11:23 / 20.02.2019
7 359

Катта хато

Катта хато
Ғазаб билан хотинини чақирди. Отасининг бақир-чақиридан чўчиб уйғонган икки бола уйқули кўзларини ишқалаганча ётоқдан бирин-кетин чиқиб келди. Жаҳлдан гезариб кетган отасини кўриб қўрқувдан овоз чиқармай бир курсига икковлашиб ўтириб олдилар.

Болаларидан ташвишланаётган хотинининг хавотирига парво қилмай бақирди:
- Сенга бугун йиғилиш бўлишини, мовий кўйлагимни дазмоллаб қўйишингни айтмадимми, айтдим! Сенга гапиряпман, тағин менга “Қаҳваранг кўйлагингизни кийиб кетаверинг” деб ақл ўргатасан. Ахир бугун лойиҳамнинг тақдимот маросими-ку! Қаҳваранг кийим кишига тушкун кайфият беради. Нутқимни тинглаганлар “ўзига ишонмаяпти, лойиҳаси ҳали пухта ишланмаган экан, чоғи” деб ўйласинми? Айт, сен шуни истаяпсанми?!

Шоша-пиша эрининг мовий кўйлагига дазмол босган аёл:
- Бўлди, хожам, мана, тайёр бўлди кўйлагингиз, - деди.
Эркак кўйлагини қаҳр билан ола туриб:
- Ҳа, тайёр бўлди, лекин мен кечикканимдан сўнг тайёр бўлди. Сенга шу керак эди, кўнглинг жойига тушгандир, ҳойнаҳой? - деди. Ҳамон ғазабда эди.

Хотини қўрқувдан титраб турган болаларининг юзига бир қур кўз ташлаб:
- Кеча ҳозиргидан ҳам кеч чиққандингиз. Қайғурманг, вақт бор, етиб оласиз, - деди.
- Ууфф, қандай тушунмаган одамсан-а?! - Эркакнинг ғазаби тошди яна. – Тақдимот маросимини мен бошқараман, деяпман. Ҳаммадан аввал бориб, хос меҳмонларни қарши олишим, “Хуш келдинг, хуш кўрдик” қилишим керак. Э, сенга гап тушунтиргунимча...

Эркак яна нималарнидир ғудрана-ғудрана ташқарига чиқди. Жаҳл билан машинасига ўтриб, уйдан узоқлашди. Рулга жаҳл билан ўтирган эрининг авзоидан хавотирланган аёлнинг кўнглидан “Ишқилиб, бирор кор-ҳол бўлмасин-да. Соғ-саломат эшикдан кириб келсин” деган ўй кечди. Эри кўздан узоқлашгунча унинг ортидан термулиб турди-да, сўнг уйга кириб болаларини бағрига босиб, эркалади:

- Модомики эрта уйғонибсиз, ҳозир сизлар учун шоҳона нонушта тайёрлайман. Айвонга ўтиб, хаёлидаги беҳаловатликни қувиш учун радиоприёмникни ёқиб, мурватни қувноқ мусиқа таралаётган каналга бурди. Газ плитасини ёқиб қайнатишга тухум қўйди, сут қайнатди. Дастурхонга зайтун меваси, пишлоқ ва мураббо қўйишни ҳам унутмади.

Нонушта ҳозирлаб болаларини чақирди:
- Болалар, қани дастурхонга!
Болалар нонуштага ўтираркан, бирдан радиодаги мусиқа тинди. Сухандон сўнгги хабарларни ўқиб эълон қилишини эшиттирганди аёл радио овозини баландлатди. Сухандон бир нечта автомобиллар тўқнашуви сабабли юз берган автоҳалокат хабарини берди. “Ҳозирча ҳалокат тафсилотлари номаълум. Янгиликларнинг кейинги дастурларида ҳалокат хусусида батафсил хабардор қиламиз” дея сухандон навбатни яна мусиқага берди. Ҳалокат юз берган жойни эшитиб аёл ерга ўтириб қолди. Хабарда кўрсатилган жой- ҳар куни эри қатнайдиган чорраҳа кесишмаси эди. Эрининг чорраҳадаги тирбандликдан шикоят қилиши, ҳар эрталаб машиналар тирбандлиги асаббузарликларга сабаб бўлишини айтиб нолигани эсига тушиб ваҳимага тушди:

- Кеч қолдим, деб жаҳл қилганди... Наҳотки, эрим...
Хаёлига келган ўй бадтар ичини ёқди. Дарҳол ўрнидан туриб, болаларига тайинлади:
- Болалар, газга яқин борманглар. Нонуштангизни қилиб, айвонга ўтинг. Ўйнаб ўтиринг, эшикни ҳеч кимга оча кўрманг, хўпми?

Болалари эс-ҳушли, гапга кирадиган бўлса-да ҳатто бир озга уларни ёлғиз қолдиришга тўғри келганида ҳам қайта-қайта тинч ўтиришларини тайинларди. Эшикка йўналаркан, эрининг автоҳалокатга учраб вафот этганини тахмин қилиб, қўрқиб кетди ва юраги бесаранжом бўлиб, йиғлаб юборди. Болалари кўз ёшларини кўриб қолишидан чўчиб, ошхона эшигини секин бекитди. Эрининг вафот этганини тахмин қилгани сари, отаси болалар олдида бақирганини ўйлаб эзилди. Балки бугун сўнги куни бўлгани учун ҳам шунчалик ўзини билмас даражада қаҳр-ғазаб қилдимикан? Бўлмаса ҳеч қачон бунчалик жаҳл чиқмаган, болаларнинг олдида хотинига танбеҳ бермаган одам айнан бугун ҳеч қилмаган дағдағаларини бир неча баробарига чиқарадими? “Агар эрим вафот этса, болаларим оталарини сўнгги бор кўрганларидек хотирлайдиларми? Оталари ўғилларимнинг тасаввурида дилозор, жаҳлдор одам сифатида қоладими?” дея ўйлади. Эшикдан чиқаётиб яна бир бор болаларига овоз берди, бироқ бу гал юзларини юваётган кўз ёшларини яширадиган аҳволда эмасди. Эшикни очиб, ташқарига чиқар экан, қаршисида турган эрини кўриб жойида туриб қолди.

Эри хотинининг нам ёноқларига қараб:
- Янгиликларни эшитдингми? - дея сўради. Аёлнинг гапиришга ҳоли йўқ эди. Эркак хотинини бағрига босиб, ёноқларидаги кўз ёшларни артди.
Аёл қайғурли оҳангда сўради:
- Муҳим тадбирга кеч қолаётгандингиз, нега ортга қайтдингиз?
- Автоҳалокат кўз олдимда, шундоқ ёнгинамда содир бўлди. Ўша пайтда тадбирдан-да муҳим бир нарсани унутганимни хотирладим. Агар ўша ҳалокатда вафот этсайдим...

Шу пайт болалар ҳам ота-оналарининг ёнига келишди ва отасини яна жаҳли чиққан деган ўйдами, оналарининг ортига паналаб туришарди. Эркак астойдил жилмайиб болаларини ёнига чақирди. Ҳар иккаласини-да кўтариб, юз-кўзларидан ўпди, эркалаб, суйди.

- Мен бугун жуда катта хатога йўл қўйдим; уйдан чиқиб кетаётганимда сизларни қанчалик яхши кўришимни айтишни унутдим. Шундай муҳим иш ҳам унутиладими? Ортга қайтишимга сабаб бўлмайдими бу хатойим?..
Аҳмад Унал ЧАМ
Туркчадан Умида АДИЗОВА таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Катта хато