16:25 / 07.02.2019
11 178

Совчиликка мажбурланган аёл жонига қасд қилди

Совчиликка мажбурланган аёл жонига қасд қилди
Айни бугунги кунимиздан 19 йил аввал Абдусалом Қаландаров (исм-фамилиялар ўзгартирилган) Мухлиса Жумаева билан қонуний никоҳдан ўтиб, турмуш қурди. Аввалига ҳаётлари бир маромда, тушунмовчилик-келишмовчиликларсиз кечди. Бу орада хонадонни чақалоқнинг “инга“си тутди. Ҳамма хурсанд, ҳамма бахтиёр. Бироқ бу қувонч узоққа чўзилмади. Болакайнинг умри қисқа экан, касалликка чалиниб, ёшига етмай вафот этди. Йиғлаб келиб, йиғлатиб кетди...

Оилада яна фарзанд дунёга келди. Аммо у ҳам касалликка чалинди. Бу пайтга келиб, эр-хотин ўртасида гап қочиб, келишмовчиликлар авжига чиқаётган эди. Натижада Мухлиса боласини олиб, ота уйига кетиб қолди. Шу билан уларнинг йўллари айро томонга бурилди. Айтганча, уларнинг иккинчи фарзанди ҳам узоқ яшамади, 7 ёшида оламдан кўз юмди.

Хотини кетиб қолганидан бир йил кейин, яъни 2005 йилда Абдусалом Мадина Абдуҳакимовага уйланди. Тушуниб турганингиздек, шаръий никоҳ асосида. Орадан бир йил ўтиб, Авазбек, беш йилдан сўнг эса Маликабону оила сафини тўлдиришди. Фарзандларнинг каттаси мактаб ёшига етганида Абдусалом ва Мадинанинг никоҳи қонунийлаштирилди.

Бир қарашда ҳаммаси рисоладагидек кўринади. Абдусалом Россия давлатига бориб ишлаб келар, Мадина эса фарзандлари тарбияси билан машғул эди. Кунлар шундай ўтаверар, олдинда эса Мадинани ҳақиқий синовлар кутарди.

Гап шундаки, Абдусаломнинг биринчи турмуш ўртоғи Мухлиса ҳам Россияда “ризқини териб юрганди“. 2016 йилнинг ёз ойлари бошида синглисидан собиқ хотини ҳам Москвада эканлигини эшитган Абдусаломни “биринчи муҳаббати“нинг соғинчи ўртади чоғи, дарҳол телефон рақамини олиб, қўнғироқ қилди. Тақдирнинг ҳазилини қарангки, аёл боши билан пул топиш мақсадида ўзга юртга борган Мухлиса ишнинг оғирлиги, жойнинг совуқлигига дош беролмай бетоб бўлиб, кимнингдир кўмагига муҳтож бўлиб қолганди. Айни шу пайтда Худо етказгандай, собиқ эри қўнғироқ қилиб қолди ва уни ёнига чорлади. Абдусалом унга иш топиб берди. Қисқаси, ўз юртида айрилганлар, ўзга юртда топишиб олишди – шаръий никоҳ асосида бирга яшай бошлашди.

М.Жумаеванинг судда берган кўрсатмасига таянадиган бўлсак, у собиқ турмуш ўртоғининг оиласи борлигидан хабардор бўлган. Шунинг учун ҳам Ўзбекистонга қайтгандан кейин орани очиқ қилиш шарти билан бирга яшашга рози бўлганлигини таъкидлайди.

Ўша йилнинг декабрь ойида ҳар икковлон мамлакатимизга қайтиб келишди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Абдусалом хотинига собиқ турмуш ўртоғи Мухлиса билан мана шу хонадонда эр-хотин сифатида яшаш нияти борлигини ошкор қилди. Табиийки, Мадина қўлини кўксига қўйиб: “Келинг, опажон! Уйимизнинг тўри сизники“, деб Мухлисани кутиб олишга рози бўлмади. Ахир бекорга “Эр бермоқ, жон бермоқ“ нақли доно халқимизнинг ҳаётий тажрибалари асносида топиб айтилмаган. Аммо қайсар эр ўз фикрида қатъий туриб олди. Уни эр ҳам, ер ҳам беришга мажбурлай бошлади. Чунки, Абдусалом уйни иккига бўлишни ҳам режалаштирган эди-да!

Шу бўлди-ю, бу хонадондан уруш-жанжал аримай қолди. Абдусалом арзимас баҳоналар билан жанжал чиқариб, Мадинага шафқатсиз муомалада бўла бошлади. Шундай кунларнинг бирида, аниқроғи, 2016 йилнинг 22 декабрь куни Мадина болаларини олиб, Мухлисанинг ота ҳовлисига борди. Мақсад уларни ўзаро муросага келтириб, бирга яшашга кўндириш эди. Лекин у чучварани хом санаганини англаб олиш қийин эмасди. Шундай ҳам бўлди. Ўзаро келишиши керак бўлган аёллар ўзаро гап талашиб кетишди. Юзага келган келишмовчиликка Мадинани айбдор, деб билган Абдусалом энди уни отасининг уйига олиб борди. М.Абдуҳакимованинг ота-онасига қизлари унга турмушга чиққанида бокира бўлмаганини айтиб, турли туҳматларни қалаштириб, ташлаб кетди.

Шунча гап-сўзларга қарамай, Мадина фарзандларининг келажагини ўйлади, бироз вақтдан кейин уйига қайтиб келди. Бироқ Абдусалом шаштидан қайтмаган эди. У хотинини таҳқирлашда давом этиб, турли баҳоналар билан камситар, уриб-дўппослаб, рўшнолик бермасди. Мадина ҳаммаси изига тушиб кетишидан умидвор бўлиб, сабр қилди. Аммо вазият яхши томонга ўзгарадиганга ўхшамасди. Абдусалом баттар “қутуриб“ борар, кунора ичиб олиб, болаларининг кўз ўнгида аёлини аёвсиз калтаклар, хотинининг ёлворишларини писанд қилмай, болалари билан бирга уйдан ҳайдаб чиқаришга ҳаракат қиларди. Гўё шу йўл билан аёли кундош билан яшашга кўниктирадигандек. Вазият шу даражагача етиб бордики, маст аҳволда уйга келган Абдусалом уни уриб-дўппослаб, ўзи совчиликка бориб, Мухлисани уйга олиб келишга ҳам мажбурлайди. Шунча хўрликларга қарамай Мадина оиласини сақлаб қолиш умидида уйдан кетмади. Аммо...

Сабр-бардошнинг ҳам чегараси бўлади. 2017 йилнинг 8 февраль куни Абдусалом ҳеч бир сабабсиз хотинини фарзандларининг кўз ўнгида калтаклади. Муштнинг зарби эмас, охири кўринмаётган таҳқирлашлар аёлнинг жон-жонидан ўтиб кетди. Ортиқ бардош қилолмайман, деган тўхтамга келди. Қўлига арқонни олиб, дарвозахонанинг деворига сиртмоқ тайёрлади ва...

Хулоса ўрнида айтар сўзимиз, қачонки оила мустаҳкам, тинч бўлса, жамият ҳам осойишта, фаровон бўлиши кеча ёки бугун пайдо бўлган гап эмас. Чунки оила ҳар бир жамиятнинг бошланғич бўғини ҳисобланади. Лекин буни А.Қаландаров яхши англаб етмаган кўринади. Кўнгли қўшхотинликни тусаб, оқибатда бир инсоннинг ширин ҳаётидан воз кечишига сабаб бўлди.

Суд томонидан мазкур ҳолат атрофлича ўрганиб чиқилди. Айбдорга оғирроқ жазо тайинланиши, у умрининг анчагина қисмини панжара ортида ўтказиши ҳам мумкин эди. Аммо қарор чиқаришда шундоқ ҳам онасини йўқотган фарзандларнинг келгуси тақдири эътиборга олинди. Чунки улар қаровсиз қолиб кетиши мумкин эди. Шуларни инобатга олган ҳолда суд томонидан А.Қаландаровга ЖКнинг 72-моддасига асосан тайинланган 5 йил озодликдан маҳрум қилиш жазоси шартлига алмаштирилиб, 2 йил синов муддати белгиланди.

Манба: Darakchi.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Совчиликка мажбурланган аёл жонига қасд қилди