Асли мадиналик, Абу Дардо куняси билан танилган саҳоба Уваймир ибн Молик розияллоҳу анҳу жоҳилиятдаги дўсти Абдуллоҳ ибн Раввоҳанинг даъвати билан Бадр жангидан кейинроқ мусулмон бўлган. Илгари тожирлик билан шуғулланган Абу Дардо Исломга киргач ҳаётини тубдан ўзгартириб юборди. Илм таҳсилига шўнғиб кетди. Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу даврида Дамашқда муаллимлик қилди. Шу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан олган жуда фойдали сабоғини кейинги умматга қуйидагича етказади:
Менга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам тўққиз нарсани насиҳат қилдилар:
1. Аллоҳга ҳеч бир нарсани асло шерик қилма! Агарки қийма-қийма қилинсанг ҳам, ёки оловда куйдирилсанг ҳам.
2. Ҳаргиз фарз намозни қасддан тарк қилма! Чунки фарз намозни ким қасддан тарк этса, Аллоҳнинг зиммасидан маҳрум бўлади.
3. Асло хамр ичма! Чунки у барча ёмонликларнинг калитидир.
4. Ота-онангга итоат қил! Агарки улар дунёингдан чиқиб кетишга буюрсалар, улар учун чиқиб кет.
5. Ишбошилар билан мансаб талашма! Агарки ўзингни ўша лавозимга лойиқ билсанг ҳам.
6. Жангдан орқа қилиб қочма! Агарки ҳалок бўлсанг ё дўстларинг ташлаб қочган бўлса ҳам.
7. Топганингдан аҳлингга нафақа бер!
8. Асоингни аҳлингга кўтарма!
9. Аҳлингни Аллоҳдан қўрқит! (Бухорий ва Ибн Можа ривояти. Саҳиҳ).
Изоҳ: Бу насиҳатлар гарчи Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ўзига айтилган бўлсада, аслида Расулуллоҳнинг Абу Дардога омонати ҳам эди. У бу сабоқларни кейинги авлодга етказиш мажбуриятини ҳам олган эди. Ҳа, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бу насиҳатлари нафақат Абу Дардога балки, бутун умматга тегишли эди. Бу сабоқлар аслида ҳаёт дастуримизнинг муҳим бандларидан десак, яна ҳам тўғри бўлади. Бу насиҳатлар айниқса, тақво ва диёнатдан йироқлашган бугунги кунимиз учун ўта зарурдир. Ҳолимизни ислоҳ қилиш учун уни тезлик билан амалда қўллашимиз лозим бўлади. Пайғамбаримиз биринчи бўлиб энг зарур масаладан сўз бошладилар:
1. Аллоҳга ҳеч бир нарсани асло шерик қилма! Агарки қийма-қийма қилинсанг ҳам, ёки оловда куйдирилсанг ҳам.
Гуноҳлар ичида энг улкан ва даҳшатлиси бу – ширкдир. Ўшанинг учун ҳам ҳадисда муболаға услуби билан ҳатто гўштингни қийма қилиб чопишса ҳам, ёки оловда куйдириб жизғанак қилмоқчи бўлсалар ҳам қалбингдаги тавҳиддан воз кечмагин, деб уқтирилмоқда. Иймоннинг жойи қалб бўлгани каби, ширкнинг ўрни ҳам қалбда бўлади. Мўмин ўз жонини сақлаб қолиш учун зарур ҳолатларда фақат тилида куфр сўзларини айтиши мумкин. Аммо ўша сўзга қалбида ишониши, эътиқод қилиши ҳаргиз мумкин эмас.
2. Ҳаргиз фарз намозни қасддан тарк қилма! Чунки фарз намозни ким қасддан тарк этса, Аллоҳнинг зиммасидан маҳрум бўлади.
Намоз Исломнинг беш рукнидан иккинчисидир. Биринчи рукн иймон, ундан кейинги энг муҳим ибодат намоздир. Намозни қасддан тарк этувчилар икки хил бўлади: фарзлигини инкор этиб тарк этувчилар; фарзлигини тан олган ҳолда дангасалик билан тарк этувчилар. Биринчи тоифа, яъни намознинг фарзлигини тан олмаганлар мусулмон ҳисоб этилмайди. Аммо, намозни фарзлигига ишониб, ялқовлик билан ўқимасдан юрганлар кофир дейилмайди. Лекин катта гуноҳ соҳиби бўлишади. Ҳар бир банда билан Аллоҳ орасида аҳд бўлади. Аллоҳга итоат этувчи бандаларни Аллоҳ турли балолардан сақлаб туради. Намозни қасддан тарк этганлар билан ўша аҳднома бузилади. Бирор балога гирифтор бўлса, банданинг ўзи айбдор бўлади.
3. Асло хамр ичма! Чунки у барча ёмонликларнинг калитидир.
Ҳадисда келтирилган бу банд исбот талаб этмайдиган ҳақиқатдир. Хамрхўрдан ҳар балони кутиш мумкин. Маст киши жиноятни танлаб ўтирмайди, кўнгли тусаган турига қўл ураверади. Ўшанинг учун ҳам Расулуллоҳ хамр жамики ёмонликлар эшигини очиб берувчи калит мисоли деганлар.
4. Ота-онагга итоат қил! Агар улар дунёингдан чиқиб кетишга буюрсалар, улар учун чиқиб кет.
Ислом ота-она билан фарзанд орасидаги муносабатларга жиддий эътибор беради. Ота-онага итоат фарзанднинг ҳам фарзандлик ҳам мўминлик бурчидир. Бу динимиз талаби. Фарзанд ота-онасининг розилигини топиб жаннатий бўлади. Ота-онага оқ бўлиш эса охиратни барбод қилади. Бир ҳадисда гуноҳлар ичида икки гуноҳ бор. Жазоси бу дунёда ҳам берилади, охиратда ҳам берилади, дейилган. У икки гуноҳ: боғийлик ва қариндошлик риштасини узмоқ. Ота-она билан алоқани узиб қўймоқ, қариндошлик риштасини узганлар рўйхатининг биринчисида туради.
5. Ишбошилар билан мансаб талашма! Агарки ўзингни ўша лавозимга лойиқ билсанг ҳам.
Халқимизда ажойиб бир нақл бор: “Хизр назар қилмаса эшшак бозорига даллол бўлолмайсан!”. Бу нима дегани? Бу – ҳар бир лавозим Аллоҳнинг хоҳиши ва танлови билан бўлади, дегани. Мўмин-мусулмон киши Аллоҳнинг тақсимига рози бўлиши керак. Раҳбарига итоатли бўлиши шарт. Раҳбар ким ва қандай одам бўлишидан қатъи назар, очиқча маъсиятга буюрмаса унга бўйсунилади. Ходим ўзини ўша лавозимга лойиқ кўрса ҳам, барибир мансаб талашиши шаръан жоиз бўлмайди. Имом Нававий айтган экан: бошлиқ билан талашманглар, эътироз ҳам билдирманглар. Лекин Ислом қоидаларини очиқчасига бузиб мункар ишларни қилса, обрўсини тўкмасдан, ёлғиз ўзига ҳақни айтинг!
6. Жангдан орқа қилиб қочма! Агарки ҳалок бўлсанг ё дўстларинг ташлаб қочган бўлса ҳам.
Ватан, миллат, халқ ва дин ҳимояси учун бўлган жангларда душманга қарши туриш ҳар бир мўмин мусулмон эркакнинг ҳам мўминлик ва рижоллик вазифасидир! Ватанни ўз ҳолига ташлаб қочиб қолмоқ ҳаромдир!
7. Топганингдан аҳлингга нафақа бер!
Мўмин мусулмон киши имкониятидан келиб чиқиб қарамоғидагиларнинг нафақа таъминотини вақтида қилиши керак.
8. Асоингни аҳлингга кўтарма!
Эр хотинини, муаллим ўқувчини, устоз шогирдини йўриғига юргизиш мақсадида калтаклаши асло кутилган натижани бермайди. Аксинча, тескари натижа бериши мумкин. Калтак еган одам кўпинча аламзада бўлади ва жўрттага аксини қилади. Шунинг учун ҳам тарбия ширин гап ва ҳикмат билан бўлиши керак.
9. Аҳлингни Аллоҳдан қўрқит!
Таълим тарбия ишларида ваъз-насиҳат, Аллоҳнинг амрига хилоф қилишнинг аянчли оқибатлари ҳақида эслатмалар бериш керак.
Авазбек МЎМИНОВ,
Андижон шаҳар “Чинор” жомеъ масжид имом хатиби
Андижон шаҳар “Чинор” жомеъ масжид имом хатиби
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди