date
views 5 473

Эркакнинг қўлида барака бор

Эркакнинг қўлида барака бор
“Эринг – пиринг”, “Ота ўтирган уйнинг томида болалар юрмайди”, “Эр кишиси бўлган хонадоннинг эшик, дарвозасига қулф, калит керак эмас”, деган гаплар бежиз эл орасида узоқ йиллардан буён яшаб келаётгани йўқ. Дарҳақиқат, аёл оилани бириктиргувчи, қовуштиргувчи, ўт-ўчоғи, меҳр-оқибатига қанчалар масъул инсон бўлса ҳам, хонадондаги эр кишининг салобати бошқача. Ахир, бежизга оддийгина:

– Ҳали даданг ишдан келсин, сени айтиб бераман, – деган гапнинг ўзи неча замонлардан бери биз учун асосий тарбия воситаси бўлиб келаётгани ота, оға-иниларимизнинг ҳаётдаги ўрни, мавқеини кўрсатади.

Аммо бугун: “Қизларимиз ўзларини қўйиб юборишяпти”, “Аёлларимизнинг кийиниши, гап-сўзларидан ҳаё пардаси кўтарилиб боряпти”, “Хотин-қизлар ҳақида гап кетганда бир пайтлар тилга олишга хижолат тортадиганимиз “суюқоёқ”, “жиноятчи”, “фирибгар”, деган таърифларни бемалол қўллаяпмиз”, деган ташвишли гаплар тез-тез қулоққа чалинади. Албатта, ҳар ким у аёлми, эркакми, феъл-атвори, ҳаётидаги хато учун аввало, ўзи айбдор. Лекин баъзи аёл-қизларнинг ҳатти-ҳаракатларидаги миллий ўзанларидан узоқлашиш ҳодисасида эр кишиларнинг ҳам айби бордек. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, шоира, журналист Қутлибека Раҳимбоева билан бугунги суҳбатимиз айнан шу мавзуда кечди.

– Мен ота, оға-инилар ниҳоятда қадрланадиган, ўз навбатида улар ҳам оиланинг ақли аёлларига суянчиқ бўладиган муҳитда улғайганман. Яшаётган хонадошимда ҳам шу анъана устувор: Ҳамма масалада охирги сўзни ота айтади. Лекин жамиятда кўпчиликнинг тили дилига бир савол кела бошладими, бунда, албатта, ечилиши керак бўлган муаммо бўлади.

Ён-атрофимиздаги баъзи аёлларнинг аёллик нафосати, аёллик масъулиятидан қандайдир даражада узоқлашаётганида эр кишиларнинг ҳам айби бор. Қайси оилада ота, оға-инилар ўзларининг таъминотчилик, ор-номус қўрғони учун соқчилик, мардоналик, ҳимматлилик каби эр кишига хос асосий фазилатларидан узоқлашса, дангасалиги, иродасизлиги, бўшанглиги, ҳаёт мураккабликлари олдида заифлиги туфайли бу фазилатларга эриша олмаса ё эришганларини бой берса, демак, худди шу оилада мувозанат бузилади. Оила иқлими салбий томонга ўзгаради.

Албатта, бу ҳолатни юртимиздаги барча хонадон эркакларига нисбатан қўллаш – ўринли эмас. Чунки атрофимизда ибратли ўғиллар, намунали оталар, ҳавас қилса бўладиган ака-укалар жуда кўп. Ва улар туфайли қаёққа борса, машинада савлат тўкиб ўтирадиган нуроний онахонлар, ҳар нафасда:

– Эрингиз – меҳрибон-да, эрингизга севимлисиз-да, яшариб кетяпсиз, – деган олқишни эшитадиган аёллар, “Кумушбибининг издошлари” деган чиройли ташбеҳларга сазовор бўлиб яшаётган қизлар бор. Лекин шу баробарида девангирдай ўғли бўлатуриб, икки елкаси бир жойга келиб, букилиб бозордан харажат ташиётган, ҳаёт юклари остида озиб, қорайиб кетган оналар, эрлари уйда телевизор қаршисида ёнбошлаб ётиб, шаҳарма-шаҳар тижорат қилиб юрган аёллар ёки қимочдек оға-иниси бўлатуриб, “одам савдоси”, “фоҳишабозлик” деган одам тилга олишга ҳам ҳазар қиладиган кўлмакка, балчиққа аралашиб қолган ёшгина қизлар ҳам борки, уларнинг тортаётган машаққатлари, ҳаётларидаги тойиш-тойрилишларда ўзлари мансуб бўлган хонадон, сулола эркакларининг каттагина гуноҳи бор.

Эҳтимол, бу ҳодисада фақат уларнинг эмас, ўзимизнинг ҳам айбимиз бордир, эҳтимол. Чунки замонамиз аёлларининг аксарият қисми оила ва фарзандлар тарбиясида кўпроқ юкни ўз зиммаларига олиб қўйяптилар, назаримизда.

Аёллардаги:
– Э, эримнинг қўлига қараб ўтираманми? Куч-қувватим бор: ўзимни, болаларимни ўзим таъминлайман, – деган кайфият эркакларнинг ғайрат-шижоатини, ундан ҳам ёмони, масъулиятини сусайтириб қўяётгандек. Айрим эр кишиларнинг аёлларнинг ғайрати, фаоллиги соясида қолиб бораётгани оиладаги муҳитга ҳам таъсир қилади. Аксарият аёлларда ҳукмронлик руҳияти кучаяди. “Ўзим пул топдимми, ўзим билганимча сарфлайман”, деган кайфият пайдо бўлади. Бу кайфият бир аёл доирасида қолиб кетмайди. Жамиятда ҳашаматга ўчлик, ҳаддан ташқари маиший ҳаёт билан ўралашиб, ербағирлаб қолиш, маънавий қашшоқлик каби иллатларга йўл очади. Бунинг устига, оиладаги фарзандлар учун ҳам ота қадрсизланади, улар отанинг талабчан, қаттиққўл тарбиясидан мосуво ўсадилар. Эҳтимол, ичувчи, чекувчи ўғлонлар, енгилтак қизлар ҳам мана шундай муҳитдан ўсиб чиқар...

Чунки табиий мувозанат бузилган жойда, эр ёки аёлнинг табиий вазифаси, табиий яшаш тарзидан узоқлашган пайтда хатолик юз бераверади.

Ўғил бола тарбияси
Ҳаётдаги бирор муаммо ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Эҳтимол, баъзи йигитларимизда маънавий, жисмоний камолотга эришиш учун қатъий ҳаракат йўқлигида, уларнинг бозорда аравакашлик қилиш ёки мардикорликка кўнаверишларига, “эркакларбоп иш йўқ”, деган баҳонага ўрганиб қолишларига, балки, қизлар тарбиясига берилаётган эътибор ҳам сабабдир. Чунки ҳозир фақат оилада эмас, мактабда, лицей-коллежлар, олийгоҳларда қизларни рағбатлантиришга, қўллаб-қувватлашга жуда катта аҳамият берилмоқда. Турли тўгараклар, танловлар, мусобақалар... Булар – яхши, албатта. Лекин яна ўша табиий мувозанатни сақлаш учун ўғил болалар тарбиясига ҳам эътибор бериш керакка ўхшайди. Ахир, ота-боболаримиз бежизга ўсмир ёшидан ўғил болаларни отга миндирмаганлар, кураш туширмаганлар, қўлига ўқ-ёй бермаганлар...

Ўғил болаларда эр кишига хос фазилатларни тарбиялашнинг янгидан-янги усулларини ўйлаш керак. Спорт – битта йўли. Китобхонлик, шахсий ибрат – яна битта йўли. Яна ва яна бу йўлларда изланиш керакки, ўғлонларимиз қалбида ғайрат, шахду шиддат мардлик булоқлари кўз очсин!

Меҳнат эмас, рағбат
Гап аввалида ҳам, бу фикрга бир “тегиниб” ўтилган эди. Яна шу фикрга алоҳида урғу берилиши шартдек туюляпти.

Оила таъминотини гарданига олиш эр киши учун меҳнат эмас, рағбатдир. “Аёлимни, фарзандларимни ҳеч кимдан кам қилмайман. Хотинимни бировга сарғайтирмайман, ўғил-қизларимнинг келажакда яхши инсонлар бўлиб вояга етишлари, ҳаётда ўз ўринларини топишлари учун жон-жаҳдим билан ҳаракат қиламан”, деган қатъий аҳд, мақсад эр кишига олға юриш учун, касб сирларини пухта эгаллаш, истеъдодини камол топтириш учун туртки беради. Эр киши шу мақсад билан яшар экан, ўзи ҳам юксалади, хизмат мавқелари кўтарилади, машинали, чиройли уйли бўлади. Тенгқурлари орасида обрў қозонади... Шундай экан, таъминотчи бўлишга интилиш чинакам эркакдай яшашга интилиш эканлиги ҳақидаги фикрни кўпроқ тарғибот қилиш керакка ўхшайди.

Биз – аёллар
Жамият ҳаётида шундай шиддатли даврлар бўладики, бу жараёнда эркак-аёл баравар иштирок этиши шартдек кўринади. Назаримизда, бугун юртимиз улкан ҳаракатлар майдонига ўхшайди. Ҳамма фикрий, руҳий, жисмоний ҳаракатда. Ухлаб, мудраб ётган барча ҳужайралар уйғониб кетгандек.

Энди шундай кунда:
– Биз аёлмиз. Ўсма-сурмамизни қўйиб, уйда ўтираверамиз, – дейиш ҳам тўғри эмас. Миллат тикланиши, юрт тараққиёти учун биз – аёллар ҳам камарбаста бўлмоғимиз шарт. Лекин бизнинг шиддатимиз жамиятимизнинг кучли жинслари эр кишиларнинг ғайрат, жасоратини сусайтирмаслиги керак. Биз аёл бўлиб она бўлиб, сингил-опа бўлиб оила, жамият учун бир куч, бир жон билан меҳнат, хизмат қилсак, йигитларимиз икки баравар куч билан меҳнат сафининг олдига тушишлари зарур!

Эркакларнинг мардлиги аёлларда зарифлик, уларнинг саховати аёлларда муҳаббат, уларнинг олижаноблиги аёлларда меҳр гулларини очади, очаверади.
Умида АДИЗОВА ёзиб олди.

Манба: Azon.uz
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Фойдали » Эркакнинг қўлида барака бор