Дастурхонга яқинлашаркан Канизага ўзини ўта яқин олиб:
— Келинг, дастурхонга яқинроқ ўтиринг, — деди.
— Овқатингизни?.. — сўради Каниза.
— Йўқ, йўқ, ўртоқлар билан чойхонада… Кайфият яхшими? Бу ерда зерикиб қолмадингизми?
— Йўқ, — деди Каниза.
— Ҳозир бир зўр фильм бор…
— Кўрдим. Опам қўйиб бердилар.
— Шунақами?
Мансуржон нима қилишни билмас, ўтирар-турар, каловланар, аммо зимдан Канизанинг атлас кўйлак остидаги пинҳон суврати, атлас лозим сўнгида юз кўрсатиб турган нозик бебилчакларига тикилар, букилган тиззаларидан кейинги бўлиқ гўзалликка юраги орзиқиб ошуфта термуларди.
У илкис:
— Мендан чўчимаяпсизми? — сўради телевизор экранига юз бурган Канизадан ва телевизорга қаради.
— Қўрқоқ сизми, менми? — деди Каниза ўпкалагандай муғомбирона.
— Нега? Менга айтяпсизми?
— Бўлмасам кимга? — қатъий сўзларди Каниза. — Кеча хотинингизни олдидан чиқишингиз зил бўлди-ю…
— Сизни чўчитмай дедим-да…
— Мен нега чўчийман? Нимадан?
— Янги жой, янги одам…
— Чўчийдиган ёшдан ўтганмиз…
— Унда яхши.
— Нима яхши?
Мансур каловланди. «Балоку» ўйлади у.
— Мен аёлларни уялади, қўрқади деб ўйлайман-да, — деди у охири.
— Аёлшуносмисиз?
— Ҳазилга ҳам уста экансиз.
— Сизлар қишлоқи анди ҳеч нарсани билмайди, деб ўйлайсизлар-да.
— Йўғ-е! Ундай деманг.
— Бугун қочиб қолмайсизми?
— Қаёққа қочаман?
— Менинг фурсатим бир-икки кун холос.
— Мени, нима, никоҳлаб олган хотинидан мосуво
бўлиб, бурнини тортиб қолаверади, деб ўйлайсизми? — ҳазиллашди Мансуржон.
— Ҳали хўжайинчилик ҳам қиламиз, денг?
— Йўғ-е, шунчаки ҳазил.
Мансур унинг ёнига, диванга ўтиришга жазм қилди. Кутганидек, Каниза ўзини олиб қочмади. Улар алламаҳалгача сўзлашиб ўтирдилар. Мансур Канизанинг ота-онаси, турмуши ва бошқа нарсаларни сўраб-суриштирди. Каниза ўзи ҳақида кам маълумот берди, кўпроқ қишлоқ ҳангомаларидан сўзлади.
— Эрингиз яхши одамми? — Мансур истаса-истамаса, барибир, шу саволни берди.
— Яхши бўлса, бу ерларда нима қилардим? Мансур Канизанинг гапидан ҳайрон бўлди, қайта эри ҳақида ҳам, болалари ҳақида ҳам оғиз очмади. Вақт алламаҳал бўлди. Мансур Канизанинг кафтига қўлини қўйди. У сесканмади… Кечаси оз ухлаган, тунни бедор ўтказган Мансур кеч уйғонди. Ёнида кўзларини оҳиста юмиб, хаёлланиб Каниза ётарди.
— Канизам… — беихтиёр учди Мансурнинг ҳўл ва тамшанган лабларидан.
Иккинчи тез ва ширин нафасдан:
— Канизангиз эмас, Маликангиз, — деган сас эшитилди.
— Маликам, бутун ҳаётимда излаган Маликам…
Бу тотли шивир-шивирлар Мансурнинг жунбушга келган, қони тепаётган танаси роҳатига айқашиб кетди…
Ним пардаларни ёриб ичкари кирган сутдек оқлик Мансурни адамдан мавжудликка қайтарди. У юмалар экан, эснади. «Э, ишга бормайман» деди ўзига-ўзи. Таршер токчасидаги соат ўзи учун беғам чирқилларди.
Маликасининг олис-олислардан сибизғасимон келаётган овозчалари қулоғининг пардасига урилганда, Мансур зўрға кўзларини очди, орқа ўгирилиб, юмалади.
— Уйғонинг, соат ўн бўлди… Қоринлар очди…
— Ҳозир, ҳозир, асал… Яна овоз, энди эркаланиб:
— Эртага ҳайдаб юбормайсизми?
— Ммм, — калласини қимирлатди Мансур. Оромбахш иссиқлик узилиб орага ҳаво кирди.
— Во-ой, қорни қаранглар, оқлик, суюнчи беринг! — деди дераза ёнига борган Каниза. — Машинани ҳам қор босибди.
— Майли, гаражга олиб кириш эсдан чиқибди, — ётган кўйи деди Мансур.
— Э-э, туринг-е, ётаверасизми? — хушчақчақ кулиб чиқиб кетди Каниза.
Ўша куни Нозима қайнсинглиси Зебоникига хомуш кириб борди. Зебо ҳеч нарсадан бехабар эди. Нозима талпинган болаларга ўзи билан олиб келган ширинликларни берди. Зебонинг кичкинасини эркалаб, маъюс суйиб ўтирди. Бир пайт «Ляличка, ляличка», деб қизалоқни бағрига босаркан, кўзларидан ёш юмалади.
— Тинчликми, келиная? — чой қуяётган Зебо ҳайрон сўради, — акам бирон нарса дедими?
— Йўқ, — бошини ликиллатди у, — ўзим сиқилиб кетяпман. Баъзан шунақа бўлиб туради.
Зебо қайта гап қўзғамади. Ошхонага чиқиб уймалашаркан, барибир, боши қотди. Аввало, нега келинаяси ёлғиз ўзи келди? Уни еру кўкка ишонмайдиган акаси ҳар гал бирга олиб келарди, олиб кетарди. Бирор кун қолишига ҳам кўнмасди.
— Зебохон киринг, болангизга қаранг, овқатни ўзим қиламан, — ошхонага кирди Нозима ва унинг кўнмаганига қарамай енгларини шимариб, чаққон ишга киришиб кетди. — Чучвара тугаман. Дадамга ҳам олиб борамиз. Ҳаётимда бир марта, кечадан бери иш чиқиб, у кишидан хабар ололмадим.
Зебо тўрт болали, катталари мактабга боришади, шу йил бошида яна жижилаган эди. Эри Исмоилжон «Дамас» минади. Уйида кам ўтиради. Зебо чет тилларни битирган, мактабда ишлаб, ҳозир қўлидагиси билан уйда. У чақалоғини ухлатиб чиқиб, Нозимага қарашди. Телефон жиринглади.
— Алло, ҳа, дада. Яхшимисиз? Раҳмат, Худога шукур, яхши, ҳаммалари яхши. Ҳа, мактабдан келишди. Ҳа, шу ердалар, сизга чучвара тугяптилар. Телефонларими, билмадим. Қачон қилган эдингиз? Соат учлардан кейин. Келинаям шу ерда эдилар. Акамни билмайман. Ўзлари. Шундай келишибди. Йўқ. Тинчлик деяптилар-у, билмадим. Ҳеч нарса ҳақида гапирганлари йўқ. Айтиб турувдилар, кечадан бери бормадим деб, сиз қийналмадингизми? Ҳа, бўпти, ҳали овқат пишса, ўзлари борадилар-у. Бўпти, хайр, дада.
— Дадам хавотир олибдилар-да, бечора, — деди Нозима.
— Телефон қилишган экан, уйларида ҳеч ким йўқ дейди, нима, бирон нарсани яширяпсизми, келиная?
— Акангизни уйлаб қўйдим.
— Нима-а?
— Шу эшитганингиз.
— Қанақасига?
— Шунақасига.
— Ҳазиллашяпсизми, келиная?
— Нега ҳазиллашай? Ўзим қилдим.
— Қандай қилиб?
— Шундай қилиб…
— Чинданми?
— Ёлғон деяпсизми? — сичқоннинг қулоғидай-қулоғидай чучвара тугаётган Нозима белини ростлаб, орқасига ястанди. Чуқур хўрсинди. — Бундай кўз кўрмаган, қулоқ эшитмаган ишларни қилиш фақат мен етимчага хос, — унинг кўзлари ёшланди.
— Қўйинг-ей, ишонмайман, ўлай агар, — ёқасини ушлади Зебо.
— Шундай бўлиши керак эди. «Инкубасса» деган гапни эшитиб, ўзи ихтиро қилиб, мана, қон қақшаб ўтирган одамга нима дейсиз? Акангиз билан битта «инкубасса»ни қамаб қўйдим. Тухум босяпти, бола очади…
— Ўлай агар, ишонмайман…
— Мендан бошқа ҳеч ким ишонмайди. Бори гап шу. Зебо катта-катта шаҳло кўзларини пирпиратганча, ке-линаясига ҳайрон тикилиб тураверди, Нозима чучвара тугишда давом этди. Уни тугатиб, қозонга уннади. Зебо ичкари кириб кетди. Телефон рақамини тераётгандай бўлди. Нозима шошилинч кириб, унинг қўлидан гўшакни олди.
— Жон, сингилжон, ишни бузиб қўйманг, — деди, — ҳаммаси яхши бўлади.
— Вой, опажоним-ей, сизни баъзан ҳеч тушуна олмай қоламан, — уйғонган боласи томон юрди Зебо. Нозима ошхонага йўл олди.
Худди чучваранинг пишишига Мансуржон келиб қоладигандай ошхона деразаси оша ташқари эшикка қарай-верди. Чучвара пишди, олдидан чиройли қилиб кострюлкага қуйди-да, кийиниб, қайнотасиникига йўл олди. Кириб борганида қалин жун кўйлаги устидан туятери жужунча кийган, бошида беретка Наби Мусаевич икки қўлини алмаштирганча ҳовлида айланиб юрган экан. Но-зиманинг кўзи унинг чуқур ариқчали юзига тушдида, ишқилиб, сўроқ-саволга тутиб қолмасин-да, деган ўй ўтди миясидан. Икковлон саломлашиб ичкарига кирдилар. Уй ичи аллақачон мана мен деб, Нозиманинг икки кун кел-маганини юзига солиб, бетартиб, бежо турарди. Қўлидаги ўроғлик овқатни ечиб, ошхонага, сал ёниб турган газ устига қўйди. Чойнак ўзи биқиллаб қайнаб турарди. Нозима шу заҳоти уйни тартибга солишга чоғланди. Меҳмонхонада ўтирган Наби Мусаевич:
— Ишни қўйинг, аввал бу ёққа келинг, — деди.
— Эҳ, — чуқур хўрсинди Нозима ва буйруққа бўйсунди.
— Қизим, нима гап? — деди Наби Мусаевич.
— Ҳеч нарса.
— Мени биласиз-а, қизим, дунёнинг нариги четида нима бўлаётган бўлса, билиб тураман. Ундан кейин сиз менга қизимдан ҳам аълосиз. Энди менга айтингчи, нима бўляпти ўзи? — Наби Мусаевич жавоб кутиб тин олди.
Нозима эшик биқинидаги стулга чўкди, бир пас жим ўтирди. Оқсоқол кишини куттирмаслик учун рўмолининг бир четини эзғилаганча гап бошлади. Ҳаёт иссиқ-совуқларини бошидан кечирган Наби Мусаевич келинининг, бу содда ва тўғри аёлнинг бир хўрсиниб, бир дадилланиб айтган гапларини диққат билан тинглади. Бир томондан, ўғлининг зурёдсизлигидан ўзига яраша азият чекиб юрган ота ўз пуштикамаридан бино бўлиши керак бўлган бола масаласига тўғри кўз билан қарагиси келди, иккинчи томондан, ҳеч замонда бўлмаган, қулоқ эшитмаган, яъни бегона, бетайин хотиннинг никоҳ билан, ҳеч кимдан маслаҳатсиз, ўзбошимчаларча уйга олиб кирилиши, яъни бу таги зил, гумонли ишнинг устида шундай оқила келини турганлигига ақли бовар қилмасди. Ҳа, тагли-тугли, ё эрдан чиққан, боши очиқ аёл ёки ўтириб қолган қиз бўлса, иккинчи хотин қилиб, никоҳлаб олинса, бу ақлга сиғиши мумкин. Бучи? Наби Мусаевичнинг ниҳоятда боши қотди. «Мансурда-ку, калла ишламайди, 6у келинга нима бўлган, ё жин-пин адаштирдимикин?» Охири Наби Мусаевичнинг хулосаси шу бўлди:
— Нотўғри, мутлақо нотўғри, бемаъни иш тутгансизлар, — деди у ва ўрнидан туриб кетди. — Бунга ҳозироқ чек қўйиш керак. Бу иш — иш эмас. Бунинг охири бахайр бўлмайди. Ўша куни менга ишора қилганингизда, нега бори гапни айтмадингиз?
— Дада, мени кечиринг, бу ишни мен қилдим, — боши ерга киргудек эгилиб деди Нозима. — Айб менда. Бунда Мансур акамнинг айби йўқ. Нима десангиз менга денг. Мен ўзим бахтиқаро туғилганман. Сизларга рўшнолик келтирмадим… Онам билан бирга кетсам бўлмасмиди?
— Йиғламанг қизим, мен қариб, кўнглим бўш бўлиб қолган. Айниқса, аянгиздан кейин омонат юрибман. Фақат сиздек оқила қизимга ҳайрон қоляпман. Ёмонлик доимо тўғриликка чанг соламан, деб юради. Худди касалликнинг ўзгинаси, сал хатога йўл қўйилдими, гирибондан олади. Мен сизларга ёмонлик истайманми, қизим? Кечадан бери дилим ғаш. Тушимда аянгиз Мансурни тортқилаб, унинг ўрнига ёнаётган тандирга кириб кетяпти. Ўшандан бери дилим ғаш. Унинг устига сиз келмай қолдингиз, телефонни ҳеч ким кўтармайди…
Нозима телефонларни узиб қўйгандим дея олмади, унинг ўрнига:
— Дада, ташвиш чекманг, бўлар иш бўлди, — деди ва ўрнидан қўзғолиб, — чучвара келтирган эдим, сузаман, — дея ортига бурилди.
— Чучварани қўйиб туринг. Менга қулоқ солинг, — деди қатъий Наби Мусаевич. — Ўзи қаерлик экан у аёл?
— Билмадим, топишди, — деди Нозима. Унинг қийналаётганини Наби Мусаевич сезди, кейинги саволни бермади, унинг ўрнига сўради:
— Сиз нега Зебоникидасиз?
— Бир-икки кунга…
— Кейин?
— У кетади…
— Шундай келишдингларми? Кетмаса-чи?
— Мансур акамга ишонаман, у ҳақ йўлдан тоймайди.
«Намунча беғубор 6у хотин-а? — ўйлади Наби Мусаевич. — Соддалик ҳам шунчалик бўладими?»
— Энди мундоқ, — деди у, — сиз уйга қайтиб борасиз, тезроқ, масалани иложи бўлса бугуноқ ҳал қилинг. Ўша ерда туринг. Акаси билан кенгашай, кейин армонда қолмайлик…
— Дада, илтимос, ҳаммасини Мансур акам, у хотин билан кенгашганмиз, — шошилинч ўтинди Нозима.
Тилаволди Жўраев
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади