ёрдам беради.

Шунингдек, сут таркибида конъюгирланган линол кислотаси мавжуд бўлиб, 2021 йилдаги лаборатория тадқиқотларида у саратонга қарши хусусиятларга эга бўлиши мумкинлиги аниқланган.

Бироқ сут ҳаммага ҳам мос келмайди. Лактозани кўтара олмаслик, сут маҳсулотларига аллергия ёки бошқа парҳез чекловлари бўлган кишилар овқатланиш тартибини ўзгартиришдан олдин, албатта шифокор билан маслаҳатлашиши лозим.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали