00:14 / 06.03.2019
4 767

Тоғларда ҳам қуёш бор

Тоғларда ҳам қуёш бор
Жасур афғон қизчасига
Бошқа манзилларда қуёш аллақачон нурини сочаётган бир вақтда Ҳиндикуш тоғлари орасида яшайдиган Зарғуналар ҳовлисига ҳали нур етиб келмаган бўлади. Атрофини тоғу тошлар қуршаб турган бу мўжазгина қишлоқда уйлар ҳам унча кўп эмас, одамлар қўл билан санарли.

Зарғуналарнинг кулбаси қишлоқнинг кираверишида жойлашгани учун бу ерга ташриф буюрган ҳар қандай ўткинчи уларникида меҳмон бўлади. Қизча эндигина ўн учга кирган бўлишига қарамасдан кўп нарсани билади. Масалан, бу ерда уддасидан чиқиш мушкул бўлган вазифа: ўқиш ва ёзишни. У жафокаш афғон халқини узоқ вақт мобайнида ўз исканжасига олган зулм ва жоҳиллик комидан, чангалидан фақатгина китоб, дафтар ва қалам қутқаради, дея ўйлайди.

– Отажон, мен мактабга кетдим, – деди қизча ҳар доимги қиладиган юмушларини бажариб бўлгач. Йўл-йўлакай Морийяни ҳам чақириб ўтаман.
– Қизим қўйсанг-чи, ахир Морийянинг отаси жоҳил одам. Бошингни балога қўйма, қўзичоғим.
– Отажон, мен ҳаракат қилмасам, сиз ҳаракат қилмасангиз, аҳволимиз не кечади? Бу камбағаллик ва қийинчиликлардан қандай қутуламиз? Укаларимнинг ўқишга эмас, қурол ишлатишга иштиёқлари баландлиги мени хафа қиляпти. Морийяга келсак, у ўқишни жуда хоҳлайди. Бироқ отасидан қўрқади. Қолаверса, у мендан ҳам қобилиятлироқ. Қорни нонга тўймаса ҳам зеҳни ўткир, фикри тиниқ.
– Бахайр қизим, эҳтиёт бўл дейман-да.

Зиёвуддин қизининг баъзида катталарнинг ҳам тафаккури етмайдиган мушоҳадаларидан таъсирланди. Аёвсиз қаршиликларга қарамасдан мактаб очганига хурсанд бўлди.

Зарғуна Морийяларнинг чодири олдида бир зум тараддудланиб қолди. Ичкаридан бақир-чақир овозлар келар, эркак кишининг сўкингани, аёлларнинг йиғи овози эшитиларди. Бирдан эшикдан Морийя отилиб чиқди. Зарғунадан хиёл тикроқ, кўзлари Ҳиндикуш оҳулариникидек беғубор ва ҳуркак, юзлари ним пушти бу тоғ қизининг ҳусни беқиёс эди. Морийя ўн тўртга тўлган, бироқ ёшига қараганда бўйи анча тикроқ кўринарди. Унинг кўзларига қараган Зарғуна қўрқиб кетди. Морийянинг кўзларида ёввойи бир исёнкорлик чўғланар, унинг ҳуши ўзида эмасди. Қиз югуриб бориб уни бағрига босди.

– Морийя, азизам сенга нима бўлди? Нега бунчалик эзиляпсан? Гапирсанг-чи? Нега мени қўрқитяпсан?

Ичкаридан югуриб чиққан Морийянинг отаси Бурҳониддинни кўриб Зарғунанинг гапи бўғзида қолди.
– Сен, итвачча қизимни йўлдан урдинг. Эрга тегиш ўрнига китоб қўлтиқлаб юришга бало борми? Аёлнинг вазифаси эрга итоат қилиб уйда ўтириш, кофирлар ёзган китобларни ўқиш эмас. Морийя эртага эрга тегади. Энди эса йўқол, пешонангдан дарча очиб қўймасимдан Зиёвуддиннинг ҳаромиси...

Ҳали она сути оғзидан кетмаган гўдак қизини тумуш гирдобига итқитмоқчи бўлаётган жоҳил отанинг гапларидан Зарғунанинг қўллари мушт бўлиб тугилди. Қизча бошини баланд кўтариб Бурҳониддиннинг кўзларига тик боқди ва шундай деди:

– Илмсиз ва маърифатсизлигингиздан шундай бепарда сўзларни гапираётирсиз. Агар заррача одамгарчилингиз бўлса, ҳали оғзидан она сути кетмаган қизингизни кимгадир чўриликка сотиш ҳақида ўйламаган ва ҳар нарсанинг вақти-соати борлигини англаган бўлардингиз.
– Ўчир овозингни,– ўшқирди Бурҳониддин. Зарғуна индамай Морийянинг қўлидан тутди.
– Иродали бўлишинг керак, Морийя. Сен истеъдодли ва кучли қизсан. Фақат енгилмасанг бўлгани мен сенга мактабда ўтилган дарсларни келиб ўргатиб тураман. Хафа бўлма.

Зарғуна энди кетаётганди, ичкаридан Морийянинг онаси чиқди. Унинг бир кўзи кўкарган, оғзининг четидан сизиб чиққан қон бўялиб кетган лаб бўёғидек бўхшов қотиб қолганди.

– Зарғун, жоним қизим, болагинамни қутқар. Биламан сен жасур қизсан. Уни қутқара оласан. Биласанми, у ўзини отиб ўлдирмоқчи бўлди. Отаси эса уни нариги қишлоқдан қўним топган ўзидан ҳам қари кишига назр қилмоқчи.
– Хавотир олманг, у ҳеч нарса қилолмайди. Зарғуна шундан бошқа сўз тополмади. Индамай автобус тўхтайдиган чайла ёнига юрди.

Атрофнинг гўзал манзараси, тоғ райҳону сунбулларнинг муаттар ҳиди кайфиятини кўтаргандек бўлди. Бироқ Морийянинг ғазабнок нигоҳлари ҳамон кўз олдидан кетмас, юраги безовта тепарди. Зарғунага шу куни дарс ҳам татимади. У фақат Морийяни қандай қутқаришни ўйлар, фикрлари чувалашиб ҳеч тутқич берай демасди. Қуёш Ҳирот уфқларига бош қўяётган чоғда Зарғуна ва мактабнинг бошқа ўқувчилари чиққан автобус қайтди. У китоб-дафтарларини ҳар эҳтимолга қарши кийимларига остига яшириб олганди. Қиз майин тоғ шабадаси ўйинқароқлик билан тортқилаб чодра тагидан чиқариб юборган тундай қора соч толаларини қайта рўмол тагига жойлади-да, кийимига қаттиқроқ ўраниб олди. Уйга етиб келганида, укалари очликдан тишларини ғижирлатиб ўтиришар, ҳудди уларнинг оч-наҳорлигига Зарғуна айбдордай унга нафрат билан тикилишарди.

– Санғиб юргандан кўра овқат тайёрласанг бўларди, опа. Қорнимиз пиёзнинг пўсти бўлиб кетди-ку. Китоб, дафтар билан қорнинг тўярмиди? – деди ундан бир ёш кичик укаси Камгар заҳархандалик билан.
– Ўзинг куни бўйи бекорчи нарсаларни ўйлагунча отамга ёрдам қилсанг бўларди. Ҳаёт фақат қорин тўйдириш дегани эмас-ку.
– Бошланди, – Камгар шундай деб юзини тескари бурди. Зарғуна отаси келгунича атала пиширди. Бирга овқатланишди. Укаларининг пишиллаб ухлагани эшитилгач, шамни олиб китоб ўқишга тутинди.
– Мактабни ёпишмоқчи, – деди отаси.
– Қачон?– Зарғуна хавотир билан отасига тикилди.
– Эртага.

Зарғуна туни бўйи ухлолмади. Ахир бор умиди шу мактабдан эди-ку. Уни ҳам ёпишса, нима бўлади? Яна ёвуз ниятли одамлар ғолиб келади. Қийинчилик ва ночорлик бор жойда болалар эрта улғайишади. Зарғуна ва унинг тенгдошлари ҳам ҳудди шундай шароитда ўсишаётганди. Бироқ уларнинг қарашлари турлича бўлгани учун ҳам қарама-қаршиликлар келиб чиқарди. Шунга қарамасдан Зарғуна ёруғ келажакдан умидини узмас, у ўқиган китобларда ажойиб мамлакатлар, болалар фақат ўйинчоқ ва китобларга муносиб кўриладиган ошиёнлар ҳақида сўз борарди.

Эрталаб укаларининг қорнини тўйдиргач, қулоғига чалинаётган йиғи овози уни сергак торттирди. Бу товуш дугонаси Морийяларникидан келаётган эди. Зарғуна жон ҳолатда ўша томонга югурди. Морийяларнинг кулбаси олдида уч-тўртта одам тўпланиб турар , ичкаридан унинг онаси юракни эзиб бўзларди.

– Оҳудек эрта ўққа учган болам-а, танасини совуқ тупроқ қучган болам-а...

Зарғуна югуриб овоз келаётган хонага кирди. Морийянинг онаси Хадича бўтадек бўзлар, ёнидаги аёллар эса унга қўшилишарди. Зарғуна киришга кирди-ю, нима қилишини билмай бир зум тараддудланиб қолди. Энди дугонаси Морийя йўқ. Энди улар бирга китоб ўқишмайди, эгри-бугри ёзилган ёзувларини бир-бирига кўрсатиб меники чиройли, меники, дея мақтанишмайди. Зарғунанинг бўғзига йиғига ўхшамаган аччиқ ва тахир нарса тиқилди. У кўпроқ армон ва изтироб омухтасига ўхшаб кетарди. Индамай бориб Морийянинг юзини силади. Унинг оҳу кўзларидаги “Менинг айбим нима эди? Мен ҳам одам боласи эдим-ку. Менинг ҳам барча қизалоқлар каби қўғирчоқ ўйнашга, сочимга оқ тасма тақиб, ёруғ ва чиройли синфхоналарда илм олишга ҳаққим бор эди-ку” деган ифодани фақат Зарғунагина ўқий олди. Балки унга шундай туюлгандир...
***
Зиёвудиннинг мактабни ёпишни рад этгани қимматга тушди. Оилавий шажараси асли темурийларга бориб тақаладиган бу киши ёшлигидан мактаб очиб, миллат болаларини билимли қилишни орзу қилар, кўпгина тўсиқларга қарамай нуфузли илм даргоҳларида таҳсил олиб қайтгач, шу орзусини амалга ошириб, бир ташландиқ бинода мактаб очганди. Кеча келган одамлар ундан мактабни ёпишни талаб қилишди. У фикрида қаттиқ туриб олгач, синфхоналардан бирига бостириб киришди. Дарсни бузмасликни сўраб, уларга “ақл ўргатган” ўқитувчини шафқатсизларча отиб ташлашди. Шундай қилиб у мактабни ёпишга мажбур бўлди.

Мактаб ёпилгач, Зарғуна бу ердан анча узоқроқдаги мактабга қатнай бошлади. Бу орада уни телевидениедаги кўрсатувлардан бирига таклиф қилишди. Чунки у бир сафар мактабларига ташриф буюрган элчига кўнглидаги бор гапларни тўкиб солганди. “Сен кўп куюнма. Яхши ўқи. Мен сенга албатта, ёрдам бераман” деганди ўша элчи. Кўрсатувда Зарғуна шундай деди: “Нафақат бизнинг мактабимиз, бошқа мактаблар ҳам очилиши керак. Болалар, қизлар китоб ўқишлари, савод чиқаришлари, ҳақ-ҳуқуқларини билишлари зарур. Ахир саводсиз яшаб бўлмайди.”

Мана бугун ҳам у автобусга чиқди. Қўлидаги эскириб кетган жилдга солинган китоб, дафтар ва қаламини маҳкам ушлаб олганди. Ёнида опасиникидек жилд кўтариб олган Камгар. Фарқи шундаки, унинг жилдида бир бурда нон ҳам бор. Автобуснинг бирдан тўхташи ҳаммани сергак торттирди. Бир тўда қуролланган одамлар ҳайдовчини судраб ерга туширишди. Қиз улар орасида Морийянинг отасини ҳам кўргандек бўлди.

Иккитаси автобус ичига кирди.
- Қайси биринг Зарғуна?
Қизнинг юраги шув этиб кетди. Бу одамларнинг нияти яхши эмаслиги аниқ.
- Менман.

У энди қўрқувни ҳис қилмас, бунинг ўрнини келажакка ишонч ва умид эгаллаганди. Шунинг учун ҳам босқинчиларнинг кўзларига тик боқа олди. Ўқ овози болаларнинг ақлини шоширди. Улар бу овозни кўп эшитишган, бироқ ҳамон ўрганишолмаган эди.Чексиз изтироб ва қўрқув исканжасидаги Камгар опажонлаб Зарғунага ёпишди. Қолган ўқувчилар ҳам изиллаб йиғлашар, агар мактабга қатнагани учун уни отишган бўлса деб, кўпчилиги ўқиш фикридан қайтиб қолишди. Зарғуна йиқилар экан, китоб-дафтарини маҳкам чангаллаб олганди. Ёруғлик эса у ҳали ўқиб улгурмаган китоб варақларидек сочилиб кетди...
Саида Ибодинова

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Тоғларда ҳам қуёш бор