20:21 / 25.08.2018
9 290

Ризқ кенгайиб-торайиши тоат-ибодатга, гуноҳ-маъсиятга боғлиқми?

Ризқ кенгайиб-торайиши тоат-ибодатга, гуноҳ-маъсиятга боғлиқми?
Ҳар бир банда ризқи азалда Аллоҳ таоло томонидан ўлчаб қўйилгани аниқ. Аммо “Ризқ кўпайиши ёки озайиши киши амалларига боғлиқми?” деган савол туғилиши мумкин. Бунга Ҳадиси шарифлардан жавоб оламиз.

Савбон розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан маҳрум бўлади. Қадарни фақат дуо қайтаради. Умрни фақат яхшилик узайтиради” (Ибн Можа, Аҳмад, Ҳоким, Ибн Ҳиббон, Табароний ривоят қилган. Ривоят лафзи Ибн Ҳиббонга тегишли. Бу – ҳасан ҳадис ).

Ушбу ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам учта масалани баён этмоқдалар:

“Киши гуноҳлари туфайли ўзига келаётган ризқдан маҳрум бўлади”.

Агар “киши”дан мурод “мўмин киши” бўлса, айтиш мумкин, мўмин банда гуноҳ иш қилса, ўзига келаётган ризқ баракасидан айрилади. Гуноҳи ювилиши учун шундай бўлади. Аммо кофир гуноҳ қилса-қилмаса, фарқи йўқ. Унга мана шу дунёнинг ўзида неъматлар тўла-тўкис берилади. Гуноҳлар ундан ризқни тўсмайди.

Ҳеч бир банда ризқ-насибасиз қолиб кетмайди. Гарчи ер билан осмон ораси тўладиган даражада гуноҳ қилсаям. Акс ҳолда кофир, мушрик, осий бандаларга зиғирчаям мол-дунё берилмасди. Бунинг тасдиғи ўлароқ айтиш мумкин, дунё неъматларининг кўп қисми мусулмон бўлмаганлар қўлида тўпланган.

“Қадарни фақат дуо қайтаради”.

Аллоҳ таоло келажакда содир бўладиган барча ҳодисаларни Лавҳул маҳфузда битиб қўйган. Биз бунга шак-шубҳасиз иймон келтирамиз. Бир тарафдан кишида шундай савол туғилиши мумкин: “Ваҳоланки, Аллоҳ таоло қандай ишлар содир бўлишини олдиндан белгилаб қўйган экан, унда дуо қилишдан нима фойда бор? Киши дуо қилса-қилмаса, тақдирига битилган яхшилик ёки ёмонлик барибир келаверади-ку?!”

Бу саволга Абу Ҳомид Ғаззолий шундай жавоб беради: “Шуни бил, тақдирингга битилган мусибатлар дуо билан қайтарилади. Дуо кулфатни, балони даф этади, раҳмат ва барака келтиради. Қалқон сен тарафга учиб келаётган пайконни тўсиб қолганидек, дуо ҳам бошингга тушадиган кулфатларни аритади”.

Умар розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Кимга дуо қилиш неъмати берилган бўлса, унга раҳмат эшиклари очилибди. Зеро, дуо тушган-тушмаган нарсаларда (яъни, бало-офатлар олдини олишда, хайр-барака ёғилишида) фойда беради. Қазони фақат дуо қайтаради. Шундай экан, сиз ўзингизга дуо қилишни лозим тутинг!” (Термизий ривояти).

“Умрни фақат яхшилик узайтиради”.

Яхшилик қилиш дунёю охират саодатига элтади. Яхшилик уруғларини эккан одам ҳеч қачон афсусланмайди, куни келиб унинг тотли мевасини кўради.

Ҳадисда айтилишича, яхшилик қилган киши умри зиёда бўлади. Хўш, бунга сабаб нима?

Бунинг тиббий, маънавий сабаблари бор. Аввало, тиббий сабабларини кўриб ўтамиз.

Маълумки, одам танасидаги барча ҳужайралар, тўқималар тизимини бошқариш асаб тизимига юклатилган. Кишининг руҳий ҳолати – хафа ёки хурсанд бўлиши, ғам-ташвиш чекиши асаб тизимига салбий таъсир кўрсатади. Агар одам сиқилса ёки ғазабланса, аъзоларига зарар етади. Бунинг акси ўлароқ яхшилик қилганда одамнинг қалби тиниқлашади, кўнглидаги ғашликлар арийди. Бу унинг асаб тизимига ижобий таъсир кўрсатади, аъзолар фаолияти яхшиланади. Шу зайл умри узаяди.

Яхшилик умрни узайтиришидаги маънавий сабабларга тўхталадиган бўлсак, одамларга яхшилик қилганни Аллоҳ ҳам Ўз неъмати ила сийлайди, умрини узоқ қилади. Фаришталар унинг ҳақига эртаю кеч дуо қилишади, истиғфор айтишади. Шунингдек, яхшилик кўрган одам хайрихоҳ инсон ҳақига: “Умрингдан барака топ!” деб дуо қилади. Бундай ҳолатда унинг дуоси мустажоб бўлишига шубҳа йўқ.
Зиёвуддин РАҲИМ

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ризқ кенгайиб-торайиши тоат-ибодатга, гуноҳ-маъсиятга боғлиқми?