
Афғонистон шимолида содир бўлган кучли зилзила оқибатида камида 20 киши ҳалок бўлди, 320 дан ортиқ киши турли даражадаги тан жароҳатлари олди. Маҳаллий Соғлиқни сақлаш вазирлиги вакилларининг маълум қилишича, қутқарув ишлари давом этар экан, қурбонлар сони ошиши мумкин.
Зилзила эпицентри Мозори Шариф шаҳри яқинида жойлашган бўлиб, ер қимирлашлари Марказий Осиёнинг кенг ҳудудларида, жумладан, Ўзбекистон, Тожикистон ва Қозоғистонда сезилган. Сейсмологик хизматлар табиий офатнинг магнитудаси бўйича турлича маълумот берди.
АҚШ Геология хизмати зилзилани 6,3 магнитудада баҳолаган бўлса, Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Республика сейсмопрогностик мониторинг маркази маълумотига кўра, Афғонистоннинг Саманган вилоятида, тахминан 30 километр чуқурликда жойлашган эпицентрда магнитуда 6,8 га етган. Энг катта зарар Афғонистоннинг Балх ва Саманган вилоятларида қайд этилди.
Зилзила нафақат турар-жой биноларига, балки тарихий обидаларга ҳам зиён етказди. Маҳаллий ОАВ хабарларига кўра, Мозори Шарифдаги машҳур Кўк масжид қисман зарар кўрган.
Ташқи фасаднинг баъзи қисмлари, жумладан, безакли плиткалар ва минорларнинг айрим қисмлари қулаган, аммо дастлабки маълумотларга кўра, асосий конструкциялар зарар кўрмаган. Тогларда кўчки содир бўлиб, Балх – Саманган автомагистралининг бир қисмини тўсиб қўйган ва бу қутқарувчиларнинг жабрланган ҳудудларга етиб боришини қийинлаштирмоқда.
Ўзбекистон аҳолиси ҳам ушбу зилзиланинг таъсирини ҳис қилди. Республика Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумотига кўра, энг кучли ер қимирлашлари Сурхондарё вилоятида қайд этилиб, у ерда 5 баллга етган.
Қашқадарё вилоятида ер қимирлашлари 3-4 баллни, Самарқанд, Жиззах, Навоий, Бухоро ва Сирдарё вилоятларида 3 баллни ташкил этди. Тошкентда зилзила кучи 2-3 баллдан ошмади.
Расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистон ҳудудида қурбонлар ва вайронагaрчиликлар қайд этилмаган. Ер қимирлашлари Қозоғистон жануби ва Тожикистоннинг айрим ҳудудларида ҳам сезилиб, аҳоли орасида хавотир уйғотди.
Бу Афғонистонда сўнгги пайтларда содир бўлган ягона вайронкор зилзила эмас. Жорий йил сентябр ойи бошида мамлакатнинг шарқида, Покистон чегараси яқинида 6 магнитудали зилзила натижасида 600 дан ортиқ киши ҳалок бўлган эди.
Афғонистон Ер юзасидаги энг сейсмик фаол ҳудудлардан бирида, Евроосиё ва Ҳинд тектоник плиталари кесишмасида жойлашган. Ушбу плиталарнинг ҳаракати минтақа, хусусан, Ҳиндкуш тоғлари ҳудудида тез-тез ва вайронкор зилзилаларга сабаб бўлади.
Афғонистондаги зилзила оқибатлари
Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар