19:38 / 04.02.2018
11 676

Бас қил демаганча гапиргандан кўра, сўрамаганча сукут сақлаган яхшироқ

Бас қил демаганча гапиргандан кўра, сўрамаганча сукут сақлаган  яхшироқ
Халқимизда “Айтилган сўз, отилган ўқ” деган нақл бор. Ортиқча бирорта нарсани лақиллаб қўймаслик учун ўзингни тийиб туриш нақадар қийин. Айнан мана шу хислат етук шахсни, ғўр одамдан ажратиб туради. Ҳар бир айтган сўзимиз ҳаётимизга албатта таъсир қилади, биз буни ҳоҳлаймизми ёки йўқми бунинг аҳамияти йўқ. “Етти ўлчаб бир кес” деган ибратли мақол, гапирадиган ҳар бир гапимизга ниҳоятда масъулият билан ёндошишимиз зарурлигини англатиб турибди. Ўткинчи туйғуларга берилиб, оғзинга келганини гапиргандан кўра, яхшиси сукут сақлаш ва ҳар томонлама ўйлаб сўнгра жавоб бермоқ фойдалироқдир.

Бу борада халқимизнинг буюк шоири Алишер Навоининг қуйидаги мисраларини эсга олишни жоиз деб топдим:

Оғзига келганини демоқ нодоннинг иши
Олдига келганини емоқ ҳайвоннинг иши.


Келинг яхшиси, атрофимиздагиларга очиқча айтишимиз тавсия қилинмайдиган ва ўзимизнинг омонлигимиз учун зарур бўлган баъзи нарсалар ҳақида суҳбатлашсак. Нима дейсиз? Сиз рози бўлсангиз бошлаймиз.

Саховат. Бировларга қилган яхшиликларингиз, хайрли ишларингиз ҳақида ҳар жойда ва ҳар кимга гапириш керак эмас. Қилинган эзгулик ҳақида баланд овозда жар солинса, у ўзининг қимматини йўқотади ва ҳатто баъзан кишида нафрат ўйғотади. Агар дунёни яхши томонга ўзгартирмоқчи экансиз, буни жимгина амалга оширмоқ зарур. Одамларга ниманидир етказишнинг энг яхши йўли, бу ўз хулқинг билан эзгуликни намойиш қила олишдир.

Зоҳидлик. Рўза тутаяпсизми? Парҳез сақлаяпсизми? Севган кишингиз ёнингизда бўлмаганлиги учун баъзи нарсалардан тийилганмисиз? Яхшилаб ўйлаб кўринг, бундай ўта шахсий нарсаларни бировлар билиши шартми? Агар ҳаддан ташқари кўкларга кўтариб мақталадиган бўлса, ҳар қандай жасорат ва қаҳрамонлик ҳам ҳеч нарсага арзимас бўлиб қолади. Яқин кишиларингизни, сизнинг матонатингиз ҳақида таҳсин ўқиш заруратидан қутқаринг! Чунки бу таҳсинлар чин дилдан бўлмайди…

Қаҳрамонлик. Қаҳрамон бўлишни ҳоҳлайсизми? Қаҳрамон бўлинг! Кимгадир беғараз ёрдам беринг, қўшнингиз томонидан кўчага ташланган ахлатни йиғиштириб олинг, хайрихохлигингизни кўрсатинг. Ва бу ҳақда унутинг! Агар сиз бу ҳақда барчага жар солиш васвасасидан ўзингизни тия олсангиз, эзгу ишларингиз учун албатта мукофот оласиз. Ишонинг бу чин ҳақиқат.

Диндорлик. Сиз художўй бўлдингизми? Сўфийлик амалиётини бажараяпсизми? Жуда яхши, лекин бу бошқаларни ҳам айнан шу иш билан шуғулланишга даъват қилиш учун сабаб бўла олмайди. Сиз ўзингизнинг диндорлик амалиётингизни бошқа инсон билан бўлишиш жараёнида, унинг шунга ўхшаган иш билан шуғулланишга бўлган истагини бутун умрга сўндириб қўйишингиз мумкин! Унутманг ҳар бир одамнинг ўз танлаган йўли бор ва сизнинг қарашларингизни тан олишга, сиз танлаган йўлни танлашга ҳеч ким ҳеч қачон мажбур эмас.

Ахлоқлилик. Ҳар қандай одам, ҳар куни қайсидир маънода зўровонлик ҳаракатини (бехосдан қурт-қумурсқани босиб олади ёки дарахтларни синдиради ва ҳ.к.) амалга оширади. Кимки ўзининг ахлоқлилиги ҳақида жар солаётган бўлса, демак у мунофиқ ва иккиюзламачи одам. Сизнинг камчиликларингиз жуда кўплигини ўзингиз тан олинг ва ҳақиқатда кимлигингиздан кўра яхшироқ кўринишга ҳаракат қилманг. Бу жуда ахмоқхона ҳаракат ва ниҳоятда нодонликдир!

Оилавий ҳаёт. Можаролар ҳар қандай оилада бўлиб туради. Яхшиси бу ҳақда сукут сақлаган маъқул, чунки низо албатта бартараф қилинади ва ҳаёт яна изига тушади, сиз ҳақингиздаги ва яқинларингиз ҳақидаги фикрлар эса ўзгаради. Оилавий ҳаётингиз ҳақида қанчалик кам гапирсангиз, шахсий ҳаётингизнинг шунчалик яхши томонга ўзгариши, тинч ва осуда кечиш эҳтимоллиги ошиб боради.

Таом. Бошқа одамларни меҳмон қилиш баробарида индамасдан босиқликни сақлаган маъқул. Овқат қандай маҳсулотлардан қай йўсинда тайёрланганлиги ҳақида жавраманг, бу сизга обру келтирмайди. Овқатнинг яхши таъмини меҳмоннинг ўзи ҳам баҳолаш қобилиятига эга. Агар у ҳоҳласа сиздан албатта таом таркиби ва тартибини сўраб олади. Аммо ўзингизнинг ошпазлик талантингизни рўкач қилиб мақтанавериш керак эмас.

Келажак режалар. Ўзингизнинг режаларингиз ҳақида гапириб, бошқаларга кулгу бўлманг. Охир-оқибатда улар ўзгариши, сиз эса исталаган пайтда бу ҳаётдан кўз юмишингиз мумкин. Эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. Воқеаларни олдиндан режалаштиринг, мулоҳаза билан ҳаракат қилинг аммо келажак ҳақидаги умидларингизни ҳеч ким билан бўлишманг.

Фарзандлар. Агар сизнинг болангизнинг мактабдаги ютуқлари ҳақида билиш бошқалар учун жуда қизиқарли деб ўйласангиз жуда катта хатога йўл қўйган бўласиз. Ўз боласи ҳақидаги сафсаталар билан жамоатчиликни банд қиладиган ота-оналар аслида жуда бахтсиздирлар. Назаримда улар учун бошқа гапирадиган мавзу йўқ. Сиз ҳам бошқаларнинг сиз ҳақингизда бундай ўйлашларини истамайсиз-ку.

Албатта ҳаётда энг нозик, энг қимматбаҳо нарсалар – хавотир, қайғу-ҳасрат, шубҳа-гумонлар, кутилмаган қувонч ва бошқалар билан бўлишиш мумкин бўлган одамлар бор. Аммо улар жуда кам! Инсонинг маданиятлилигининг биринчи белгиси бу, юзаки танишларни ва энг яқин кишиларни бир-биридан ажрата олишидир. Сизни яхши билмайдиган одам, сизнинг ҳасратларингиздан бутунлай нотўғри хулосалар чиқариши мумкин!

Доим теран ва хотиржам бўлинг, кам гапиринг ва кўпроқ тингланг. Бу сизга бекам-кўст яшашга, беховотир ҳаёт кечиришга кўмак беради.

Сўнги сўз ўрнида қуйидаги сўзларимни ҳеч қачон ёдингиздан чиқарманг!

Сизнинг барча гапирганларингиз ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин. Тилингизни тийинг!
Бас қил демаганча гапиргандан кўра, сўрамаганча сукут сақлаган яхшироқ.

Mанба: usm.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бас қил демаганча гапиргандан кўра, сўрамаганча сукут сақлаган яхшироқ