Айни туш вақти, автогаз қуйиш шохобчаси. Машинадан тушиб, кутиш жойига кетаётсам, ёнимда ўралашиб юрган тиланчи қизалоқ ичкаридан чиқаётган ҳайдовчидан пул сўраш учун отилиб чиқди. Машина уриб юборишига сал қолганидан, бечора ҳайдовчининг рангида-ранг қолмади, қизча эса бепарвогина пул сўраяпти. Ҳайратда қолдим. Кутиш жойига бориб, таксимиз чиқишини кута бошладик. Атроф тўла одам, иккита бола йўловчилардан пул сўраб, тиланчилик қилишмоқда.
Мени ёнимга келиб:
“Опажон, озгина, нонга пул беринг, илтимос”, деб ялина бошлади. Қизчага бошдан-оёқ разм солдим. Бечоранинг сочлари, уст-боши, қўллари кир аянчли аҳволда, кўзлари жуда ҳорғин. Раҳмим келди. Пул бердим, лекин яна бошқалардан пул сўрай бошлади. Секингина ёнимга имладим. Исмини сўрадим, – Одина – деб жавоб қайтарди у. “Исминг чиройли экан, ким қўйган”, дея савол бердим. Дадаси жума куни туғилгани учун қўйганини айтди. Бу қизалоқ мени жуда ҳам қизиқтириб қўйди. Яна савол бердим. Сени қўлингдаги пул нонга етадими?
–Билмадим. Пулни онамга олиб бориб бераман. Агар кам бўлса уйга кирғизмайдилар, овқат бермайди. Бу ерда кимдир пул берса, яна кимдир егулик. Егуликни ейман, пулни эса уйга олиб бораман.
– Уйинг яқинми?
– Онам, ҳеч кимга айтма, деганлар. Айтсам, онам урушади, кеч тушгач, укам билан биргаликда қайтамиз.
– Ота-онанг нима иш қилади?
– Дадамни ўтган йили машина босиб кетиб, оламдан ўтган. Онамнинг оёқлари оғрийди, шунинг учун биз уйга пул олиб боришимиз керак. Опам уйда, онамга ёрдамлашади. Мен сентабрда маптакка бораман, ёзишни, ўқишни ўрганаман. Чиройли формалар кияман, кўп дугоналарим бўлади, улар билан ўйнайман.
– Неча ёшдасан?
– Олтига кирганман. Ёзда еттига тўламан.
– Онанг кийимларингни тозалаб, тикиб берсин, сочларингни ювиб-тарасин, айтгин!
– Бу саволларингизга жавоб беришни билмайман, эртага сўраб келаман.
– Келажакда ким бўлмоқчисан, орзуларинг борми?
– Она. Фарзандларини урмайдиган, пул топиб кел демайдиган, фақатгина рост гапирадиган она бўламан.
– Қайси касбни эгалламоқчисан, шифокорми, ўқтувчими ёки тикувчи? Қаерларга боришни хоҳлайсан?
– Мен чиройли кўйлакларни расмини чизадиган, тикадиган қиз бўламан. Ўзимга ҳар хил кўйлаклар тикиб оламан. Мазали тўртлар пиширишни ўрганаман, уларни мазза қилиб ейман. Укамга, опамга ҳам бераман. Дарахтда музқаймоқлар, канфетлар, овқатлар пишадиган жойга боришни хоҳлайман. Қани эди пул ҳам дарахтда пишса, зўр бўлар эди-да!
Қизалоқнинг бу гапларини эшитиб жуда ҳайратда қолдим. Машинамиз чиқиб келиши билан, биздан олдин автомобил ёнига югуриб борди. Қизалоқ ойнадан қараб, ҳайдовчидан “озгина, нонга” пул сўради. Амаки унга пул узатди, яна югуриб кетиб, бошқаларга тиланчилик қила бошлади. Йўл бўйи шу воқеа хаёлимдан кетмади. Наҳотки, болалардан пул топиш мақсадида фойдалинишаётган бўлса. Қайси она ўз фарзандини бунчалик хор қилиб қўйиши мумкин. Онам касал деб тиланчилик қилиш, унга кимдир ўргатмаса, ёш боланинг хаёлига ҳам келмайди.
Хўп оёқлари оғриётган бўлса, қўллари соғ-ку, ювинтириб, кийимларини тоза қилиб, тикиб қўйса бўлади-ку. Икки болани кўчага пул топиб кел, деб ҳайдаш, инсоннинг иши эмас. Ахир давлат томонидан уларга ўн олти ёшга тўлгунларига қадар нафақа пули тўланади, бундан ташқари, маҳаллада боқувчиси йўқ оилаларга ҳам алоҳида аҳамият берилади. Бечорани машина уриб юборишига ҳам бир баҳя қолди. Кўча-куйда, ҳатто автомобиллар серқатнов бўлган жойларда ҳам бемалол юриб тиланчилик қилишади. Ҳаёти ҳамиша хавф остида.
Ўзбекистон Республикасининг Конситуцияси, 64 модда: “Ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбурдирлар. Давлат жамият етим болаларни ва ота-оналарнинг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш тарбиялаш ва ўқитишни таъминлайди, болаларга бағишланган хайрия фаолиятлари рағбатлантирилади”.
Дилфуза АШУРБОЙ қизи
Манба: Qalamtarosh телеграм канали “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”