22:12 / 28.06.2017
7 272

Чирой ортидаги синоат

Чирой ортидаги синоат
Туманли об-ҳаво то шомгача давом этди. Атроф ғира-шира, деярли ҳеч ким кўринмайдиган кўчада фақат биргина қиз пошнали туфлисини тақиллатганча юриб келяпти. Бу Анора эди. Аноранинг ота-онаси фарзанди балоғат ёшига етганида ажралиб кетишганди. Онаси билан қолган қиз бир муддатдан сўнг волидасидан айрилиб қолди. Отаси эса ҳали-ҳамон дом-дараксиз. Аноранинг қариндошлари йўқ эмас, лекин у, барибир, ёлғиз яшашни ёқтирарди.

— Қиз боланинг бир ўзи яшаши яхши эмас, қўрқмайсанми? — дерди холаси куюниб.
— Ўттиз учга кириб, нимадан қўрқай?! — дерди Анора узун тирноқларига маъносиз термулиб.
— Эҳ! Нақадар чиройлисан, лекин бахтинг…

Анора бу гапларни жуда кўп эшитган. Ҳамма қизнинг гўзаллигу латофати ҳақида тинимсиз сўзлар, шу билан бирга оила қуриш масаласини ҳам, албатта, қўшиб қўярди. Етимликни эрта ҳис этгани учунми ёки қайсарлиги сабабми, Аноранинг ўзига ишончи кучли, ишларини ҳам ғайрат билан йўлга қўйиб, ёлғиз яшашга қарор қилганди. Қадамларида шижоат сезилиб турадиган Анора мана, ҳозир ҳам қоронғулик ва туман қаридан тап тортмай чиқиб келяпти. У сочларини белига қадар ёйиб олган, дона хол ярашган даҳани доимгидай баланд кўтарилган. Юзида эса заррача қўрқув акс этмасди.

— Вой, Худойим-эй!
Кўксига туфлаб олган қўшни аёл даъфатан қаршисида пайдо бўлган қизни кўриб, чўчиб кетди.
— Нега қўрқасиз? — деди Анора бамайлихотир. Унинг кўзлари доимгидай совуқ, лекин қатъий тикилиб турарди.
— Ўзи ваҳимали ҳавода дағ-дағ титраб, базўр кўчага чиққандим. Сени кўриб… — деди аёл ва унинг гапини парвойига ҳам илмай, эшигини очаётган Анорага бурнини жийирди. — Шом маҳали жуда кўп кўчада юрасан, бу қиз бола учун яхши эмас.

— Хавотир олманг, — деди Анора уйига кираркан, — мен ўрганиб кетганман.
Энсаси қотган қўшни аёлнинг бу қизга гапирмаслиги мумкинмасди.
— Балки, шунинг учун ҳам ҳалигача бахтинг очилмаётгандир?!
Анора қўшни аёлнинг заҳарханда гапини эшигини ёпган бўлса ҳам, эшитди ва чуқур «уҳ» тортиб қўйди-да, марҳума онасининг хонасига кириб кетди. Анорага бу хонада кўп ўтирмасликни холаси тайинлар, лекин қиз нима учундир қоронғу хонада бир нуқтага қараганча узоқ қолиб кетарди.
* * *
Мусиқа, идишларнинг тарақлаган овози бироз тинди. Зиёфатнинг айни авж палласи. Анча пайтдан буён учрашолмаётган дугоналарнинг оғзи тинмас, гоҳ болалари, гоҳ эрлари ҳақида жаврашдан чарчашмасди. Фақат Анорагина жим. У қошларини хийла учириб, қўлидаги ичимлик тўла қадаҳга термулганча ўтирарди. Аноранинг бу бепарволиги, ҳеч кимга аралашмаслигини қаршисидаги курсдош қиз хушламас, қизнинг манманлиги ҳақида ёнидагилар билан ғийбатлашарди. Сўнг у дугоналарига «ҳозир боплайман» дегандек кўз қисди.
— Анора! Қачон эрга тегасан? Ўттиз учга кирдинг-ку ахир!

Анора овоз соҳибаси уни ҳеч ёқтирмаслигини ва ҳатто ҳозир очиқдан-очиқ жангга чорланаётганини ҳам биларди. Қизнинг чақнаб турадиган гўзал, лекин совуқ нигоҳи қадаҳдан кўчди ва бошини баланд кўтарди.
— Яқинда, — деди қиз бироз жилмайиб, сўнг айёрлик билан кўз қисиб қўйди. — Сенинг эринг энг яхши номзод деб ўйлаяпман!
Стол атрофидаги қизлар энди уриш бошлаган дугоналарига қарашар, ўзаро пичирлашишарди. Ўртага ноқулай сукунат чўкди. Аммо Анора шу пайт ўрнидан турди-да, яқин дугонаси Сакина билан рақсга тушиш учун кенг даврага йўл олди. Анорага деярли барча дугоналари еб қўйгудек нафрат билан тикилишаётгани, улар уни нима учун ёмон кўриши ҳам аён эди.

— Ҳаммасининг сенда қасди бор! — деди йўлда кетишаркан Сакина асабийлашиб. — Ҳаммаси сенга ҳасад қилади.
Анора индамади, шунчаки, куюнчак дугонасининг елкасидан қучиб, жилмайди.
— Лекин сен ҳам бопладинг-да! — Сакина қаҳ-қаҳ уриб кулди. — Билишадики, истасанг, ҳаммасининг оиласини бузишинг мумкин. Сендан, чиройингдан ўлгудай қўрқишади.
— Қўйсанг-чи, — деди Анора.

Анора ҳуснига ишониб, кўп гапирмаса-да, аммо у ич-ичидан бу ҳақиқатни аллақачон кашф этган. Сакина билан ҳам бу ҳақда гаплашишни истамади. Лекин дугонаси ўтмишни эсга олганида ўйланиб қолди. Чиндан ҳам Анора билан учрашган йигитлар уни бир кўришдаёқ севиб қолишар, муҳаббат изҳор этишарди-ю, лекин айнан тўй масаласига келганда, бу муҳим қарорни қабул қилишмасди. Қизнинг ёнида кетаётган дугонаси ҳам бир қанча йигитларни Анора билан таништирган, не ажабки улар ҳам тўй олди айниб қолаверишган.
* * *
Бу ўй-хаёлларнинг тагига етишни истаган Сакина эртаси куниёқ амакиваччаси Мурод билан учрашди. Бир пайтлар Сакинанинг айнан шу амакиваччаси Анорани ўлгудай ёқтириб, совчи қўйганди.
— Ўша дамлар Анорадан нега айнигандинг?
Сакинанинг дабдурустдан бу мавзуни очиши йигитни шошириб қўйди.
— Ажойиб савол бўлди-ку, — деди Мурод кичик ўғилчасини тиззасига ўтқизганча атрофга ўғринча қараб. — Секинроқ гапир, хотиним эшитса, тамом бўламан. Ўзи ҳали-ҳамон тушларимда «Анора» деб чиқар эмишман.

— Шуни айтаман-да! — бақиргудай бўлиб деди Сакина баланд овозда ва амакиваччасининг ишорасидан кейин тезда товушини пасайтирди. — Ахир сен унга ошиқ эдинг, кейин бирдан айнидинг. Сабабини сўрасам, ўша кезлар мужмал жавоб берганинг, бу ҳақда гаплашишни истамаганинг ёдимда.
Мурод яна бир карра атрофга аланглади-да, секин гап бошлади.

— Очиғи, — деди у пичирлаб, — дугонангни чиндан жуда ёқтирардим. У нафақат соҳибжамол, балки фаросатли, доно, хуллас, бир йигит истаган барча хусусиятга эга қиз эди. Бироқ тўй арафасида, негадир оғирлашиб кетаверганман. Эрта тонгдан бошимда оғриқ билан уйғониб, то кечгача оғир юк ортган одамдай юрардим. Анора билан кўришсам, гаплашсам ва ҳатто уни ўйласам ҳам, ўша оғриқ миямни шу қадар сиқардики… Аввалига бу оддий тасодиф деб ўйладим, аммо ҳар сафар у билан жанжаллашиб қолсамгина оғриқ ўтиб кетарди!
— Тавба, бу нимаси бўлди?! — деди Сакина ёқасини ушлаб. — Шунча гапни нега айтмагансан? Балки, бу шунчаки тасодифдир?

— Айнан шу гумоним сабаб бу ҳақда ҳеч кимга айтмаганман. Аммо шундай қизнинг ҳалигача эрга тегмагани жуда сирли-да, тўғрими? Ким билсин, унга жин-пин кириб олгандир.
— Эсинг жойидами, қанақа жин, ёш бола бўлмагин! — энсаси қотди Сакинанинг.
— Ие, мен ҳазиллашмаяпман! — деди Мурод ранжиброқ. Сўнг пичирлаганча қўшиб қўйди. — Айтишади-ку, жуда чиройли қизларнинг эркак жинлари унга ҳеч кимни яқинлаштирмайди деб!

Сакина индамади. У бу ҳолатга шунчаки «сирли» деган таъриф беришни истарди-ю, бироқ чигаллик ортаётганди. Амакиваччаси билан хайр-хўшни ҳам насия қилганча ўқдай отилиб кетган аёл энди ким билан учрашишни ўйларди. Шу тоб мактаб даврларида Анорага телбаларча ошиқ бўлган
синфдош йигитни эслади ва унга қўнғироқ қилди. Улар яқин орадаги кафеда учрашишга келишишди. Шунча пайт йўқламай, бирдан пайдо бўлиб қолган синфдошининг авзойидан Сардор ҳайратда эди.

— Тинчликми, бирдан йўқлаб қолибсан? — деди гап нимадалигини тушунолмаган йигит.
— Тинчлик. Болаларинг, рафиқанг яхшими? — деди гапни узоқдан бошлаган Сакина неча йиллар апвалги хотиралар билан синфдошига озор бериб қўйишдан қўрқиб.
Шунга қарамай обдан сўрашиб бўлгач, ичидаги саволини бермай иложи йўқ эди. Сакинани диққат билан эшитган Сардор бироз ўйланди-да, қошларини чимирди.

— Ўша пайтлар айтгандим, шекилли, уни севмай қўйганман, тамом-вассалом! — йигитнинг овозида аччиқланиш ва аллақандай ҳаяжон ҳам яққол сезиларди. — Умуман, бу ҳақда нега сўраяпсан?
— Жаҳлинг чиқмасин, — деди Сакина хижолатли алфозда. — Мен шунчаки баъзи нарсаларга ойдинлик киритмоқчиман, холос. Хабаринг бор, Анора ҳалигача турмуш қурмади! У тарбияли, ақлли, ҳатто ўз бизнесини йўлга қўйиб олган, ҳусн-жамоли ҳақида-ку гапиришнинг ҳожати йўқ. Лекин нима учун?..

— Менга қара, Сакина, — деди Сардор «тўхта» дегандай қўлини кўтараркан. — Мени нима учун чақирдинг ўзи? Анора ҳақида гаплашишни истамайман!
— Ҳақиқатни айт, илтимос!
Сакина синфдошининг асабий қиёфасига қараб, илтимоси рад этилишига ишончи комил эди. Шу сабаб:
— Ҳа, майли, безовта қилганим учун узр, — деди-ю, кетишга чоғланди.

— Тўхта! — кутилмаганда Сардор Сакинанинг кетишини истамади. — Модомики шу қадар қизиқаётган экансан, билиб қўй, Анорага ҳамон меҳрим бор.
— Демак, сен уни ҳалигача…
— Илтимос, гапимни бўлмай, жимгина тингла, бу ҳақда гапиришим осон эмас. Хуллас, ўн йиллар аввал Анорага совчи қўйгандим. Ҳаммаси бир маромда кетаётганди. Лекин, лекин…

Сакина жим бўлиб қолган синфдошининг ҳолатида ўзгариш сезди-ю, индамади. Гарчи, қизиқиш устунлик қилаётган бўлса ҳам, ўзини босди. Аммо Сардор ҳадеганда гапиравермас, аксинча, тез-тез ютинарди.
— Лекин, — деди Сардор сувдан ҳўплаб қўйгач. — Ўзим ҳам тушунмайман, негадир у билан бирга бўлган кезларим аҳволим оғирлашаверарди.
— Тушунаман, уни жуда рашк қилардинг…

— Йўқ, йўқ! — кескин бош чайқади йигит Сакинанинг кўзларидан кўзини узмай. — Мени тушунмадинг, бу руҳий ҳолат эмас, Анора билан учрашсам, бошимда кучли оғриқ сезадиган бўлдим. Аввалига бу оғриқлар одатдаги бош оғриқларидай туюлди, эътибор қилмадим. Тўй кунимиз яқинлашгани сари эса оғриқлар ниҳоятда зўрайди. Докторларга ҳам, табибларга ҳам мурожаат этиб кўрдим, бари бефойда эди. Охири бир аёл буларнинг бари бўлажак келин, яъни Анора сабаб юз бераётган бўлиши мумкинлиги ҳақида айтди.
Йигит чуқур «уҳ» тортди ва атрофидаги жуфтликларга қараб, ўйланиб қолди.

— Ич-ичимдан ҳалиги аёлнинг гапларига ишонсам-да, беш-олти маротаба Аноранинг ҳузурида ҳушдан айрилганимга ҳам қарамай барига кўз юмдим. Лекин соғлиғим кўтармагач… Эҳ, бу синоатли ишларни кимгадир айтишга ҳам уяласан, барибир, ҳеч ким ишонмайди…
Сакина жим қолди. Ахир амакиваччасининг гаплари билан ҳозирги эшитганлари деярли бир хил ва бу ҳақиқатни инкор этиш ноўрин эди.
Сакина бир ой давомида яна бир қанча йигитлар билан кўришди. Уларни топиш, эски воқеаларни қайта қўзғаш осон бўлмаса-да, дугонасининг бахти, қолаверса, кучли қизиқиш сабаб ҳам ишни охирига етказиш учун жон куйдирди. Аммо кутилмаганда Анора уни қидириб, ишхонасига келди ва таклифнома узатди. Сакина титрабгина дугонасини табрикларкан:
— Бўлажак эрингнинг аҳволи яхшими? — деди эҳтиёткорлик билан Анорадан гап олишга уриниб.

— Аҳволи?! — ҳайрон бўлди Анора, — Жуда яхши, нега сўраб қолдинг?
— Ҳ-ҳа, шунчаки! — Сакина кўнгли хотиржам тортганидан жилмайиб қўйди.
— Ҳаммаси жойида, лекин ҳадеб боши оғрийверади, тўйгача ўтиб кетар…
Анора тўй тадориги, янги режалари ҳақида жўшиб гапирар, Сакинанинг юрагини эса таниш ғашлик қопларди. У дугонасига нималарнидир айтмоқчи эди-ю, «Ўтган ишлар ўтди, бари сафсата бўлган», дея қўл силтади.

Эрининг иши сабаб узоқроқ сафарга чиққан Сакина Аноранинг тўйига бора олмади, тўй тафсилотларини билиш учун дугонасига қўнғироқ қилганида эса телефони ўчиқ экан.
— Тўйга боролмаганимдан жуда афсусландим. Анора ҳам эрли тўкис, бир зумда телефонини ҳам ўчириб, асал ойини бошлаб юборишган чоғи! — деди Сакина яна бир дугонаси билан боғлангач, қотиб-қотиб куларкан.
— Э-э, қанақа асал ойи? Ҳали хабаринг йўқ, шекилли, Аноранинг пешонаси қурсин, куёв бола тўйнинг эртасигаёқ вафот этди-ку. Касалманд экан-да!
Сакинанинг телефони ўзи билмаган ҳолда қўлидан тушиб кетди…


Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Чирой ортидаги синоат